Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Фарҳоджон даволангани Россияга кетди, ниятимиз у фарзандлари бағрига соғлом қайтсин
21:00 / 27.01.2018
21379
Фото: KUN.UZ

KUN.UZ  таҳририяти ўз имкониятлари доирасида хайрия акциялари уюштириб, ёрдамга муҳтож инсонларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиб келмоқда. Бу эзгу анъанамиз давом этмоқда. Айниқса, ҳаракатларингиз самараси ўлароқ, эзгу ниятлар амалга ошса, қалб хотиржам бўлади. 

Худойназаров Фарҳоджон 3 фарзанднинг отаси. Бахтсиз воқеа туфайли тўшакка михланган бу юртдошимиз ҳақида ҳам хайрия акцияси эълон қилган эдик.

Куни кеча даволанишга етарлича маблағ йиғилгани, Санкт-Петербургдан Фарҳоджонни олиб кетишга шифокорлар келганлигини айтишди. Биз кузатиш учун унинг манзилига отландик. Хонадонда маҳалла фаоллари, қариндош-уруғлар тўпланишган.

- Биз Фарҳодни Санкт-Петербург шаҳрига олиб кетиш учун Россиядан етиб келдик, - дейди биз билан суҳбатда А. Л. Поленов номли Россия нейрожарроҳлик илмий-тадқиқот институти шифокори Игор Тереков. – Бизда Фарҳодга ёрдам берувчи маълум бир белгиланган методлар бор. Биз бу каби беморлар билан кўп ишлаганмиз. Беморни Россияга жўнатиш ишларига ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ҳам ёрдам беришади. Биз имкониятимиз доирасида қўлимиздан келадиган барча ишларни қиламиз ва яхшиликка умид қиламиз.

Маълумотларга кўра, Россияга Фарҳод билан бирга бориш учун шифокор ва онасига алоҳида чипталар сотиб олинган, пластик карточкага депозитдан ташқари 10 минг АҚШ доллари йиғилиб, эгаларига топширилган.

Шу ўринда ушбу хайрия акциясида ўзининг амалий ёрдамини кўрсатган, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган "Саховат" Телеграм гуруҳи фаолларига, шунингдек, Ўзбекистон ва хориждаги барча юртдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Қилинган ҳеч бир яхшилик беиз кетмайди. Бу ишларнинг савобини Яратганнинг ўзи минг чандон зиёда этиб, даргоҳида қабул этсин.  

Қалбдан ўтгани, дўстимиз шифо топсин. Ортидан йиғлаб қолган яқинлари, турмуш ўртоғи ва шириндан шакар фарзандлари хақи ўз оёқлари билан қайтсин. 

Шу тобда халқимизнинг тантилиги, яхшилик билан ҳамнафаслиги барчамизни қувонтирди. Азиз ҳамюртлар, келинг, дуо қилайлик. Дуолар ижобати билан Фарҳоджон оиласи бағрига шифо топиб қайтсин. Барчамиздан Яратган рози бўлсин!


Улашинг
Top