Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳоли пунктларида газ тармоғидан узиш жараёни ҳали ҳам шаффоф эмас – Сенатор энергетика соҳасидаги муаммоларни санади
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида аҳолини табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаси муҳокама қилинди.
Сенатор Малика Қодирхонова парламент сўрови натижаси тўғрисида ахборот берди ва соҳадаги тизимли муаммоларни санади.
«Аҳоли пунктларида газ тармоғидан узиш жараёни ҳали ҳам шаффоф ва аниқ эмас. Бу газ таъминотчиси ва истеъмолчилар ўртасида турли низолар келиб чиқишига олиб келяпти. Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш ҳам кўзда тутилган. Айниқса, куз-қиш мавсумида узилишлар жуда ҳам кўп. Ҳудудларда кўмир деб, уларга кўмир эмас, кўмир кукуни – сифатсиз маҳсулот етказиб бериш ҳолатлари ҳам мавжуд. Табиий газ шартномаларини етказиб беришда мавжуд имкониятлар инобатга олинмаган.
Бундан ташқари, табиий газ таъминотидаги муаммолар ва аҳолининг табиий газга бўлган реал эҳтиёжларини аниқлаш юзасидан ўтказилган хатловлар, ўрганишларда бевосита жамоатчилик, истеъмолчилар иштироки, уларнинг фикрини ўрганиш, инобатга олиш талаб даражасида эмас», деди Малика Қодирхонова.
Мажлисда Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов аҳолига жорий йилда етказиб берилиши режалаштирилган кўмир, суюлтирилган газ статистикасини келтирди.
«Бу йил аҳоли ва ижтимоий объектларга 940 минг тонна кўмир етказиб берилади. Бу олдинги йилга нисбатан 180 минг тонна кўп. 386 минг тонна суюлтирилган газ, олдинги йилга нисбатан 115 минг тонна кўп. 9 млрд куб метр газ куз-қиш мавсумининг ўзида, бу олдинги йилга нисбатан 1 млрд куб метр газга кўп. Бу борада аниқ ишлар олиб бориляпти», деди вазир ўринбосари.
Мажлисда бу борада учраётган муаммо ва камчиликларга урғу берилди. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини табиий газ билан таъминлашда қатор камчиликлар сақланиб қолаётгани, табиий газ етказиб бериш шартномаларини тузишда газ таъминоти корхоналари томонидан табиий газни транспорт қилиш ва етказиб беришнинг мавжуд имкониятлари инобатга олинмаётгани, ҳудудларда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланмаган хонадонларни хатловдан ўтказиш ишлари сифатли ташкил этилмаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, аҳолини газ билан таъминлаш борасидаги камчиликлар ва муаммоларни аниқлаш мақсадида амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш талабларига жавоб бериши бўйича қайта кўриб чиқиш ишларнинг суст ташкил этилгани, аҳолининг табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни талаб даражасида таъминлаш мақсадида тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларининг талаб даражасида қайта кўриб чиқилмаётгани каби муаммолар бўйича амалий чоралар кўрилиши зарурлиги таъкидланди.
Мазкур масала маълумот учун қабул қилинди. Лекин ҳудудларда ушбу йўналишда мансабдор шахслар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳамда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Энергетика вазирлигининг ахборотини эшитиш таклифи билдирилди.
Мавзуга оид
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026
Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ ПА сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди
11:19 / 19.05.2026
Шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучаяди
21:46 / 18.05.2026