Ўзбекистон | 09:21 / 11.09.2020
2348
4 дақиқада ўқилади

Конлардан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш такомиллаштирилади

Нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилишни такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларига таъсирини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар:

нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимининг ташкилий-функционал тузилмаси;

нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Қуйидагилар Мониторинг тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш мақсадида мунтазам сейсмологик, комплекс геологик-геофизик ва космик геодезик кузатувларни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўламини прогнозлаштириш;

углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компанияларни нефть ва газ конларида сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига:

2020 йил 1 декабрга қадар эксплуатация қилинаётган нефть ва газ конларида Мониторинг тизими жорий қилиш учун конлар рўйхати шакллантирилади.

2021 йил 1 январдан:

умумий чекланган штатлар сони ҳамда йиллик харажатлар сметаси доирасида бошқарув аппаратлари, ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари тузилмаларига Мониторинг тизими доирасида белгиланган вазифаларни бажаришга масъул мутахассислар штат лавозимларини жорий этадилар;

республикада минтақавий, маҳаллий ва майдон даражаларида сейсмик хавфни, сейсмик таъсирни ва сейсмик рискларни баҳолаш бўйича масъул этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази билан келишган ҳолда Мониторинг тизимини жорий қилиш, тегишли кузатувлар ва тадқиқотлар ўтказиш бўйича хўжалик шартномаларни ўрнатилган тартибда тузадилар;

нефть ва газ конларида мониторинг тизимини жорий қилиш билан боғлиқ харажатлар йиллик харажатлар сметасида кўзда тутилади;

Мониторинг тизими тегишли кузатувлар ва тадқиқотлар ўтказиш учун рўйхатга кирган эксплуатация қилинаётган нефть ва газ конлари ҳудудида зарур шарт-шароитлар яратиб берилади;

Мониторинг тизими сўровномасига асосан тадқиқотлар учун керак бўладиган барча маълумотлар ўрнатилган тартибда тақдим этилади;

Мониторинг тизими жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда “Электрон ҳукумат” тизими доирасида шакллантирилган идоравий ахборот тизимлари функциялари такомиллаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда республика ҳудудида жойлашган нефть ва газ конларида мониторинг тизимини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда:

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида алоҳида ҳимояланган ахборот алмашинуви тармоғининг ўрнатилган тартибда ташкил этилишини ва узлуксиз ишлашини;

мониторинг тизимини “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси билан интеграция қилинишини таъминлайди.

“Электрон ҳукумат” ва рақамли иқтисодиёт тизимининг ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар хўжалик шартномаларида белгиланиши кўзда тутилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид