Ўзбекистон | 15:21 / 06.01.2026
1579
2 дақиқада ўқилади

Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиёти 20 фоизга туширилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли мурожаатларини маҳаллий даражада ҳал этиш самарадорлигини ошириш, ННТ иштирокини кенгайтириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш ҳамда кибержиноятчилик ва айрим жиноят турларини камайтиришга қаратилган кўрсаткичлар белгиланган.

Фото: Getty Images

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини ошириш вазифаси назарда тутилмоқда. Жумладан, мурожаатларнинг камида 80 фоизи маҳаллий даражада қаноатлантирилишини таъминлаш мақсад қилинган.

Шунингдек, эркин фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ҳабга айлантириш вазифалари қайд этилган. Ушбу йўналишда давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Стратегия лойиҳасида Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантирилиши белгилаб қўйилган. Хусусан, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 50 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Жиноятчиликка қарши кураш йўналишида кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улушини 43 фоизгача камайтириш, ёшлар томонидан содир этилаётган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни камида 4 фоизга, аёллар томонидан содир этилаётган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни эса камида 5 фоизга камайтириш кўрсаткичлари белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид