Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Ургутлик 9 ёшли Тўхтамишева Фариданинг юрагини операция қилиш учун ёрдам керак, яхшилар!
13:30 / 28.01.2018
22442

Таҳририятимизга Ургут туманидан Андақулова Лайло фарзандининг операция бўлиб, тузалиб кетишига ёрдам кўрсатишимизни сўраб, мурожаат қилди.

Биз хонадон ва унинг туғма юрак нуқсони — пороги билан оғриган 9 ёшли қизи Тўхтамишева Фаридани кўргани Ургут туманидаги Ўроқбойжар қишлоғига бордик.

Лайло Андақулованинг ҳикоя қилишича, қизи юрак порогининг оғир формаси — Триадо Фало билан туғма касалланган. 

Унинг юрагини зудлик билан операция қилиш керак. 9 ёшли Фарида мактабга бора олмайди. Чарчаб қолади. Тирноқлари ва лаблари кўкарган.

Оиланинг яшаш шароити ўта ночор. Улар ҳаттоки томи ёпилмаган уйда истиқомат қилишмоқда. Фариданинг отаси Ҳасан Маматов мавсумий меҳнат билан 3 фарзанди — икки қиз ва бир ўғилни боқиб, рўзғор тебратиб турибди. Фарида унинг ўртанчаси. 

Лайло Андақулова тўнғич фарзанди — қизи 12 йил муқаддам 3 ёшлигида сариқ касалга чалиниб, жигар циррози билан нобуд бўлганини кўзда ёш билан гапириб берди. Иккинчи фарзандимни йўқотишни истамайман, деди онаизор.

«Дунёда яхши одамлар кўп. Улардан бири — сизларсизлар! Худонинг ўзи оҳу зорларимни эшитиб, сизларни менга рўпара қилди. Илтимос, менинг қизимга ёрдам қилинглар», деб ўртанди она. 

«Текин, давлат ҳисобидан операцияга ордер олиш учун бормаган жойим, бош урмаган эшигим қолмади. Навбатга қўйишди. Лекин пулини тўласам, зудлик билан операция столига олишар экан», деди она.

Тўхтамишева Фаридага 1 февраль куни Тошкентда операция белгиланган. Операция ва дори дармонлар учун 10 миллион сўмга яқин маблағ талаб этилади. 

KUN.UZ Тўхтамишева Фариданинг операциясини ўтказиш учун хайрия акцияси ўтказади. Ушбуни ўқиётган муштарийларимизни хайрли ишга бош қўшиб, баҳоли қудрат ушбу оилага ёрдам қўлини чўзишга чақириб қоламиз.

Хайрия акциясида қатнашган барча Азизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Фарида операция қилинди. Унга очилган хайрия акцияси ўз якунига етди.


Улашинг
Top