Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Хайрия: Коксартроздан азият чекаётган Хуршида опага кўмак берайлик!
23:40 / 01.02.2018
14257
Фото: KUN.UZ

Бу ўткинчи дунёда Яратган ҳар кимга у кўтара оладиган даражада синов беради. Кимнидир ёрдам бера оладиган қилиб қўйса, кимнидир ўша ёрдамга муҳтож қилиб қўяди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ёрдамга муҳтож бўлувчилар орасида бўлмаслик ҳеч биримизга кафолатланмаган. KUN.UZ таҳририятининг хайрия акцияларини ўтказишдан кўзлаган холис нияти шуки, зора биз сабаб бўлиб, бемор юртдошимиз шифо топса, мунгли кўзлари қувонса. 

Яқинда таҳририятга Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи Раҳматов Эркин ака хонадонидан мурожаат бўлди. Биз бемор ҳамюртимиз Раҳматова Хуршида ҳолидан хабар олиш мақсадида уларнинг хонадонида бўлдик. Маълум бўлишича, 2 қиз фарзандни вояга етказган Хуршида опага 2013 йил февралида Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази Нейрохирургия бўлими томонидан жиддий якуний ташхис қўйилди. Унга ўнг томонлама коксартрозга чалингани бўйича хулоса берилган. Айни вақтда касаллик ўзининг сўнгги 4-даражасида.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги тиббиёт технологиялари ривожланган даврда бу касалликни даволаш усуллари мавжуд. Бунинг учун Тошкентнинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказиш, Хуршида опага эндопротез қўйиш мумкин. 

Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази протезлаш бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Умарали Ханапияевнинг маълум қилишича, ҳозирда ушбу марказга юқоридаги ташхис билан жуда кўплаб беморлар мурожаат қилмоқда. Уларга хорижий мамлакатларда ишлаб чиқилган эндопротезлар муваффақиятли равишда жарроҳлик амалиёти орқали қўйилмоқда. Ханапияевнинг билдиришича, эндопротезларнинг турли мамлакатда ишлаб чиқарилгани ва шунга биноан турли қийматдагиси бор. 

Қисматни қарангки, турмуш ўртоғи Раҳматов Эркин ака ҳам глаукомага чалиниб, 2011 йил декабрида икки кўзи ҳам ожизга айланди. 2012 йилда биринчи гуруҳ ногиронлиги бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, айни вақтда 509 минг сўм нафақа олади. Бу маблағ 3 жонга бир ой кун кўришига етсинми, Хуршида опанинг даволанишига кифоя қилсинми? Шу сабабли, KUN.UZ таҳририяти саховатпеша ҳамюртларимиз, моддий имкони бор ватандошларимизга муроржаат қилиб, ушбу оиланинг ташвишини аритишда ҳам ёрдам қўлларини узатишга чорлайди. Сизлар бандасининг мушкулини осон қилсангиз, Аллоҳ сизларнинг молларингизни янада кўпайтириб, савобларини захира қилсин. Эркин ака оиласига ҳақиқатдан ҳам яхшилар кўмагига муҳтожлиги боис, келинг, азизлар, Хуршида опага ёрдам бериб, шифо топишига кўмак берайлик! 

Хуршида опа: +998 90 9550182

AGROBANK, PAYME, CLICK: 8600 0423 1628 6615
Маматова Умида


Улашинг
Top