Россиялик ҳарбийлар 3 февралга ўтар кечаси ракеталар ва дронлар қўллаган ҳолда Украина шаҳарлари бўйлаб зарбаларни давом эттирди. Украина расмийларига кўра, ҳужумнинг асосий нишонлари ўта муҳим инфратузилмалар, хусусан, энергетика объектлари бўлган. Зарбаларнинг асосий йўналишлари Киев, Харкив, Одесса, Днипропетровск ва Винница областлари бўлди, дея хабар берган Украина қуролли кучлари расмийси Юрий Игнат.
У Россия «жуда ва жуда кўп баллистика» қўллагани, баллистик траектория бўйлаб учган жами 70 дан ортиқ ракета учирганини айтган. Бундай ракеталарни эса уриб тушириш қанотли ракеталар ёки дронларни уриб туширишга қараганда анча қийин ҳисобланади.
Украина энергетика ҳолдинги ДТЭК мамлакат энергетика инфратузилмасига ҳужумларни йил бошидан буён кузатилган энг кучли ҳужумлар деб баҳолади. «Зарбалар Киев, Харкив ва Днипрони иситиш режимида ишлаётган иссиқлик электр марказлари ва иссиқлик электр станцияларига берилди. Иссиқлик электр станциялари жиддий зарар кўрган», – дея қайд этган компания.
Киевда ҳужумлар туфайли электрни режали ўчириш режими жорий этилган. Дарницкий ва Днипровский районларининг катта қисми иссиқликсиз қолди, деб хабар берган шаҳар раҳбари Виталий Кличко. Жами 1170 та кўп қаватли турар жой бинолари иссиқликдан узилган.

РФ ҳарбийларининг янги ҳужуми Украинада совуқ кучайиши фонида рўй бермоқда: Киевда бу кеча ҳаво ҳарорати –20 даражагача пасайганди. Бундай совуқ ҳаво камида ҳафта ўртасига қадар сақланиб қолиши прогноз қилинган.
Россиялик ҳарбийлар сўнгги бир неча кун мобайнида Украина энергетика тизимига ёппасига ҳужум қилишдан тийилиб турганди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг илтимосидан кейин шундай қарор қабул қилганди.
Ўтган ҳафтада Песков Украинадаги энергетика объектларига зарбалар беришга қўйилган мораторий 1 февралгача амал қилишини айтганди, аммо амалда «энергетика сулҳи» бир кун кўпроқ давом этди – Украина президенти Володимир Зеленский ҳам 2 февралгача энергетика объектларига мақсадли кенг кўламли ҳужумлар қайд этилмаганини айтди.
Песков қайд этганидек, «энергетика сулҳи» «Абу-Дабидаги музокаралар учун қулай шароитлар» яратиш мақсадида эълон қилинганди – музокараларнинг навбатдаги босқичи аввалига 1 февралга режалаштирилганди, кейинроқ муддат 4-5 феврал кунларига сурилди.









