“Таниш-билишлардан уяламан, аммо мажбурман”
12:59 / 06.01.2018
86353
Фото: Kun.uz

Суратлардаги Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Авиасозлар 2 мавзесида жойлашган 37-уй 22-оилавий ётоқхона. Бу ерга биз таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган бир аёлнинг илтимоси билан ташриф буюрдик. Тўққизинчи қаватга кўтарилар эканмиз, ётоқхонанинг умумий аҳволидан кўз юмиб бўлмади. Таъмирга муҳтож кириш йўлаклари, 15 йилдан буён тайинли ишламаётган лифт, хуллас  муаммоларга тўла ҳаёт тарзи. 

Мана биз кўзлаган манзил. Уч жонни бағрига сиғдирган таъмирталаб кичик бир хона. Кўриб турганингиздек, хонадон ачинарли аҳволда. Бу ерда Муяссар Юсупова вояга етмаган икки фарзанди билан яшайди. 
Турмуш ўртоғи тахминан 10 йилдан бери Россия давлатида. Бироқ у оиласидан на хабар олади, на моддий ёрдам кўрсатади. 
  
“Турмуш ўртоғим уч-тўрт йилда бир келади-ю яна кетади. Бу уй ҳам у авиазаводда ишлаб юрган вақтлари берилган. Уйнинг ҳолатини кўриб турибсиз. Ҳатто иситиш тизими ҳам яхши ишламайди. Тўғирлатиш учун маблағим йўқ. Қорин ғамида шу пайтгача хонадонларда турли юмушларни бажариб келдим. Бир ҳафта, ўн кун уй ишларини қилдириб пулимни бермаганлар ҳам бўлди. Фарзандларим тез-тез касал бўлаётгани учун бирон жойда мунтазам ишлай ҳам олмаяпман. Қолаверса, ўзимнинг соғлиғим ҳам яхшимас. Одамлардан ёрдам сўраш менга ҳавас эмас, таниш билишлардан уяламан.  Бироқ KUN.UZ’га  мурожаат қилишга мажбур бўлдим”, - дейди Муяссар опа.
 
Ушбу масала бўйича  “Ҳосиятли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олломурод Ғаниевга мурожаат қилдик. У фуқарога моддий ёрдам кўрсатиб келаётганини, унинг илтимосларини имкон борича адо этаётганлигини билдирди. 

Муяссар Юсупова асли Қорақалпоғистондан. Ота-онаси, яқин қариндошлари ундан узоқда. Айтишича, улардан ёрдам сўролмайди: “Уларга юк бўлолмайман. Ўз рўзғори, ташвишлари етарли”.   

Муяссар Юсупованинг икки ўғли ҳам вояга етмаган. Аммо шундай бўлса-да, катта фарзанди оилавий шароитлари оғирлиги учун пайнетда ишлаган. Бироқ соғлиғи ёмонлашгани учун ишни тўхтатишга мажбур бўлган. Айни пайтда оила моддий ёрдамга муҳтож.   

Аёлга кўп нарса керак эмас. Оиласи тинч бўлса, фарзандлари соғлом юрса, бир бурда нонга ҳам қаноат қилиб кетаверади. Бироқ чорасиз қолганда, кимгадир суянгиси келади. Кимдандир ёрдам кутади. Азиз ҳамюртлар, яна  бир муҳтож юртдошимиздан ёрдамни дариғ тутмайлик. 

Зора, бир аёлнинг мушкули осонлашиб, кўнгли ёришса. Қолаверса, Муяссар опа мисолида, нон шаҳри азим Тошкентда, саховатпеша бой-бадавлат инсонлар истиқомат қилувчи заминда бир заифанинг бу тарзда кун кечириши ор-номус масаласи ҳамдир.  

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Хайрия акциясида қатнашган барча Азизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Муяссар опага очилган хайрия акцияси ўз якунига етди.


Улашинг
Top