Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский президент офиси раҳбари лавозимига номзодларни маълум қилди
Украина мудофаа вазири Шмихал, Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Федоров, Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари Буданов, президент девони раҳбарининг ўринбосари Палиса ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Кислица — Зеленский томонидан Андрей Ермак ўрнига президент офиси раҳбари лавозимига кўриб чиқилаётган номзодлар.
Фото: REUTERS/Louisa Gouliamaki
Украина президенти Володимир Зеленский душанба, 8 декабр куни онлайн-брифингда президент девонининг истеъфога чиққан раҳбари Андрей Ермак ўрнига кўриб чиқилаётган номзодларни маълум қилди. Украина ОАВ хабарига кўра, улар орасида Украина мудофаа вазири Денис Шмихал, Рақамли трансформация вазирлиги раҳбари Михаил Федоров, Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов, президент девони раҳбарининг ўринбосари Павел Палиса ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица бор.
Зеленский таъкидлашича, Шмихал ва Федоров номзодлари билан боғлиқ “қийинчилик” шундаки, уларни янги лавозимга тайинлашдан олдин Радa ҳозирги мансабидан озод этиши керак бўлади. «Ва бу ерда шу нарсани истамайсанки, худди ўша “Женга” ўйинидагидек бўлиб қолса: битта детални суғуриб олсанг — ҳаммаси емирилиб тушади», — деб тушунтирди Украина раҳбари.
У, шунингдек, рақамли трансформация вазирлигида «Федоров ўрнига ким бўлиши мумкинлигини билмаслигини» қўшимча қилди. Шмихал номзоди ҳақида сўзлар экан, Зеленский Мудофаа вазирлиги «биринчи рақамли устувор йўналиш» эканини таъкидлаб, «Рада унинг (Шмихалнинг) ўрнига мудофаа вазири лавозимига муносиб номзод топа олиш-олмаслигига ишончимиз комил эмас», деди.
Зеленский сўзларига кўра, худди шундай муаммо Кирилл Будановни президент девони раҳбари этиб тайинлаш масаласида ҳам пайдо бўлади. «Буданов разведкага бошчилик қилади, ГУР — жуда муҳим йўналиш. У ҳар бир номзод сингари президент девони раҳбари бўлиши мумкин, лекин ўйлаб кўриш керак: ахир у ҳозир разведка билан шуғулланади, демак, у ҳолда ГУРда унинг ўрнини ким эгаллашини аниқлаб олиш лозим», — дея Украина президентининг фикрларини келтиради «Укрiнфо» агентлиги.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Павел Палиса — «жуда яхши ҳарбий». «У айнан шу йўналишни жуда яхши билади. Мен ишонаманки, вақт ўтиши билан у бошқа масалаларни ҳам пухта ўзлаштиради, аммо ҳозирча, менимча, унга шу жиҳатлар сал етмайди, у яна уруш билан боғлиқ масалаларга чалғиб қолиши мумкин», — деб тушунтирди Украина президенти.
28 ноябр куни Владимир Зеленский аввалги президент девони раҳбари Андрей Ермакни вазифасидан озод этди. Бундан олдин Ермак коррупция можароси ва уйида ўтказилган тинтувлар фонида истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзган эди.
Андрей Ермак 2020 йил феврал ойидан бери Украина президенти девонини бошқариб келарди. У Зеленскийнинг энг муҳим ҳамкорларидан бири, давлат раҳбаридан кейин мамлакатда таъсир кучига кўра иккинчи шахс сифатида кўриларди.