Хайр-саховат, эҳсонсевар юртдошларимиз кўмагида чин маънода ёрдамга муҳтож бемор кишиларнинг соғайиб кетиши, шифо топишига кўмакчи ва сабабчи бўлиш KUN.UZ таҳририятининг холис мақсадларидан биридир. 

Биз Самарқанд вилоятига сафаримизда челаклик Асралов Асомиддиндан тушган мурожаат сабаб унинг аҳволи билан яқиндан танишиш нияти ила хонадонида меҳмон бўлдик. 

1993 йилда туғилган Асомиддиннинг айтишича, ҳаммаси 8 ёшида дарахт тепасидан қулаб, сон суяги синганидан сўнг бошланган. Иккинчи марта синганидан кейин Самарқанд шаҳридаги травматология шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, унга остеогенез ташхиси қўйилган. 

Лобштейн-Вролик касаллиги деб аталадиган хасталик ирсий бузилишлар натижасида юзага келадиган касалликлар гуруҳига киради. Бу касаллик билан оғриган беморларда коллаген моддасининг суяк тўқимаси таркибида етарли бўлмаслиги ёки унинг сифати меъёрга тўғри келмаслиги кузатилади. Бунинг оқибатида суяк тўқималари мўртлашиб, тез синадиган бўлиб қолади, битиши, тикланиб кетиши қийин кечади, шакли ўзгаради. 

Маълум бўлишича, ёшлигида отасидан айрилган Асомиддиннинг сон суяги 4 марта синган ва 4 марта катта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Унинг сўзларига кўра, суяк арзимаган сабаб билан ҳам синаверади. 

25 ёшга қараб кетаётган Асомиддин ишлаб оиласига, онаси ва синглисига ёрдам беришни, уларга елкадош бўлишни хоҳлайди. Аммо, бу касалликдан фориғ бўлишига “қўли қисқа”лиги, моддий маблағ етишмаслиги имкон бермаяпти. 

KUN.UZ мухбири Асомиддиннинг касаллиги бўйича Республика травматология ва ортопедия институтига бориб, профессор Аҳмад Дурсунов билан учрашди ҳамда касалликни даволаш йўллари билан қизиқди. Профессор Дурсунов айни вақтда Институт клиникасида Асомиддиннинг ҳам аҳволидан оғирроқ бўлган 2 беморга ёрдам берилаётганини таъкидлади. 

Шундай экан, KUN.UZ таҳририяти Асомиддин шифо топиши ва оиласи, онасига кўмакдош, елкадош бўлишига ҳисса қўшишида ёрдам қўлини чўзишларини сўраб ўзбекистонликларга мурожаат қилади. Тома-тома кўл бўлур деганларидек, ҳар ким имконияти даражасида эҳсон қўлини чўзса, ниятига яраша савоб олиши шубҳасиз. Қолаверса, Ўзбекистон саховатпеша инсонлар ватани экани Асомиддин учун зарур маблағ ҳам тез орада тўпланиши борасида бизда ишонч уйғотади. Келинг, азиз ватандошлар, ҳамюртимиз Асомиддинга ёрдам қўлимизни чўзайлик!

 

Хайрия қилмоқчи бўлган инсонлар учун:

Пластик карта рақами: (PAYME va Click,)

8600 0423 6999 7225 (AGROBANK)

Асралов Асомиддин   +99893 227 96 86

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш