KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Шовот тумани, Хитой қишлоғида истиқомат қилувчи Ваисов Ойбек ва Жаббарова Бонужон фарзанди Суннатбекнинг дардига шифо истаб, ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Биз оиланинг турмуш тарзи, ҳаёти билан танишиш, боланинг аҳволини ўрганиш учун Шовот туманига бордик.

Сабиров Суннатбек 2017 йил 6 февраль куни дунёга келган. Тақдир тақозоси туфайли, у туғма юрак порогининг оғир шакли билан хасталанган.

Аммо кардиолог шифокорлар таъкидига кўра, боланинг дардига шифо бор. У юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож, яъни юрагидан жарроҳлик амалиётини ўтказиши шарт. Бироқ, ҳозирча, бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти Ўзбекистонда ўтказилмайди. Бунинг учун Суннатбек Россия ёки Украинанинг кардиожарроҳлик марказларида даволаниши талаб қилинади.

Боланинг ота-онаси 27 ва 25 ёшли Ойбек ва Бонужон бундан 4 йил олдин турмуш қуришган. Аммо бир неча йиллар давомида бефарзандликдан азият чекишган. Биринчи фарзанди эрта туғилиб, умр кўрмаган. Иккинчи фарзанди Суннатбек эса юрак пороги билан дунёга келган.

Ҳозирги пайтда болакай бир ёшга тўлди, аммо хатти-ҳаракатларидан худди 5-6 ойликка ўхшайди. У мустақил ўтиролмайди, эмакламайди ва юрмайди, тили ҳали чиқмаган. Оғир хасталиги туфайли махсус парваришга ва бир хонага қамалиб ўтиришга мажбур. Иммунитети ҳам шунга яраша жуда паст.

«Биз кўчага чиқсак, дарров шамоллаб қоламиз, касалхонага тушиб, даволаниб чиқишимизга тўғри келади», - дейди онаси Бонужон хўрсиниб.

Унинг умумий аҳволи яхши эмас, баданида юрак пороги хасталигига хос белгилари кўриниб турибди. Боланинг юзи, қўл-оёқлари дам-бадам кўкариб кетади, хансираб нафас олади, инжиқланиб кўп йиғлайди. Бонужон касал ётган боласини парваришлаш билан машғул, ҳатто кўчага ҳам чиқмай қўйган.

«Ҳаётим мазмуни, кўзимнинг оқу-қораси бўлмиш боламга қараб ўтирибман. Хасталиги туфайли, бир дақиқа ҳам уни ташлаб кетолмайман», - дейди ёш она.

Ёш оилага ёрдам бериш мақсадида, келиннинг кекса ота-онаси Россияга ишлашга кетишган.

«Нафақага чиққан бўлсалар-да, отам ва онам Россияга ишлашга кетишган. Бизга ёрдам бериш мақсадида отам қоровул, онам фаррош бўлиб ишлаяпти. Топган арзимас пулларидан орттириб, бизга жўнатиб турибдилар. Боламнинг дорилари, сути ва тагликларига сарфлаб ўтирибмиз», - дейди Бонужон. 

Шифокорлар тавсиясига кўра, Суннатбек NAN сути билан озиқланади. Унинг ҳар бир қутиси 140 минг сўм туради. «Икки кунга етмайди» - дейди Бонужон. Суннатбекка давлатимиз томонидан 336 минг сўм пенсия тайинланган.

Отаси Ойбек бир пайтлар Россияда меҳнат қилган, аммо ишлари юришмай, Ўзбекистонга қайтиб келган. Энди эса бола парваришлаш учун турмуш ўртоғига ёрдамлашмоқда. Ҳозир меҳнат биржасида ҳисобда турибди, иш излаяпти.

«Ўғилчамни Ўзбекистонда операция қилишнинг иложи йўқ экан. Негалигини тушунмайман, ҳайронман. Наҳотки бизда ҳам шундай малакали шифокорлар топилмаса?», - деб куйинади Ойбек.

У Россияда меҳнат қилиб, ишлаб топган пулига олган «Матиз» русумли машинасини сотиб юборишга мажбур бўлган. Ҳамма пуллар Суннатбекнинг даволаниши учун сарфланган.

«Ёрдам сўраб бормаган жойим, мурожаат қилмаган ташкилотим, тақиллатмаган эшигим қолмаган», - дейди у хўрсиниб.

Ойбек мурожаат қилган ташкилотлар, уларнинг раҳбарлари Суннатбекка ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилмоқда.

«Аммо, гап пулга тақалганда ҳамма елка қисади», - дейди ота.

Суннатбек туғилганидан буён «шифохона - уй - шифохона» йўналишида яшамоқда. У оғриқли муолажаларни олишга маҳкум. Унинг кўзларига қараб, болаларга хос қувончни, нурни топмайсиз. У бегона одамларни оғриқли муолажа ўтказувчи шифокорга ўхшатади, улардан чўчийди, маъюс боқади.

Суннатбекнинг ота-онаси имконияти бор ҳамюртларимиз, ватандошларимиздан ёрдам сўраб, хайрия акцияси ўтказишни илтимос қилиб KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилганлар.

Ўз навбатида, биз болакайнинг кўзларига қувонч, лабларига табассум қайтишига ишонамиз. Фикримизга кўра, саховатпеша, меҳрибон, бағрикенг ва болажон халқимиз бор экан, Суннатбек яшаши, ўрнидан туриб, чопқиллаб кетиши, шодликка тўлиб кулиши шарт. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Суннатбекнинг касалликдан қутулиши учун Россияга, «А.Н.Бакулев номидаги Юрак-қон томир жарроҳлиги тиббий миллий тадқиқот маркази»га бориб, жарроҳлик амалиётидан ўтиши талаб қилинади.

Биз бу тадқиқот маркази билан боғланиб, Суннатбекнинг ташхис қоғозлари, таҳлил натижаларини жўнатдик. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг жарроҳлик амалиёти учун камида 307 минг рубль ёки 5000 АҚШ доллари керак бўлади. Муолажаларнинг аниқ нархи Москвага бориб, тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг маълум бўлади.

Умумий ҳисобда, унинг Москвага етиб бориши, таҳлилларни топшириши, жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўриши, амалиётдан сўнг, маълум муддат давомида тикланиб олиши, уни кузатиб борувчининг яшаши учун 10 000 АҚШ доллари ёки 80 миллион сўмдан ортиқ маблағ талаб қилинади.

KUN.UZ’нинг ҳурматли ва хайр-эҳсонни хуш кўрувчи саховатпеша ўқувчилари, Суннатбекнинг шифо топиб, касалликдан фориғ бўлишига ҳисссамизни қўшайлик. Унинг ва ота-онасининг хурсандчилигига шерик бўлайлик. Ҳар ким имкони даражасида ёрдам қўлини чўзса, тома-тома кўл бўлганидек, Суннатбек учун ҳам зарур маблағ саноқли кунларда тўпланишига шубҳа қилмаймиз. Имкони йўқлар эса ғойибона дуоларида шифо тилаб қўйсалар, шу орқали маънавий ёрдам берган бўладилар.

Суннатбекнинг онаси Жаббарова Бонужон

+998 90 713 33 16

Пластик карта рақами: 8600 0423 4994 7308

(PAYME ва Click, Агробанк)

Агробанк АТБ Шовот тумани филиали

МФО: 00567
ИНН: 201 186 063
Нақд пул топширганда: 2311 6000 4000 0056 7001
Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 2311 8000 2000 0056 7001
Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 2312 0000 9000 0056 7001

Россиядан пул ўтказмоқчи бўлган ҳамюртларимиз учун Суннатбекнинг бобоси Жаббаров Куронбой пластик картаси:

5469 5500 4594 1868
Jabbarov Kuronboy
Россия, Сбербанк, VISA Mastercard