Бир она ноумид бўлмасин, бир бола ҳаётдан баҳра олсин. Мусофирчиликда юрган она-болага ёрдам берайлик
15:42 / 11.12.2017
37094

Ҳар бир фарзанд ота-она учун қадрли ва бу дунёдаги борлиғидир. Бу - миллат, дин ва эътиқод танламас улкан туйғудир. Ҳатто Аллоҳ томонидан яратилган барча мавжудотда ана шундай хислат бор-ки, бу дунёни тебрантириб турган куч ҳисобланади.

Таҳририятимизга бир аёл мурожаат қилди. Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида истиқомат қилувчи Саитова Зулайҳо Равшановнанинг 2008 йил 15 июль куни туғилган ўғли Жўраев Улуғбек жиддий дард билан олишмоқда. Гап шундаки, жорий йилнинг июнь ойида Улуғбекнинг тоби қочиб қолади. Иситмаси кўтарилади, оёқ-қўлларида оғриқ кучайиб, лимфа безлари катталашиб кетади. Бунинг натижасида ҳолсизлик бола бечорани ётқизиб қўяди. 

“Шундан сўнг ўғлимни олиб Қарши шаҳрида жойлашган Гематология марказига олиб бордим”, деб ҳикоя қилади она. “У ерда бир қанча анализлар топширдик. Лимфалари катталашган, шу сабаб томоғи оғрибди, деб антибиотик дори-дармонлар ёзиб беришди. Даволатдик, лекин фойдаси билинмади. Аҳволи янада оғирлашиб, ранглари оқариб кетди”.

Шундан сўнг она ва бола пойтахтга келишади. Уларга гематолог консултацияси керак дейишади. Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига келинади ва у ерда анализ топширилади. Болага “Ўткир лимфобластли лейкоз” ташхиси қўйилади.

“Бласт ҳужайралар 96 фоиз экан. Бизни онкогематологиянинг 1-болалар бўлимига ўтказишди. Боламнинг қони таркибида тромбоцитлари йўқ бўлгани учун баданида кўкаришлари бор эди. Россияга анализ юборилди, у ердан ҳам худди шундай жавоб келди. 2 марта тромба олди, 2 марта қон ва плазма қўйилди. У ерда 6 марта люмбали (орқа мияга, яъни умуртқасига) кимётерапия қилинди. Кучли антибиотиклар юборилди. 

Келган вақтимизда аҳволи жудаям оғирлиги учун 45 кунлик чақалоғимни онамга қолдириб шифохонага ётдим. Шифокорларнинг саъи-ҳаракати билан ўғлимнинг аҳволи яхши томонга ўзгарди. Ўзининг организми қон ишлаб чиқара бошлади”, дейди она. 

Зулайҳо опа берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Улуғбекни кундузги бўлимга ўтказишган. Шифокорларнинг айтишига кўра, бола кундузги бўлимда консолидацияни давом эттириш керак экан. Консолидация жараёни 3 курс бўлиб, 1 ярим йиллик қўллаб-қувватлови бор экан. Даволаниш муддати 2 йилни ташкил қилар экан.

Зулайҳо опа ўз фарзанди, бу дунёдаги бойлиги – азиз фарзанди учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда, бир она ўз жигарбанди учун нима қилиши лозим бўлса, сўзсиз адо этмоқда. Аммо у шу кунларда моддий томондан жуда қийналиб қолган. Аёлнинг айтишича, Улуғбекнинг яна иккита сеанси қолган бўлиб, уларнинг ҳар бири 15 миллион сўм туради. Бундан ташқари, унинг бошқа даволаниш курслари учун яна маблағ талаб этилади. Она саховатли инсонлар кўмагига муҳтож. Унга ёрдам қўлини чўзайлик. Бир аёлнинг фарзанди соғлом ҳолда бағрига қайтишига кўмакчи бўлайлик.

Хайрия акциясида қатнашган барча Азизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Улуғбекка очилган хайрия акцияси ўз якунига етди.


Улашинг
Top