Афсус билан айтиш керак-ки, сўнгги пайтларда KUN.UZ интернет нашрининг “Хайрия акцияси” рукнига келаётган мурожаатларнинг аксарияти қон касалликларидан азият чекаётганларнинг ота-оналари ва яқинларига тегишли. Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан йўлланган навбатдаги мурожаат ҳам бундан мустасно эмас. 

15 ёшли Тўлқинжон ҳам тенгқурлари даврасида қорбўрон ўйнаб, ёшлик завқини суришга ҳақли эди. Бироқ бир дард бор эканки, уни бундан мосуво этди. Ижара уйда истиқомат қилаётган бу оилани пойтахтга фарзандининг мана шундай оғир дарди етаклади. Ҳамюртларимиз ҳолидан хабар олгани улар қўним топган манзилга бордик. 

“Тошкентга даволаниш учун иккинчи бор келишимиз. Қатнаш учун қулай бўлсин деб шифохонага яқинроқдан ижарага уй олдик. Бироқ совуғига чидаб бўлмаяпти”, - дея гап бошлади Тўлқинжоннинг онаси.

Уй ҳақиқатан этни жунжиктирадиган даражада совуқ эди. Шароитлари ҳам мақтагулик эмас. Шаҳарда яқин қариндош-уруғи, турар-жойи бўлмаганидан заруратга топилган бир бошпана.

“Ҳаётда кўп қийинчилик кўрганман, бироқ она учун фарзандининг бирор дардга чалинишидан азоблиси бўлмаса керак. Сентябрь ойида Тўлқинжоннинг оёқлари шишиб, талоқлари катталашгани сезилди. Иштаҳаси сусайиб, тез-тез ҳолсизланадиган бўлиб қолди. Аввалига Самарқанд шаҳридаги болалар кўп тармоқли шифохонасининг нефрология бўлимида ўткир гломерулонефрит ташхиси билан 10 кун даволашди. Бироқ соғлиғи яхшиланмагани боис қайта текширув ўтказилди ва қон таҳлилида ўзгаришлар аниқланди. Шу сабабли уни Тошкент Гематология қон қуйиш ва илмий текшириш институтига олиб келдик.

- Ўғлимни оққон касалига чалинганини билганимда ўзимни қўярга жой тополмадим, - дея кўзида ёш билан гапида давом этди Шоҳида опа. - Худодан куну тун тўнғичимга саломатлик сўрайман. Қора қозони қайнаб турган оддий бир оила бўлсак, бошимизда ҳаётнинг бундай синови ҳам бор экан-да...”.  

Тўлқинжоннинг дастлабки даво муолажалари октябрь-ноябрь ойларида олинган. Яқин кунлар ичида навбатдаги кимётерапияни бошлаши керак. Қон таркибидаги лейкоцитлар тушиб кетгани учун даволаниш бир неча кун кейинга қолдирилган. Суҳбатда маълум бўлишича, ота-онадаги маблағ ҳам даволатиш учун етарли эмас.

- Вақтни ўтказмаслик учун бор-будимизни йиғиштириб, таваккал қилиб келавердик, - дейди отаси Хуршид ака. - Болаларни боқиш учун қурилиш ва шунга ўхшаш турли юмушларни бажараман. Ҳозир қиш бўлгани учун иш ҳам тайинли эмас. Шу боис сизларга мурожаат қилдик”.

Уйнинг бир четида қунишибгина ўтирган Тўлқинжон билан суҳбатлашгимиз келди, бироқ камсуқум болакай лом-мим дейиш ўрнига дув-дув кўз ёш тўкишдан нарига ўтмади. 

Дарднинг оғир-енгили бўлмайди. Ўз номи билан - дард! Бироқ барчага маълумки, айнан қон касалликларини даволаш узоқ вақт ва катта маблағ талаб этади. Ана шундай маблағга муҳтож яна бир оила учун хайрияга сизларни чорлаб қоламиз. Тўлқинжоннинг шифо топишида Хуршид ака ва Шоҳида опага ёрдам берайлик!

Моддий кўмак кўрсатмоқчи бўлганлар учун қўшимча маълумотлар:

Пластик карта орқали пул ўтказиш учун (CLICK, PAYME) : 8600 0609 0853 6346

Боғланиш учун телефон рақамлари: 

Аблабердиев Хуршид (Тўлқинжоннинг дадаси): +99894 470 40 95
Аблабердиева Шоҳида (Тўлқинжоннинг онаси): +99894 532 12 81