Устозлик мақоми шу қадар буюк-ки, унинг таърифини айта олмаймиз. Шу боис ҳам бу мақомни олиш учун не-не машаққатлар, заҳматлар чекилади. Айниқса, илм йўлидаги устозлик инсондан ирода, матонат, меҳнат, сабр талаб этади. Шундан бўлса керак, бу йўлни ҳамма ҳам танлайвермайди. 

Тошкент тўқимачилик енгил саноат институтининг инглиз тили ўқитувчиси Авазбек Авлақулов ҳам 11 йилдан бери талабаларга инглиз тилидан дарс беради. Ўшандан бери институтнинг ётоқхонасида оиласи билан кун кечираётган домла ҳаётидан нолимайди. Қинғир йўл билан яшамайди. Маошдан маошгача қаноат қилади. 

Бироқ ҳаёт йўллари ўзимиз ўйлагандек бўлавермайди. Шу кунларда домланинг аҳволи оғирлашди. Унинг бошига мусибат тушди. Биз яхши ният ила ҳолидан хабар олишга отландик. 

“Бу касаллик жорий йилнинг май ойларидан бошланди. Менга буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйишди. Шундан буён ҳафтада икки марта бориб, шифокор кўригидан ўтиб келаяпман. У ерда қонни айлантириб, тозлатиб турибман. Борган куним яхши бўлади, аммо орадан икки кун ўтиб қийналиб қоламан. Захар йиғилиши оқибатида организмим анча қийналади”, дейди Авазбек биз билан суҳбатда.

Даволанишга имкон йўқ бўлса-да, Авазбекнинг ҳаётдан умиди катта. Фарзандлари камоли, уларнинг орзуларидан завқланади. 

“Шифокорлар буйрак кўчириб ўтказиш кераклигини таъкидлашмоқда”, дейди у. – “Шунинг ҳаракатида юрибман. Қариндошнинг буйраги тўғри келаркан, шу боис опам ўз буйракларини менга бермоқчилар... 

Одамзоднинг боши деворга урилмагунча, кўзи очилмайди. Бу касаллик шундай ёмон дард экан-ки, уни ҳеч кимга раво кўрмайман. Азобнинг ўзи...”. 

Шукр-ки, Авазбекнинг атрофида ҳам яхши одамлар бор экан. Тошкент тўқимачилик енгил саноат институтининг раҳбарияти, аҳил жамоаси ва талабалар акция ташкил этди. 

Суҳбатдан сўнг қатор саволлар миямни ғовлатиб юборди. Нега ўқитувчи бир умр ётоқхонада яшаши керак? Нега ўқитувчи маошига даволана олмайди? Нега ўқитувчининг қадри паст? Нега уларга биз ҳурмат бажо келтирмаймиз? Ахир улар фарзандларимизга илм беради-ку. Саволларга сизу биздан кўра, мутасаддилар жавоб бергани маъқул... 

Биз эса  оддий ўқитувчини соғлом ҳаётга қайтишига-ю, яна талабаларга дарс бериши учун кўмаклашамиз. Имконимиз борича ёрдамга шошамиз. Ҳурматли юртдошлар, азиз ватандошлар Авазбекнинг соғайиб кетишига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Моддий ёрдам кўрсатайлик.

Қўшимча маълумотлар:

Пластик карта орқали (CLICK, PAYME): “Агробанк” 8600 0417 0590 3376
Мурожаат учун телефон рақамлари: +998 90 957 28 61
Чет элдан пул юбормоқчи бўлганлар учун VISA карта рақами: 2020 6840 1991 5288 7001
Paypal орқали тўловлар учун: umidskh@gmail.com

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш