Хитой Пентагондан 10 баравар катта қўмондонлик маркази қурмоқда
У ерда ядровий уруш бўлган тақдирда яшириниш учун бункерлар ҳам бўлади.
Хитой ҳукумати Пекин яқинида йирик ҳарбий мажмуа барпо этмоқда, Америка разведкасига кўра, ундан уруш даврида қўмондонлик маркази сифатида фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ҳақда 30 январ куни Британиядаги Financial Times газетаси америкалик ҳозирги ва собиқ расмийларга асосланиб хабар тарқатди.
Нашр сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилган, уларда Пекиндан 30 километр жануби-ғарбда, 1500 акр майдонда (олти километр квадратдан кўпроқ) қурилиш ишлари олиб борилаётгани кўрсатилган. Тасвирларда чуқурликларни кўриш мумкин, FT бундай жойларда мустаҳкамланган бомбапанагоҳлар — қўмондонлик учун бункерлар бўлишини тахмин қилган.
Хитойлик тадқиқотчилардан бирининг фикрича, бу қурилиш — «махфий ҳарбий объект» эканининг «барча белгилари» мавжуд. Унинг айтишича, анча чуқурликда туннеллар қурилиши учун ишлатиладиган темир бетонлар борлиги ҳам шунга ишора қилмоқда. Объект ҳажми — Пентагонникидан 10 баравар кўпроқ — «бу Си Жинпингнинг АҚШдан ўзиб кетиш амбицияларига мос келади».
«Бу қалъа фақат бир мақсадга хизмат қилади — Хитойнинг янада ривожланаётган ва кучайиб бораётган қуролли кучларининг қиёмат куни бункери бўлишга», — деган тадқиқотчи.
Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар таҳлили кўрсатишича, ҳарбий комплекс қурилиши ишлари 2024 йил ўрталарида бошланган. Бу вақтда хитойлик ҳарбийлар бошқа лойиҳалар, жумладан, янги қуроллар яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда. FT қайд этишича, 2027 йилда Хитой Халқ-озодлик армияси ташкил этилганининг юз йиллиги нишонланади. Америка разведкаси маълумотларига кўра, ХХР раиси Си Жинпинг хитойлик ҳарбийларга бу санагача «Тайванга ҳужум қилиш салоҳиятини ўстириш» бўйича кўрсатма берган.
FT маълумотига кўра, Хитой интернетида қурилиш ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Шу билан бирга, қурилиш майдони қаттиқ қўриқланмоқда: объектни суратга олиш, унинг устидан дронлар учириш тақиқланган. Қўриқчилар, шунингдек, қурилиш майдони раҳбарларидан бири ҳам бу ерда айнан қандай иншоот қурилаётгани борасидаги саволга жавоб беришни истамаган. Маҳаллий тадбиркорлардан бири қурилиш ҳудудини «ҳарбий зона» сифатида таърифлаган.
Америка разведкасининг юқори мартабали мулозимларидан бирига кўра, Хитой халқ-озодлик армиясининг Пекиндаги ҳозирги штаб-квартираси нисбатан янги, аммо шу билан биргаликда, у уруш даврида хавфсиз қўмондонлик маркази бўлиши учун лойиҳалаштирилмаган. Ҳозирда қўмондонлик маркази Пекин шимоли-ғарбидаги Сишан тоғида жойлашган. Янги комплекс ҳажми, кўлами ва чуқурлиги эса айнан у армиянинг ҳозирги штаб-квартираси ўрнига қурилаётганини кўрсатади.
«Агар маълумот тасдиқланса, ҳарбий раҳбарлар, жумладан, Марказий ҳарбий кенгаш раиси Си Жинпинг учун янги замонавий ер ости қўмондонлик бункери Пекин нафақат жаҳон даражасидаги қуролли кучларни, балки илғор ядровий жанговар салоҳиятни ҳам яратмоқчилигидан далолат беради», — дейди МРБнинг Хитой бўйича таҳлил бўлими собиқ бошлиғи Деннис Уайлдер.
Financial Times агентлигининг Тайван мудофаа вазирлигига яқин икки манбаси ҳам Хитой армияси янги қўмондонлик маркази қурмоқда деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, айрим экспертлар бу ҳудуд бункерлар қурилиши учун мослигига шубҳа билдирган.
ХХРнинг Вашингтондаги элчихонаси «тафсилотлардан хабардор эмаслиги»ни билдириб, Хитой «тинч ривожланиш йўли ва мудофаа характеридаги ҳарбий сиёсат» тарафдори эканини қайд этган.
Мавзуга оид

20:52 / 22.03.2025
Кўп қутбли дунё тартиботи: бу Ўзбекистон учун имкониятми ёки таҳдид?

19:42 / 22.03.2025
Хитой ҳам Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш ҳақида ўйламоқда

16:23 / 22.03.2025
Хушбоқ Раҳимов ва Тиан Шучун «Дўстлик» ордени билан мукофотланди

22:49 / 21.03.2025