Сурхондарё вилоятининг Узун тумани «Маданий турмуш» маҳалласида истиқомат қилувчи Абдулла ака Абдураимов KUN.UZ таҳририятига 2007 йилда туғилган кенжатойи Умиджоннинг соғлиғини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Абдулла ака билан яқиндан суҳбатлашиш, Умиджондан хабар олиш учун атайлаб Узун туманига бордик.

«Абдулла ака, KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишни ким сизга маслаҳат берди?» деб сўрадик.

«Ёрдам сўраб маҳаллага, тумандаги мутасаддиларга мурожаат қилдим, улар менга фақат шу йўлни кўрсатишди. Барча умид халқимиз орасидаги саховатпеша, яхши инсонлардан», дейди Абдулла ака.

Умиджон ҳозир 3-синфда ўқийди. Уйида таълим олади. 7 ёшигача дуппа-дуруст юрган бола, мактабга 1-синфга борганида ўзидан кетиб, йиқилади. Қўли калталиги туфайли Сурхондарёдан четга чиқмаган ота, амал-тақал қилиб Термиздаги ШТЁИМ компьютер диагностика марказига бориб ўғлини текширтиради. Компьютер томографиясида Умиджоннинг миясининг энса соҳасида аллақандай киста борлиги кўриниб турибди.

«Юриб-юриб йиқилиб қолади. Ўзим мавсумий ишлар билан шуғулланаман, мардикорчилик кетидан пул топаман. Дори-дармонга ҳам пул тополмай қолган пайтларим бўлади», — дейди Абдулла ака.

Умиджоннинг онаси Муҳаббат Хўжамова Абдулла аканинг учинчи турмуши, уй бекаси. Абдулла аканинг олдинги рафиқалари вафот этишган. Олдинги никоҳларидан икки қиз ва бир ўғли бор. Қизларини уйли-жойли қилиб узатган. Катта ўғли ҳам туғма ногирон. Юзида туғма деформация бор.

Муҳаббат ая иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганда, у нобуд бўлиб, онанинг ўзи ҳам бир ўлимдан қолади. Энди у бошқа фарзанд кўра олмайди. «Яккаю ёлғиз фарзандим, кўзимнинг оқу-қораси тезроқ тузалиб кетса, деб тунлари билан илтижо қилиб чиқаман», дейди онаизор кўзига ёш олиб.

Умиджон жуда ақлли, серсавол, қизиқувчан бола экан. «Бобо, Тошкентдан келдингизми? Тошкент чиройли жойларми, телевизордан кўрганман мен», деб кун бўйи нималар қилганини санаб кетиб, ҳаттоки уйига келиб дарс бериб кетувчи ўқитувчисини ҳам мақтаб қўйди.

«Ўғлим билим олишда ҳам қийналаяпти. Дарс олиш жараёнида диққати ошиб кетса, яна ўзидан кетиб йиқилади», дейди она.

Биз сайтимизда ўтказиладиган хайрия акциясининг тартиби ҳақида Умиджоннинг ота-онасига тушунтирдик. «Бизга ёрдам қилмоқчи бўлган кишиларга аввалдан миннатдорчилик билдирамиз. Биздан қайтмаса, албатта, Худодан қайтади. Фарзандимиз тузалиб кетса туну кун дуо қиламиз», дейишди улар.

Уларнинг ҳузуридан қайтишда атайлаб, маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам кирдик. Маҳалла аҳлининг ушбу оила ҳақидаги фикрлари ижобий. «Дарҳақиқат, булар кам таъминланган оила ҳисобланишади. Уларга қўлимиздан келган ёрдамни бериб турибмиз. Бундан ортиғига бизнинг ҳам имконимиз йўқ», деган жавобни эшитдик.

Айни пайтда Умиджонни малакали врачлар кўригидан ўтказиш ва имкони бўлса уни операция қилиш учун саховатпеша халқимизнинг ёрдами керак. Биз шу мақсадда Абдулла акага «Агробанк»дан пластик карточка очтириш маслаҳатини бердик. Ушбу оиланинг кенжатойига ёрдам бериш истагида бўлганларга Абдулла ака Абдураимов номига очилган ушбу пластик карточка рақамига баҳоли қудрат маблағ ўтказиб беришингизни сўраймиз:

Click/PayMe: 8600 0423 6962 9745 (Агробанк)

Батафсил маълумот учун: +998919040677

Ушбу хайрия натижасида муолажа ва операция учун етарли пул (15 миллион сўмдан ортиқ) йиғилди. Хайрияда иштирок этган барча инсонларга миннатдорчилик билдирамиз. 15.01.2018