Kun.uz сайти томонидан оғир бемор ва ёрдамга муҳтож инсонларга уюштирилаётган хайрия лойиҳалари кимгадир эриш туюлиши мумкин. Баъзи ўқувчиларимиз бундан таажжубланаётгани ҳам бор гап.

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, нашримизга кимдир алоқага чиқади ва кўмак сўрайди. Ўша инсон жуда  аянчли ҳолатда эканини ёки фарзанди оғир дард билан ётганини айтиб, дилини ёради. Унинг юрагида агар ҳаракат қилсам, уринсам болажоним яшаб қолади деган УМИД дея аталмиш туйғу бор. Мана шу яхши инсонлар томонидан қилинадиган ёрдамга ишониш ёки умид қилишнинг ўзи катта гап. Чунки, умид тугаган олам ҳувиллаб қолади.

Дилинг куймасин, ноумидлик билан,

Ёруғлик туғилгай қаро кечадан.         

Шайх Саъдий ҳазратларининг ушбу сўзларини бежиз келтирмадик. Чунки, ҳеч қайси табиб азоб чекаётган қалб учун умидчалик дорини топиб бера олмайди. Шукрки, орамизда муҳтожларга ёрдам беришни ўзи учун инсонийлик фазилатининг чўққиси деб билувчи кишилар кўп. “Ака, кимга раҳмат айтай, пластик картамга кимдир 10 минг сўм, кимдир 20 минг яна бошқаси 200 минг сўм ташлаяпти. Тўпланиб, тўпланиб 2 миллион бўлибди. Мушкулимни осон қилган кишилар кимлар?”, дея қўнғироқ қилади ўқувчиларимиз ёрдам берган инсонлар ҳақда. Унга “Биз ҳам билмаймиз. Яхши инсонларни дуо қилинг”, дедик холос.

Наманган вилояти, Чортоқ туман “Наманган” маҳалла фуқаролар йиғинида вояга етаётган 1996 йилда туғилган Адҳамжон Неъматов айни пайтда оғир бемор. Унинг буйраги қуриб қолган. Наманган вилояти ҳокими ёрдами билан Адҳамжонни жарроҳлик операцияси қилиш учун ота-онаси 30 миллион сўм кредит олиб, конвертация қилгач, Ҳиндистонга олиб кетишган. Афсуски, беморга янги буйрак қўйишдан олдин қовуғини операция қилиш керак экан.  

Оиланинг тўплаб борган маблағи биринчи операцияга етди холос. Ҳозир унинг онаси Зулфия опа Ўзбекистонга қайтиб келди. Энди оила яшаб турган хонадонини сотиб, иккинчи буйрак қўйдириш операциясига ишлатмоқчи. Буйрак қўйиш операцияси 12 минг доллар турар экан. Уйга эса ҳали харидор чиққани йўқ. Отаси бемор ўғли билан Деҳлида интизорлик билан умидли янгиликни кутиб яшамоқда.

Адҳамжоннинг онаси билан учрашганимизда волида яхши инсонлар ёрдамига муҳтож эканлигини билдирди. “Тақдир экан, уйимиз сотилса, Ҳиндистонга етиб бораман, болам тузалиб кетгач бошпана топилар... Дунёда яхши инсонлар кўп. Ёрдам беришларини ўтиниб сўрардим”, дейди Зулфия опа. 21 августдан бери Деҳлида яшашни ўзи бўлмайди. Тенгқурлари сингари уйланиб, янги ҳаётга қадам қўйиши керак бўлган Адҳамжон афсуски, ўзга юртда эзгу ниятли кишилар кўмагига интизор ҳолда тўшакка михланган.

Адҳамжон Неъматовга хайрия қилмоқчи бўлганлар учун қўшимча маълумотлар:

Click/PayMe: 8600 0417 3142 2805

Боғланиш учун телефон рақами: +998 93 494 64 22