9 ёшли Сардорхоннинг хорижда шифо топишига ўз ҳиссамизни қўшайлик, яхшилар!
12:00 / 05.01.2018
37937

Хайрия акцияси ўтказиш учун маълумот тўплаш учун Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманига йўл олдик. Қишлоқда янги иморат кўтараётган, эндигина бир-икки хонасини мослаштириб, кўчиб ўтган ёш ва оддий зиёли ўзбек оиласининг хонадони...

Хонадон соҳибларининг тўнғич фарзанди — қаҳрамонимиз Сардорхоннинг ёши 9 да. Ҳозир у яхшиларнинг ёрдамига жуда муҳтож. Илтимос, мурғак гўдакнинг тақдирига бефарқ бўлманг, қўлингиздан келганча ёрдам беринг! Бола, унинг ота-онаси ҳақига дуо қилинг, ушбу хабарни улашиб, Аллоҳ қалбига яхшилик қилиш ниятини солган саховатли инсонларга кўпроқ ва тезроқ етказишда ёрдамингизни аяманг.

Қуйида Сардорхоннинг отаси ёзган илтимосномани келтирамиз:

«Дунёда энг оғир нарса — бошқалардан ёрдам сўраш. Аммо шифокорларнинг ўғлим ҳақида «Насиб этса, яхши даволасангиз яшаб кетади, аммо барибир «учёный» қила олмайсиз», деганидан кейин гап нимадалигини билиб, яшагим ҳам келмай қолди.

Ўғлим Сардорхон — 9 ёшда. 7 ойгача жуда яхши ривожланаётганди. Шу вақтдан бошлаб тинимсиз иситма қилиб, турли касалликларга чалина бошлади. Уч ёшдан кейин жисмоний ва ақлий ривожланишдан деярли тўхтаб қолди. Аллоҳга шукр, синглиси ва 7 ёшли укаси Аброрхон соғлом, ўсишда акасидан ўзиб кетди.

Аввал бошда анча вақт дардини аниқ топа олмаганимиз сабабли бироз ўтказиб юборибмиз. Ҳозир унинг орқа мияси емирилмоқда, бош мия тўқималари ҳам зарарланган. Магнит томография хулосасини кўрган шифокор борки «ўғлингиз юролмайдими, гапиролмайдими?» деб сўрайди. 

Худога шукур, гарчи мияси шундай ҳолатда бўлса ҳам ўғлим Унинг марҳамати билан гапиради, юради. Аммо ўтган йилдан бошлаб, қўрқса, ҳаяжонланса, мия спазм берса кўрмай қоладиган бўлди. 

Яқинда эса навбатдаги даҳшатлироқ хуруж юз берди. Аввал ўғлимнинг кўзлари кўрмай қолди, кейин бутун танаси фалаж бўлиб қолди. Ўша вақтда фақат нафас ола оларди ўғлим. Аёлим билан уч кун Аллоҳга фарзандимизни қайтариб беришини сўраб ёлвордик. Ҳаммадан дуо сўрадик. Худонинг хоҳишиши, шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан ўғлим кўзини очди, яна гапириб, юриб бошлади. Аммо шифокорлар кейинги сафар бундан ҳам оғирроқ бўлади дейишмоқда. 

Мен унгача ўғлимни даволашим керак. Яқинда Исроил давлатидан келган шифокорларга учрадик. Бу ерда даволашнинг иложи йўқ дейишмоқда. «Ҳайфага олиб борсангиз қайта кўрикдан ўтказамиз. Аммо кафолат бермаймиз», дейишди. Аммо уларда даволаниш нархи мен учун имконсиз бир нарса экан.

Россия ва Туркиядаги шифохоналарни суриштирдик. Ниҳоят, туркиялик шифокорлар ҳали «Худо хоҳласа, биз даволай оламиз», дейишди. 

Ҳозир менда оз бўлса-да вақт бор даволашга. Аммо молиявий имкон бўлмаяпти. Бу вақтни ўтказиб юборсам қолганини ўйлашга ҳам қўрқаман. Мен ёрдам сўрашга мажбурман! Ёрдам беринглар! Ўғлимни даволайлик!»

P.S.: Тўғри, бу воқеани ёзиш, одамлардан ёрдам сўраш жуда қийин иш. Аммо қўли калталик қилса, ўртада фарзандининг ҳаёти довга тикилган бўлса одам шунга мажбур бўлар экан. Сардорхоннинг онаси мактабда ўқитувчи, отаси Анвар Мустафо Самарқандда кўзга кўринган, халқ дарди билан яшайдиган, мард, журъатли журналистлардан. Бугун унинг турли танқидий-таҳлилий мақолалари интернетда ҳам тез-тез эълон қилинмоқда. У кишини ёрдам сўрашга кўндириш осон бўлмади. Аммо, на илож...

Youtube'да кўриш


Mover.uz'да кўриш

Хайрия акциясида қатнашган барча Азизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Сардорхонга очилган хайрия акцияси ўз якунига етди.


Улашинг
Top