Жаҳон | 15:16 / 30.08.2021
9540
2 дақиқада ўқилади

Олимлар SARS-CoV-2 коронавируси ҳар ҳафтада мутацияга учрашини аниқлади

Инсон СOVID-19 билан бир неча ҳафтадан зиёд оғриса, вирус унинг организмида мутацияга учраши исботланди, деди тадқиқот муаллифларидан бири профессор Лоренс Ҳерст.

COVID-19 касаллигини чақирувчи SARS-CoV-2 коронавируси ҳар ҳафтада мутацияга учрайди. Бу ҳақда Буюк Британиядаги Бат ва Эдинбург университетлари генетиклари ўтказган тадқиқот хулосасида айтилмоқда.

Тадқиқот муаллифларининг ёзишича, коронавирусни ўрганган кўпчилик янги штаммларнинг пайдо бўлиш тезлигини баҳолашда кўплаб мутацияларни сезмаган. Уларнинг фикрича, кўпинча юз берган мутация вируснинг ўзига зарар етказиб, унинг яшаш имкониятини пасайтирувчи «салбий селекция» намуналари эътибордан қочирилган. Таъкидланишича, аксарият олимлар диққатларини янги штамм аввалгисидан кучлироқ имкониятга эга бўлган ижобий селекция намуналарига қаратган.

Тадқиқотда агар инсон СOVID-19 билан бир неча ҳафтадан зиёд оғриса, вирус унинг организмида мутацияга учраши исботланди, деди тадқиқот муаллифларидан бири профессор Лоренс Ҳерст.

У коронавируснинг алфа штамми узоқ вақт даволанган инсон танасида пайдо бўлганини эслатиб ўтди. Таъкидланишича, бу COVID-19нинг оғир шаклига чалинганлар изоляцияда бўлиши зарурлигини тасдиқлайди.

Тадқиқот Бат университетидаги Милнер эволюция маркази ва Эдинбург университетидаги тиббий тадқиқотлар кенгашининг инсон ирсияти бўлими ходимлари томонидан ўтказилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид