Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АПЛда Конте – Клопп тўқнашуви, Ла Лигада «Атлетико»да жиддий синов, А Серияда «Милан» «Наполи»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Европа футболига яна коронавирус балоси кириб келди ва бир қатор ўйинлар номаълум муддатга қолдирилмоқда. Айниқса, Англияда бу кўпроқ сезилмоқда ва тур ўйинларининг қарийб ярми ўтказилмайди. Ҳатто футболни янги йилгача тўхтатиб туриш масаласи ўртада кўтарилмоқда ва бу ҳақда душанба куни клублар музокара ўтказадилар. Унгача эса маълум ўйинлар ўтказилади. Лекин майдонга тушадиган жамоалар ичида ҳам инфекция юқтирган футболчилар борлигини эътироф этиш керак. Испанияда эса «Реал»да вирус муаммоси чиқди, аммо регламентга кўра, агар жамоада камида 14 футболчи тайёр бўлса, учрашув қолдирилмайди.
Хуллас, Европа футболи кичик танаффусга чиқиш эҳтимолига яқинлашиб, ғаниматга айланиб қолиш арафасида. Шу туфайли, бу ҳафта имкон қадар кўпроқ учрашувларни томоша қилишга ҳаракат қилинг. Биз эса сизга танловда ёрдам берамиз.
АТАЛАНТА – РОМА (18 декабрь, 19:00)
«Аталанта»нинг А Сериядаги мағлубиятсиз серияси 10 учрашувга етди ва бунинг натижасида бергамоликлар учинчи ўринга кўтарилиб, чемпионлик пойгасига қўшилди. «Аталанта»нинг кейинги турлардаги рақиблари «Женоа», «Торино» ва «Удинезе» бўлиб, жамоанинг юриши янги йилгача давом этиши мумкин ва бунинг учун «Рома» қаршилиги синдирилиши керак. Ғалаба «Аталанта»ни вақтинча бўлса-да, яъни «Милан»нинг ўйинигача турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олади.
Римликлар сўнгги турларни ишончсиз ўтказиб, ҳатто Моуриньонинг истеъфоси ҳақида гаплар чиқа бошлаган бўлса-да, катта рақибларга қарши барибир «Рома» муносиб ўйин кўрсата олади. Жамоа таркиби ҳам, мураббий салоҳияти ҳам «Аталанта» билан тенг курашиш учун етарли бўлиши керак. Мағлубият «Рома»ни ҳатто 9-ўринга тушириб юбориш эҳтимоли ҳам бор.
«Рома» натижаларидаги пасайишни шунингдек, Лоренцо Пеллегринининг жароҳати билан ҳам боғлаш мумкин. Дастлабки 13 турда у 5 гол ва 2 ассистни амалга ошириб, жамоада бу борада энг яхши кўрсаткич қайд этаётганди. Режа бўйича у шу кунларда сафга қайтиши керак эди, аммо катта эҳтимол билан ушбу учрашувга тайёр бўлмайди. Лоренцодан ташқари «Рома» таркибида шунингдек, Эл Шаарави ҳам майдонга туша олмайди. «Женоа»да 2 гол уриб, кашфиёт бўлган Феликс Афена-Гьян эса «Специя»га қарши ўйинда майдондан четлатилгани учун дисквалификацияга эга. Мезбонлар таркибида эса янги жароҳатлар йўқ.
Ўзаро учрашувларга кўра, икки томондан тенгликни кўришимиз мумкин. Охирги 21 ўйинда ҳар икки томонда еттидан ғалаба ва етти дуранг. Ўтган мавсумда Бергамода ўтган учрашувда 4:1 ҳисобида майдон эгалари устун келганди.
ЛИДС ЮНАЙТЕД – АРСЕНАЛ (18 декабрь, 22:30)
Мавсумнинг 17-тури ўтган вазиятда «Арсенал» кучли тўртликда. Бундай ҳолат охирги марта Арсен Венгер даврида рўй берганди. Артета ниҳоят жамоасини Чемпионлар Лигаси ўринларига кўтара олди ва бу таҳсинга сазовор. Бу «Арсенал»нинг ўзига хослиги шундаки, жамоа кучли рақибларга қарши ўйинларда жуда ишончсиз ҳаракат қиляпти ва имкониятсиз мағлубиятга учраяпти. Шу билан бирга ўртамиёна ва аутсайдерларга қарши ўйинларда жамоа деярли очко йўқотмаяпти. Мана шу «фазилат» «Арсенал»нинг ушбу кўтарилиши учун етарли бўлмоқда ва агар давом этса, жамоа бемалол мавсумни кучли тўртликда тугатиши мумкин.
«Лидс» эса сўнгги ҳафтада бир-бирига ўхшамаган икки ўйин ўтказди. «Челси»га қарши муносиб ўйин ва салкам дурангга яқин бўлган «Лидс» «Этиҳад»да оғриқли зарба қабул қилди. Аммо шуни эътиборга олиш керакки, «Лидс» «Сити»га қарши ўйинда унинг бошқа рақибларидан у қадар кучсиз ўйин кўрсатмади, аслида бу ўйинда кўпроқ Пеп Гвардиола шогирдлари имкониятлардан тўғри фойдаланганини ҳам қайд этиш керак. Шунингдек, икки етакчи футболчи Бэмфорд ва Филипснинг йўқлиги ҳам Бьелса жамоасига салбий таъсир қилмай қолмаяпти. Хуллас, жамоа 17 ўйиндан сўнг атиги 16 очко жамғариб, 16-ўринда турибди. «Уотфорд», «Бёрнли» айниқса, «Ньюкасл» мавсум давомида ҳали кучайиши мумкинлигини инобатга олсак, «Лидс»ни АПЛ да қолиш учун жиддий синов кутиб турибди. Бунинг устига, «Арсенал»га қарши ўйиндан кейин жамоани «Ливерпуль» ва «Астон Вилла»га қарши ўйинлар кутиб турибди.
«Лидс»даги таркиб муаммолари юқорида саналган икки ном билан чекланмайди. Дэн Жеймс, Родриго, Струйк каби асосий таркиб футболчиларида ҳам жароҳатлар бор. Фирпо эса «Манчестер Сити»га қарши ўйинда майдондан четлатилгани учун ушбу ўйинда шерикларига ёрдам бера олмайди. «Арсенал»да эса сўнгги пайтларда жамоа етакчиси, аниқроғи собиқ етакчиси Обамеянг ҳақида кўп гапирилмоқда. У интизомий чоралар сифатида аввал сардорлик боғичидан маҳрум қилинди ва энди, «Лидс»га қарши ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Шунингдек, «Вест Ҳэм»га қарши ўйин қаҳрамонларидан бири бўлган Габриел Мартинеллининг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида.
СЕВИЛЬЯ – АТЛЕТИКО (19 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Икки ҳафта олдин бўлганида ушбу тўқнашув ҳафтанинг энг муҳим тўқнашувларидан бири бўлар, «Севилья» ҳам, «Атлетико» ҳам чемпионлик курашида илдам бораётган икки рақиб эдилар. Энди «Реал» шу даражада олдинга ўтиб кетдики, энди «Севилья» ҳам, «Атлетико» ҳам кўпроқ кучли тўртликдаги ўринлар учун қайғураётган бўлишса керак.
«Севилья» «Мальорка» ва «Алавес»га қарши ўйинларда очко йўқотди, «Атлетико» «Валенсия» билан дуранг ўйнаб, ўша «Мальорка» қаршилигини синдира олмади. Икки жамоа ҳам «Реал»дан навбати билан мағлубиятга учрашди ва мана шу позицияга етиб келишди. «Севилья» бу ўйинда уч очко қўлга кирита олмаса, ҳатто Андалусиянинг бошқа жамоаси – «Бетис» ҳам қўшниларини қувиб ўтиб, 2-ўринга кўтарилиб олиши мумкин. «Атлетико» эса умуман, ҳатто 6-ўринга тушиб кетиш хавфи бор. Аслида эса бу икки жамоадан биз чемпионлик учун жиддий курашни кутгандик.
Лопетеги жамоаси шунингдек, жароҳатлар гирдобида қолган. Ламела, Навас, Торрес, Сусо ва Эл Насири ушбу ўйинда майдонга туша олишмайди. Фернандо эса Бильбаодаги ўйинда мавсумдаги бешинчи сариқ карточкасини олди ва ушбу ўйин учун дисквалификация қилинди. «Атлетико» таркибида эса кўпроқ ҳимоя вакиллари ўтган турларда ёрдам бера олмаяпти ва ҳимоя марказида ҳатто Кондогбиа ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқда. Бу сафар ҳам ўзгариш йўқ. Трипье ҳам, Савич, Ҳименес, Врсалколар ҳам таркибда эмаслар. Бундан ташқари Антуан Гризманнинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида турибди.
«Атлетико» «Севилья» майдонида уч ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. Мадридликларнинг бу стадиондаги охирги ғалабаси 3 йил олдин содир бўлган ва ўшанда меҳмонлар Гризманнинг хет-триги ёрдамида 5:2 ҳисобида йирик ҳисобда устун келганди. Ўтган мавсумдаги ўйин тақдирини эса Акуна томонидан урилган ягона гол ҳал қилганди.
ТОТТЕНҲЭМ – ЛИВЕРПУЛЬ (19 декабрь, 21:30)
Юрген Клоппнинг Англия майдонидаги илк ўйини айнан «Тоттенҳэм»га қарши содир бўлганди. Ўшанда деярли тенг даражада бўлган икки жамоа тўқнашувида ҳисоб очилмаган. Кейинги икки ўйинда ҳам дуранг қайд этилган. Ана шундан кейингина, «Ливерпуль»нинг яққол устунлиги даври бошланди. АПЛдаги кейинги 10 учрашувнинг 8 тасида марсисайдликларнинг қўли баланд келди. «Тоттенҳэм» фақатгина бир ўйинда ғалаба қозонди. Бундан ташқари, жамоалар Чемпионлар Лигаси финалида ҳам рўбару келганини ҳам эслаш мумкин. Бу ўйинда ҳам Клопп ишончли ғалабага эришган.
Клопп учун алоҳида ўрин тутадиган ушбу рақиб майдонидаги бу ўйин ҳам ўзига хос эътиборга арзийди. Яна бир нотабиий томони, «Тоттенҳэм» қарийб икки ҳафтадан бери майдонга туша олгани йўқ. Ковид туфайли, жамоанинг «Брайтон» ва «Лестер»га қарши ўйинлари қолдирилди. Бу масала юзасидан Клопп ҳам матбуот анжуманида фикр билдириб, рақибга қарши қандай тайёрланишни билмаслигини алоҳида таъкидлади. Ростдан ҳам, «Тоттенҳэм» бу давр мобайнида қай даражада машғулот ўтади, айнан қайси футболчилар касалликка чалинган, қайси футболчилар карантинда, аниқ маълумотлар йўқ. Фақат Дэвис, Хилл, Скарлет, Эмерсон, Сон, Моура ва Скип каби футболчиларнинг шу ўтган вақт мобайнида вирус юқтиргани аниқ холос. Бу таркибдан кимлардир машғулотларга қайтгани ёки қайсидир бошқа футболчи ковид юқтиргани номаълум. Бундан ташқари, Регилон ва Ромеро каби ҳимоячилар жароҳат туфайли бу ўйинни ўтказиб юборадилар.
«Ливерпуль» эса ҳар бир турда майдонга тушаётгани учун кимлар ковид юқтириб олгани ҳақида биламиз. Жонс, Ван Дейк ва Фабиньо. Бундан ташқари Ориги ҳам жароҳат туфайли меҳмонларга ёрдам бера олмайди. Хуллас, мана шундай шароитлар остида «Ливерпуль» чемпионлик, «Тоттенҳэм» эса кучли тўртлик учун курашини давом эттиришга мажбур бўлмоқда.
Агар қолдирилган ўйинларни бир четга сурсак, «Тоттенҳэм» Антонио Конте қўл остида 4 ўйин ўтказиб, бир дуранг ва қаторасига уч ғалабага эришганини эътироф этиш лозим.
МИЛАН – НАПОЛИ (20 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Айтиш мумкинки, «Милан» ва «Наполи» А Сериядаги сўнгги ҳафталарнинг энг омадсиз жамоаларидир. Атиги бир ойча олдин бу икки жамоа бошқалардан қарийб 10 очкога ўзиб кетган ҳолда, чемпионлик масаласини ўзаро ҳал қилаётгандек кўринган эдилар. Ҳозир эса уларнинг бирортаси ҳам 1-ўринда эмас, бу ўйинда мағлуб бўлгани эса ҳатто 4-ўринга тушиб кетади.
«Интер» кеча «Салернитана» устидан йирик ғалабага эришди ва пешқадамликни мустаҳкамлаб олди. «Аталанта» ҳам агар ғалаба қозонишда давом этадиган бўлса, 2-ўринга кўтарилиб олиши мумкин. «Наполи» мағлубиятга учраса, пастдан етиб келаётган «Фиорентина» атиги 3 очколик масофага келиб қолади. Ким ўйлабди дебсиз.
Ўзаро ўйинлар бўйича сўнгги йилларда «Наполи» устунроқ, аммо ўтган йили ҳар икки ўйинда ҳам меҳмон жамоа устун келган эди. Ундан олдинги мавсумда эса ҳар икки учрашув дуранг билан якунланган. Умуман «Милан» ўз майдонида «Наполи» устидан А Серияда олти ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. Мезбонларнинг Миландаги охирги ютуғи 2014 йилда содир бўлган эди. Қизиғи, ўша ўйинда миланликлар таркибида майдонда ҳаракат қилган ва захирада ўтирган футболчилардан бирортаси ҳам ҳозир «Милан»да эмас.
Албатта, юқорида айтиб ўтилган муваффақиятсиз палла, турнир жадвалидаги позициялар бой берилишида объектив сабаблар етарли. Жумладан ҳар икки жамоада ҳам жароҳатланганлар жуда кўп. Мезбонлар Ребич, Калабрия, Леау каби футболчилар ёрдамидан фойдалана олишмаяпти. Бунинг устига Симон Кьер Генуяда оғир жароҳат олди ва мавсум охиригача сафдан чиқди. Тео Эрнандес ковид юқтириб олган ва бу ўйинга тайёр бўлиши сўроқ остида турибди. «Наполи» сафида айтиш керакки, йўқотилганлар бирин-кетин қайтишмоқда. Ангисса, Политано каби футболчилар «Эмполи» билан ўйинда захирадан тушишди, Манолас ва Гулям захира ўриндиғида пайдо бўлишди. Асосий ўйинчилардан фақат Кулибали ҳали тиклангани йўқ, Осимхен яна икки ой сафга қайта олмайди. Аммо Зелински «Эмполи» билан ўйиннинг 22-дақиқасида жароҳат олиб, алмаштирилганди. Унинг қай даражада жароҳатлангани номаълум.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
18 декабрь. Болонья – ЮВЕНТУС (22:00), БАРСЕЛОНА – Эльче (22:30), Ҳерта – БОРУССИЯ Д (22:30)
19 декабрь. Вулверҳэмптон – ЧЕЛСИ (19:00), Атлетик – БЕТИС (20:15), РЕАЛ – Кадис (20 декабрга ўтар кечаси, 01:00).
Мавзуга оид
22:18 / 01.04.2026
Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»да учинчи марта ойнинг энг яхши футболчиси бўлди
12:16 / 23.03.2026
Мадрид дербисида “Реал” устун келди, “Барселона” минимал ҳисобда ғалаба қозонди
16:00 / 19.02.2026
Англияда пойга бошланди. «Арсенал»га нима бўляпти?
23:09 / 06.02.2026