Қашқадарё вилояти Fузор тумани Шерали номли МФЙ Тожик қишлоғида яшовчи Салима Қаюмова KUN.UZ таҳририятига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

«Ўғлим Шукрулло Саидов I гуруҳ ногирони. Ўғлимга ёрдам беришлари учун Fузор тумани ижтимоий таъминот бўлимига мурожаат қилганимда, бўлим бошлиғи «хонани бўшат, кет, ёрдам беролмайман, бор қўлингдан келганини қил», деб ҳайдаб юборди. Туман ҳокими Ф.Қулматов ўз сўзларида «мен ёрдам бера олмайман, имконимиз йўқ», деб қайтариб юборган. Ҳозир ТВда ногиронлиги бўлган инсонларга имтиёзли турар-жойлар, аравачалар берилаётганини кўриб, юрагимда умид учқунланиб, уларга мурожаат қилган жойим эди. Ўғлимнинг соғлиги кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Мен фарзандимнинг соғлигини тиклашда ёрдам кўрсатишларингизни илтимос қилиб сўрайман».

Биз мазкур оиланинг аҳволи билан яқиндан танишиш учун Салима ая яшайдиган, Қашқадарёнинг Ғузоридаги қишлоққа бордик. Пенсионер Салима опа ушбу хонадонда кичик ўғли ва келини, шунингдек, ногирон ўғли билан бирга истиқомат қилар экан. 

Салима опанинг ҳикоя қилишича, 1994 йилда туғилган ўғли мактаб даврида яхши бўлган, синфдошларига қўшилиб мактабда ўқиган. Мактабни битиргач, қурилиш объектида ишлаб, иккинчи қаватдан йиқилган. Айни пайтда Шукрулло биринчи гуруҳ ногирони, оёқларида жон йўқ. Онаизорнинг айтишича, ўғлига Луи Бар синдроми ташхиси қўйилган. Бу дард туғма касал ҳисобланади. Лекин она «ўғлим томдан йиқилгунга қадар яхши эди», деб даъво қилмоқда. Она ўғли Шукруллони уйлантирган, бироқ келин бўлмиш ҳам ногирон бўлганлиги сабабли, икки ярим жонни даволатиш, парваришлаш оғирлик қилиб, турмуш бузилган...

Она — нафақада, фарзанд ногиронлик нафақаси олади. Кичик ўғил ҳам мавсумий ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик қилади. Уларнинг топган тутгани рўзғордан ортиб, Шукруллони даволатишга етмайди.

Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган гап бор. Оила чиндан ҳам ночор вазиятда. Дард эса тобора Шукруллони енгмоқда. Биз саҳоватпеша ҳамюртларимиздан ушбу оилага, Шукрулло Қашқадарёдан пойтахтга келиб, малакали мутахассислар кўригидан ўтиши ва даволаниши учун имкон қадар моддий кўмак кўрсатишларини сўрар эдик.

CLICK/PAYME: 8600 0423 0724 8103 ("Агробанк", KAYUMOVA SALIMA)

Телефон: +998-93-909-43-45