Спорт | 21:37 / 19.02.2021
6422
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» ва «Насаф» ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубоги Самарқандда ўтказилади

ПФЛ «Пахтакор» ва «Насаф» ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви Самарқандда ўтказилишини расман тасдиқлади.

«2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти»нинг 22.3-бандига асосан шу йилнинг 6 март санасида Ўзбекистон Суперкубоги учун учрашув ўтказилади.

Унда мамлакат чемпиони сифатида «Пахтакор» ва вице-чемпион сифатида «Насаф» клублари ўзаро саф тортади. Беллашув 16:00да старт олади.

Мазкур банд шартларидан келиб чиқиб, Суперкубок ўйини учун Самарқанд шаҳри танлаб олинди. Шаҳаргача етиб бориш шароити Тошкент ва Қашқадарё клуби мухлислари учун нисбатан тенг экани инобатга олинди. Регламентдан келиб чиқиб, мазкур беллашувда «Пахтакор» футбол клуби расмий мезбон ҳисобланади.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперкубок ўйинини ташкил этишда кўрсатаётган ёрдами учун Самарқанд вилояти ҳокимияти ҳамда «Динамо» футбол клуби раҳбариятига миннатдорчилик билдиради», - дейилади хабарда. 

Аввалроқ, Tribuna.uz сайти ПФЛ ишчи гуруҳи сешанба куни Самарқандда бўлиб, «Динамо» стадионини назоратдан ўтказгани ва Ўзбекистон Суперкубоги баҳси кўҳна шаҳарда ўтказилиши ҳақида хабар берганди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид