Аввал хабар берганимиздек, Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳридаги Олимпия стадионида 2018 йилги қишки Олимпиада ўйинларига старт берилди. Мазкур халқаро турнирда ўзбекистонлик икки нафар спортчи - Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси) ва Миша Ге (фигурали учиш) Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Kun.uz таҳририятининг Жанубий Кореядаги мухбири хабар беришича, кўп йиллардан буён Ватанимиз номини  кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда ҳимоя қилиб келаётган  фигурали учиш устаси Миша Ге Кореянинг Инчхон аэропортида Корея қўллаб-қувватлаш гуруҳи аъзолари ҳамда ўзбекистонлик фуқаролар томонидан муносиб кутиб олинди.

Спортчини тантанали қарши олиш ва қўллаб-қувватлаш учун нафақат ватандошларимиз, балки бошқа миллат вакиллари, шунингдек, жажжи  мухлислар ташриф буюришди.

Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Давлат мадҳияси жаранг сочди ҳамда спортчига совғалар топширилди. Шунингдек, Миша Ге ўз мухлисларига миннатдорлик билдириб, дастхатини улашди.

Kun.uz таҳририяти Миша Гега қишки Олимпиада ўйинларида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

Маълумот ўрнида: 16 кун давомида 15 та спорт тури бўйича 102 та медаллар шодаси учун баҳс олиб борилади. Пёнгчангдаги Олимпиадада тарихда илк бор 100 дан кўпроқ медаллар шодаси ўйналади. Шунингдек, илк бор кёрлингда дабл-микст, сноубордда биг-эйр, конькида югуришда масс-старт ва чанғи спортида аралаш жамоавий мусобақа тақдим қилинади.

Ўйинларда умумий ҳисобда 92 та давлатдан 2952 спортчи иштирок этмоқда. Олимпиадада иштирок этувчи давлатлар ва спортчилар қишки Олимпиадалар учун рекорд ҳисобланади. Пёнгчангга келган энг кўп сонли терма жамоа АҚШ бўлди. Бу давлатдан Олимпиадага 242 спортчи келди ва бу ҳам қишки Олимпиадалар учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Видео муаллифи: Гулноз Бикбаева