Ўзбекистон | 12:22 / 11.09.2020
6796
3 дақиқада ўқилади

Кичик тадбиркорларни ресурс солиғидан озод этиш учун яна 515 миллиард сўм ажратилади —​ Тимур Ишметов

Маҳаллий бюджетларнинг олинмай қолган даромадлари белгиланган тартибда республика бюджети ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан кичик тадбиркорлик субъектларини ресурс тўловларидан озод қилиш натижасида апрель-июнь ойларида 78 млрд.сўм қоплаб берилган ҳамда июль-декабрь ойларида яна 515 млрд.сўм ўтказилиб берилиши кутилмоқда.​ Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов Сенатда маълумот берди.

Ишметов давлат бюджетининг биринчи ярим йиллик ижроси ҳақида ахборот бериб, 2020 йилдан бошлаб автотранспорт воситаларини ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш йиғими маҳаллий бюджетларга қолдирилиши ҳисобига жойларда 186 млрд сўм қўшимча маблағ шакллантириш имкони яратилганини билдирди. ​

«Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш бўйича резервлар мавжуд бўлиб, йилнинг қолган ойларида солиқ ва молия идоралари биргаликда иш олиб боришади, масалан норасмий секторда, айниқса қурилиш соҳасида ишловчилар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини легализация қилиш йўналиши бўйича амалий чоралар кўрилади», —​ дейди у.

Вазирнинг қайд этишича, 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида маҳаллий бюджетларда умумий жиҳатдан олиб қаралганда 3 трлн. 346 млрд. сўм қўшимча маблағлар шакллантирилди. Ушбу маблағлар қуйидагилардан ташкил топди:

- йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари 1,8 трлн сўм;

- даромадларни прогноз кўрсаткичларидан ошириб бажарилган қисми 1,4 трлн сўм (жумладан,1-чоракда 744 млрд сўм, 2-чоракда 672 млрд сўм);

- давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни (мусодара) ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари 151 млрд сўм;

- давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобидан тегишли бюджетга тушган пул маблағлари миқдори 17 млрд сўм.

Шаклланган қўшимча маблағлар ҳисобидан жами 2,3 трлн. сўм тегишли Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари асосида турли тадбирлар учун йўналтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси ҳамда ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш харажатларига 794 млрд сўм, шундан:

- жойларда 138 км тоза ичимлик суви етказиб бериш учун 25 млрд сўм (Андижон вилоятида 7,6 млрд сўмга 56 км, Наманган вилоятида 5 млрд сўмга 20 км);

- 19 км оқава тизимларини таъмирлаш учун 2,2 млрд сўм;

- 251 км узунликдаги хўжаликлараро ички йўлларни таъмирлаш учун 60 млрд сўм (масалан, Тошкент шаҳрида 30,4 млрд.сўмга 58 км);

- 1 минг 18та, шундан 629та халқ таълими ва 389та мактабгача таълим муассасасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 138 млрд сўм (масалан, Андижон вилоятида 130та умумтаълим мактабга 33,7 млрд сўм, Сурхондарё вилоятида 176та мактабгача таълим муассасасига 10,2 млрд сўм);

- 384 та тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 87,5 млрд сўм (масалан, Фарғона вилоятида 30та тиббиёт муассасасига 20,4 млрд сўм);

- 758та бошқа бюджет ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 472,3 млрд сўм маблағ молиялаштирилди.

Шунингдек, ўтган йилларда «Обод қишлоқ»​ ва «Обод маҳалла»​ дастурлари доирасида юзага келган қарздорликларни қоплаш харажатларига 240 млрд сўм, ҳарбий маъмурий сектор жамғармасига 115 млрд сўм, ҳудудларни ободонлаштириш харажатларига 218 млрд сўм, 5 841 нафар кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб қувватлашга қўшимча 8,5 млрд сўм маблағлар йўналтирилди.​

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид