Жаҳон | 21:31 / 18.09.2018
7517
3 дақиқада ўқилади

Хитой Американинг қатор маҳсулотларига нисбатан божларни оширади

Фото: AFP 2018 / Johannes Eisele

Хитой 24 сентябрдан Американинг 60 миллиард долларлик маҳсулотларига савдо божлари миқдорини оширади, дейилади Хитой молия вазирлиги хабарида.

Янги божлар 5200 номдаги Америка маҳсулотларига нисбатан жорий этилади. Бу АҚШ томонидан Хитой маҳсулотларига нисбатан савдо божлари киритилишига жавоб чораси бўлади.

Хитой маҳсулотларига божлар киритилиши

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойнинг 200 миллиард долларлик маҳсулотларига 10% миқдорида бож тўлови жорий этилишини эълон қилди. Бу қарор 24 сентябрдан кучга киради, 1 январдан эса тарифлар 25%га ошади.
Шу билан бирга Америка етакчиси агарда Хитой жавоб чораларини кўрадиган бўлса, 267 миллиард долларлик маҳсулотларга бож жорий этишнинг учинчи босқичи бошланиши  мумкинлигини билдирди.  
Хитой тижорат вазирлиги бу ҳолатдан таассуф билдирди ҳамда Пекин Вашингтонга жавоб қайтаришга мажбур эканлигини маълум қилди.

Сайловларга таъсир ўтказишга уриниш

Трамп ўз қарорини изоҳлар экан, Хитой божлар орқали АҚШдаги сайловларга таъсир ўтказишга уринаётганлигини қайд этди.

"Хитой бизнинг фермерларимиз, ранчодаги ишчиларимиз ва саноатдаги ишчиларимиз менга хайрихоҳ бўлишгани учун уларга ҳужум қилиш орқали сайловларимизга таъсир ўтказиш ва ўзгартиришга астойдил уринаётганини очиқчасига билдирди. Аммо Хитой бу одамлар у узоқ йиллар давомида АҚШдан фойдаланиб келганини тушунадиган ажойиб ватанпарварлар эканлигини тушунмаяпти. Шунингдек, улар буни тўхтата оладиган ягона инсон мен эканлигимни ҳам билишади", — деб ёзди Трамп Twitter’да.

Америка раҳбари Хитойнинг бундай ҳаракатларига нисбатан "улкан ва тезкор иқтисодий таъсир бўлишини" ваъда қилди.

Жаҳон иқтисодиётига таҳдид

Хитойнинг Россиядаги элчиси Ли Хуэй ўз навбатида савдо урушлари глобал иқтисодий ўсишга таҳдид қилишини билдирди.
У АҚШ "узоқ йиллардан буён барқарор давом этиб келаётган" халқаро савдо тартибини бузиб Хитой билан савдо урушини "қўзғатганини" ва "бу билан жаҳон ҳамжамиятида глобал иқтисодиёт истиқболи борасида ташвиш уйғотганлигини" айтди.
"АҚШ унилатерализм тўқмоғини (бир томонлама ҳаракатлар) силкитиб кўплаб мамлакатларга нисбатан санкциялар жорий этди ва савдо урушларини келтириб чиқарди, бу глобал иқтисодий ўсишга таҳдид уйғотади ва ҳудудлар иқтисодиётини издан чиқаради", — деди дипломат.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид