Спорт | 11:45 / 09.11.2021
10564
2 дақиқада ўқилади

«Грузия билан умуман бошқача ўйин бўлади». Элдор Шомуродов Иорданиядаги мағлубият сабаби, Моуриньо ва Катанец услуби ҳамда Грузия ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунлари доирасида 8 ноябрь кунидан Тошкентда ўқув-машғулот йиғинига киришди. Бугун, 9 ноябрь куни миллий жамоа сафига легионерлар ҳам етиб келишди. Миллий жамоанинг «Пахтакор» стадионида ўтказилган эрталабки машғулотида Tribuna.uz мухбири ҳам қатнашиб, Элдор Шомуродовнинг фикрлари билан қизиқди.

Фото: Tribuna.uz

- Элдор, йиғин доирасидаги рақиб Грузия миллий жамоаси ҳақида нима дея оласиз?
- Биринчи навбатда айтиш керак, Грузия – Европа жамоаси саналади. Шу боис уларни кучли рақиблардан бири дея оламан. Таркибида яхши ўйинчиларга эга жамоа. Биз учун фойдали ўйин бўлади. 

- Фаолиятингизда голсиз сериялар бўлган, сўнгги ўйинда эса яна гол уришга муваффақ бўлдингиз. Бу билан яна голли сериялар бошланди, деса бўладими?
- Энди ҳаммаси Худодан. Ҳар доим гол уриш учун майдонга тушиб, шунга ҳаракат қиламиз. 

- Мураббий ҳақида нима дея оласиз?
- Мистерми? Катанец билан ҳам ҳаммаси яхши, барча билан чиқишиб кетдилар. Ҳозир тайёргарлик кўряпмиз, машғулотлари ҳам қизиқ. 

- Иорданияга қарши мағлубиятли ўйин (0:3) муаммоларимизни тўлиқ кўрсатдими?
- Бундай демаган бўлардим. Чунки у ерда футболдан ташқари муаммолар ҳам бўлди. Тўғри, энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсата олмадик, аммо ўша ўйиндан ҳам керакли хулосаларни оламиз. Ҳозир аниқ айта оламанки, Грузия билан умуман бошқача ўйин бўлади.

- «Рома»да ҳам, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам европалик тажрибали мураббий қўл остида тўп сураяпмиз. Катанец ва Моуриньонинг ўхшашлик ва фарқли жиҳатлари нимада? 
- Ҳар бир мураббийни ўз ўйин услуби бор. Албатта, катта фарқ бор. Лекин миллий жамоада миллий жамоа учун, клубда клуб учун ҳаракат қиламиз, - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйини белгиланган. Учрашув Тбилисидаги «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши режалаштирилган.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид