Уч ёшли Муҳаммадзиёга кўмак керак. Унинг соғайиши, улғайиши, яшаши учун ҳали имконият бор
19:09 / 13.01.2018
34477
Фото: KUN.UZ

Баъзида бир иборани кўп бор такрорланавериши унинг қимматини йўқотгандек бўлади. Лекин, минг қайта айтилсада қуйидаги гапнинг ҳақиқат эканлиги кундек равшан: “Онаизор учун энг азиз нарса - фарзандининг соғлигидир”.

 KUN.UZ таҳририятига Андижон вилояти, Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғидан муштипар она Гўзалхон Мамасолиева алоқага чиқди. Унинг овозида минг истиҳола ва ўкинчни сезамиз. “Эшитишимча, сизлар орқали мушкули осон бўлаётган инсонлар бор экан. Илтимос, фарзандимга ёрдам беринглар. У ҳали яшаши, улғайиши керак!”, дейди онаизор. “Ёрдам бераётган асли биз эмас, мақолани ўқиган кишилар кўмак беришяпти. Биз бир воситачимиз, холос” деган жавобни бериб, болакайдан тез кунларда хабар олишимизни айтдик.

Избоскан туман ҳокимлигига боғланиб, тиббиёт бирлашмаси вакиллари билан бемор хонадонига йўл оламиз. Уч ярим ёшли Муҳаммадзиёни бобоси Обиджон ака қўлида кўтариб олган. Туғилган кунидан бери дард билан олишаётган гўдак худди катта инсонлардек жиддий эди. Айни қиқир-қиқир кулиб, ота-онаси қалбини қувончга тўлдирадиган пайти... Мурғак боланинг кўзларида болаларга хос бўлмаган сўниқлик акс этган.

2014 йилда туғилган, уч ярим ёшли Муҳаммадзиё Обиджоновнинг ташхиси қуйидагича:

Туғма юрак нуқсони (врождённый порок сердца). Бир қоринчали юрак, катта қон томирлар транспозицияси. Ўпка артерияси стенози;

Ёндош касалликлар: Оғир босқичли пневмониянинг ўткир кечиши. Биринчи босқичдаги темир моддаси етишмаслиги, камқонлик;

Асоратлари: Иккинчи “Б” босқичдаги қон айланиши етишмовчилиги;

Беморнинг шикоятлари: Кўкариб қолиши, тинимсиз энтикиши, иситма, ўсишдан қолиш.

Бемор боланинг отаси дурадгор уста. Онаси касб-ҳунар коллежида ўқитувчи. Муҳаммадзиё туғилганидан буён жуда кўп вақтини вилоят ва пойтахт кардиология касалхоналарида ўтказган. Мутахассисларнинг қарорига кўра, унинг соғайиб кетиши учун жарроҳлик операцияси Ҳиндистон давлатида ўтказилиши керак экан. Ушбу масала бўйича Муҳаммадзиёнинг отаси Обиджон ака Республика “Соғлом авлод” хайрия жамғармасига мурожаат қилгач, болажоннинг соғайиб кетиши учун имконият туғилибди. Жамғарма бемор гўдакнинг ташхис маълумотларини ҳинд мутахассисларига тақдим қилади. Хориж мутахассислари ана шундай амалиётдаги операцияни ўтказиш имконияти борлигини билдиришган. Жамғарма томонидан оғир дард билан олишаётган Муҳаммадзиёга барча ҳужжатлар тўғриланиб, январь ойининг 20 куни бир гуруҳ беморлар билан Ҳиндистонга бориш имконияти туғилди. Насиб қилса, Муҳаммадзиё соғлом бўлиб кетиши мумкин.

Мақола тайёрлаш жараёнида туман ҳокими Муҳаммадзиёнинг Ҳиндистонга бориб-келиши, яъни йўл учун маблағни етказиб беришини маълум қилди.

Оила учун эса операцияга маблағ масаласи энг кўндаланг турган муаммо. Улар 10 минг доллар турувчи операцияга ҳомий излашмоқда. Оила тинимсиз даволанаётган Муҳаммадзиё учун бор пулларини сарфлаб бўлган. Ҳаммамизга аён, 10 минг доллар оз пул эмас. “Тома-тома кўмилиб, дарё бўлур” дейди, халқимиз. Ўйлаймизки, савоб умидида, кўпчилик билан уринган ишимиз ўзининг ижобий натижасини беради.

Хайрия акциясида қатнашган барча Азизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Муҳаммадзиёга очилган хайрия акцияси ўз якунига етди.


Улашинг
Top