Жаҳон | 19:46 / 23.09.2022
8469
2 дақиқада ўқилади

БМТ комиссияси Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари ҳақида маълумот берди

Экспертлар Россия оккупациясидан озод қилинган регионларга ташрифи давомида тинч аҳолига нисбатан кўплаб тазйиқлар ўтказилганини аниқлашган.

Фото: Reuters

БМТ комиссияси Россия қўшинларининг Украинадаги ҳарбий жиноятлари ҳақида маълумот берди. Бу жиноятлар қурбонлари 4 ёшдан 82 ёшгача бўлган. Бу ҳақда комиссия раҳбари Эрик Мёсе айтди. 

Dpa агентлигининг хабарига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар ўтказган суриштирув 2022 йилнинг феврал-март ойларига тўғри келади.

Экспертлар Россия оккупациясидан озод қилинган регионларга ташрифи давомида тинч аҳолига нисбатан кўплаб тазйиқлар ўтказилганини аниқлашган. Ҳозирда яна 16та жойда суриштирувлар олиб борилмоқда, дейилади ҳисоботда.

"Гувоҳлар ноқонуний қўлга олишлар чоғидаги мунтазам қийноқлар ва қўпол муносабатлар ҳақида хабар беришмоқда", - деди Мёсе.

Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, уларнинг айримларини Россияга олиб кетишган ва бир неча ҳафта ушлаб туришган. 

Комиссия шунингдек, украиналик ҳарбийлар томонидан россиялик аскарларга нисбатан зўравонлик ишлатилган иккита ҳолатни қайд этишган. 

"Тўпланган далиллар асосида комиссия Украинадаги уруш вақтида ҳарбий жиноятлар содир этилган деган хулосага келди", - деди Мёсе.

Мазкур жиноятлар бўйича якуний ҳисобот 2023 йилнинг мартида тақдим этилиши режалаштирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид