Тақдир синови бошига тушган кишилар илинж туйғуси туфайли кимлардандир ёрдам кутади. Минг бор ўйланиб, юз истиҳола билан ўз дардини баён қилган кишилар ўз муаммоларига чора излайдилар.

Наманган вилоятидаги Норин тумани, Ҳаққулобод шаҳри, “Бўстонлиқ” маҳалласида яшаётган  Ғайратбек Назаров 2017 йил 23 март куни иш жойида фалокатга учради. Темирчилик устахонасида фаолият юритадиган йигитнинг қўли 20 тонналик станок остида қолгач, жарроҳлик йўли билан иккала панжасини қирқиб ташлашди. Ҳали уйланмаган, орзулари бир дунё Ғайратбек энди мажруҳ...

Ишхонаси, қўлини даволатиш учун 2400 АҚШ доллари миқдорида пул билан ёрдам берган. Давлат томонидан биринчи гуруҳ ногирони сифатида ойига 450 минг сўм нафақа тайинланди.

Ғайратбек аянчли ҳолатда ҳам тушкунликка тушмаганининг ўзи матонат. У ҳеч бўлмаса – протез дея аталувчи  ясама панжалари бўлиш орзуси билан яшаяпти. Тақдир синов унинг руҳиятини синдира олмабди. Икки панжаси йўқ йигит, сенсорли телефонга тўмтоқ билаги билан рақам теришни, ижтимоий тармоқларга киришни ўрганибди.

Ижтимоий тармоқ (фейсбук)да дардини ёзган Ғайратбекнинг пластик карточкасига яхши ниятли инсонлар 4 миллиондан зиёд пул жўнатгани унинг келажакка бўлган ишончини янада оширди.

Унинг дардига қулоқ соламиз:

“Қўлимга протез қўйдириш орзусидаман. Техника ривожланиб, билак пойларига жарроҳлик йўли билан улаб қўйиладиган протезлар чиққан экан. Агар шу протезни қўйдириш имкони бўлса, бемалол қошиқ ушлаб, овқатланадиган, ручка тутиб ёза оладиган имкониятга эга бўлар эканман. Ўзимизда ишлаб чиқариладиган тиббий ашёда бу имкониятлар йўқ. Афсуски, протез қўлни қўйдириш Германияда 57 минг доллар, Россияда эса 40 минг долларга тушади. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Шаҳар, вилоят ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, халқ қабулхонасига бордик. Натижа бўлмади. “Фейсбук”ка киришни ўрганиб, дардимни айтгач, эҳсон қилишни истаган кишилар тўрт миллион йиғиб беришди. Оиламиз билан ҳам ҳаракатдамиз. Энди умидим сизларни ўқийдиган инсонлардан...”, - дейди Ғайратбек.

Ғайратбек тўмтоқ билаклари билан машқ қилиб, бемалол телефонда рақам териб, фикрлар ёза оладиган бўлибди. Жияни Жаҳонгир коллеждан қайтгач, доим у билан бирга.  

Кўргиликни бошдан кечирган йигитнинг кўнглида инсонларга бўлган ишонч сўнмаганини ўзи катта гап. Ёш йигитни насиб қилса протез қўллари ҳам бўлар. Ўзи айтганидек, оқ қоғозга ўзининг ясама бўлса-да, қўллари билан ёзиб, қошиқ ушлай ҳам олар. Ҳаммаси ниятга боғлиқ. Айни уйланиб, қўллари билан гўшангада ёр қўлини тутадиган ёшдаги йигитга сабр тиладик.

Ғайратбекка моддий кўмак бермоқчи бўлган инсонлар учун унинг пластик карта рақами:          

Пластик карта орқали пул ўтказиш учун (CLICK, PAYME) : 8600 0424 8162 0903

Хайрия қилмоқчи бўлган ташкилот ва компаниялар учун:

Х/Р:  2261 7000 9990 4921 3500
Агробанк АТБ, Норин филиали
МФО: 00236

Телефон: +998 90 142 83 85