Ўзбекистон | 07:38 / 12.09.2020
14669
1 дақиқада ўқилади

Ишлаб чиқарувчилар суюлтирилган газни фақат биржа савдолари орқали сотадиган бўлади

Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар томонидан суюлтирилган газни сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да айтилган.

Қайд этилишича, ёқилғи-энергетика ва кимё саноатида ишлаб чиқарувчилар томонидан суюлтирилган газни сотишни фақат биржа савдолари орқали амалга оширишга ўтиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, гидроэнергетика соҳасида янги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, «Ўзбеккўмир» АЖни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, логистика тизимини такомиллаштириш учун темир йўл вагонларига онлайн ариза бериш тизимини қўллаш ҳамда шу орқали мурожаат ҳолатини кузатиш имкониятини жорий этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Навоий вилоятидаги Сангрунтов Актау конларида сланецли газни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни ўрганиш, давлат улуши иштирокидаги тармоқ корхоналарини инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда хорижий инвесторларга сотиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид