Ўзбекистон | 14:00 / 29.12.2020
3721
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги миллий академик театр қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатномасида 2021 йилда Ўзбекистоннинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш борасидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

«Келгуси йилда Ўзбекистонда маданий-маърифий ҳаётни юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 млрд сўм йўналтирилади.

Жумладан, 2021 йилда ҳудудларда 22та театр ва маданият объектлари қурилади ва реконструкция қилинади», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари мурожаати давомида Ўзбекистонда маданий ҳаётни яхшилаш борасида яна бир қатор таклифлар билан чиққан.

«Келгуси йилда Тошкент шаҳри марказида янги Миллий академик драма театри қурсак нима дейсизлар?» – дея йиғилишда қатнашаётган маданият ходимлари ва театр арбобларига юзланган президент.

Йиғилганлар эса унинг бу таклифни қарсаклар билан кутиб олган.

Мирзиёев ўз таклифини изоҳлар экан, бу лойиҳа устида анчадан бери ишланаётганини ҳам маълум қилган.

«Кўрасизлар, унга кирган одам миллий академик драма театри эканини дарров сезади», деган у.

Давлат раҳбарининг маданият ходимларига билдирган навбатдаги таклифи саноат музейини қуриш юзасидан бўлган.

Маълум қилинишича, янги саноат музейи машҳур япон архитектори Андо Тадао лойиҳаси асосида қурилади.

Мурожаатда таъкидланишича, 2021 йилда Ўзбекистонда янги замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номли ижод мактабларидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланган.

«Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб пойтахт марказида «Истиқлол» мажмуаси қад ростлайди», – деган Шавкат Мирзиёев.

Президент билдирган таклифлардан яна бири кўп йиллар давомида Тошкентда ўтказиб келинган «Тошкент Халқаро кинофестивали»ни тиклаш борасида бўлган.

У бу борада «Тошкент Халқаро кинофестивали»ни «Ипак йўли дурдонаси – Тошкент Халқаро кинофестивали» номи билан қайта тиклашни таклиф қилган.

Охирги йилларда Ўзбекистонда маданий мерос объектларига турли кўринишда зарар етказиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратган.

«Тарихий меросимиз намунаси бўлган 700 мингдан зиёд маданий-мерос объектларини асраб авайлаб келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур.

Афсуски, кейинги пайтларда бебаҳо меросимиз бўлган айрим обидаларимизга зарар етказиш ҳолатлари учраётгани бу борада эътибор сусаяётганидан далолат.

Бу иш нафақат маданият вазирлиги, балки маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, ОАВ ва кенг жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлиши ҳам зарур», – деган Шавкат Мирзиёев.

Президент бу борадаги ишларни тартибга солиш мақсадида ҳукуматга бир ой муддатда маданий мерос объектлари ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш вазифасини юклаган.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид