Самарқандда «Армия ва ёшлар» фестивали бўлиб ўтди
23:10 / 15.12.2017
7843
Фото: KUN.UZ

Самарқандда «Миллий армиямиз — ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир» шиори остида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда «Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги» бошланди. Бу ҳақда KUN.UZ’га ЎзЁИ вилоят кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги 16-ҳарбий шаҳарча ҳудудида 3000 нафар ёшлар иштирокида замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар намойиши, харбий оркестр ва бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг концерт дастурларини ўз ичига олган «Армия ва ёшлар» фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов, Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши раиси, захирадаги полковник И.Рўзиев ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирок этишди.

— Тадбирда иштирок этганимиздан жуда ҳам хурсандмиз, биз шу вақтгача ҳарбий техника қуролларини фақатгина телевизорда ёки ҳужжатли киноларда кўрар эдик, бугун эса биз ўз кўзимиз билан кўриб армиямиз нақадар қудратли эканлигидан, замонавий техника ва қурол-аслаҳалар билан юртимиз сарҳадларини акаларимиз муносиб ҳимоя қилишини яна бир маротаба ҳис қилдик, — дейди тадбир иштирокчиси Жасур Каримов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ойлик жорий йилнинг 15 декабрдан келгуси йилнинг 15 январига қадар бўлиб ўтади. Ойлик доирасида бир қатор туркум лойиҳалар, очиқ мулоқотлар бўлиб ўтилиши режалаштирилган.


Улашинг
Top