“Коррупциявий туйнук”ларни таг-томири билан йўқ қилиш чораларини кўрамиз - бош прокурор
Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқди.

Фото: Видеодан кадр
Унга кўра, энди барча куч ва воситалар жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қилинади.
Ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътибор кучайтирилади, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизими жорий қилинади.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
“Жиноятга жазо муқаррар”лигини таъминлаш, жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари янада кучайтирилади.
Тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.
Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади.
Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чоралари кўрилади.
Айбланувчиларга эҳтиёт чорасини қўллашда адолатни таъминлаш, ҳимоя ҳуқуқини мустаҳкамлаш, адвокатлар фаолиятига тўсқинликларни бартараф этиш прокурорларнинг алоҳида эътиборида бўлади.
Бундан буён прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситалар коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади.
Бу борада барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борилади.
Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чоралари кўрилади.
Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача борилади, ҳар бир соҳага чуқур кирилади.
Соҳа ва ҳудудлардаги “коррупциявий туйнук”лар аниқланиб, уларни таг-томири билан йўқ қилиш бўйича манзилли чоралар кўрилади.
Бу борада тегишли вазирлик ва идоралар билан коррупциявий омилларни биргаликда бартараф қилиш бўйича йўл хариталари ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда, уларнинг ижроси назоратга олинади.
Бюджет маблағлари, жумладан субсидия ва бошқа кўринишдаги давлат кўмагининг сарфланиши, давлат харидлари, хизмат кўрсатиш жараёнлари, умуман, аҳоли кўп дуч келадиган соҳаларда турли суиистеъмолчилик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш диққат марказида бўлади.
Мавзуга оид

20:15 / 12.06.2025
Пасайишлар кўтарилишлардан кўп: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгаряпти?

18:36 / 11.06.2025
Аргентина собиқ президенти Кристина Киршнер 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинди

16:44 / 04.06.2025
Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

15:13 / 02.06.2025