8378.04 USD +3.94

9488.13 EUR +77.32

129.09 RUB +2.91

11133.6 GBP +234.69

19:13 / 23.07.2018 21945

Эрининг соғайиши учун курашаётган вафодор ўзбек аёли

Бу дунёда ҳар қандай қийинчилик ва синов, шодлик ва қувонч Аллоҳдандир. Дард берган, синов берган ечимларини ҳам беради. “Аммо бу синовларни енгиш учун инсон бор имкониятини ишга солиши лозим”, дейди сирдарёлик Нодирахон.

Сирдарёнинг Оқолтин туманида истиқомат қилувчи Нуриддин ва Нодирахон Тожиқуловлар 2013 йилда никоҳдан ўтишади. Икки ёш ташвишсиз ва камтарона ҳаёт кечиришарди. 2016 йилнинг январь ойидан эса ёш оиланинг бошига оғир синов тушди. Оиланинг таянчи бўлган Нуриддинда жигар циррози ва талоқ шиши аломатлари кўзга ташлана бошлади. Муттасил ички ва бурундан қон кетиш ҳоллари оилани хавотирга сола бошлади. Умр йўлдошининг соғайиб кетиши учун Нодирахон бормаган шифохона, учрамаган шифокор қолмади, лекин аёл курашишда давом этаяпти.

“Ўзим Сирдарё вилоятининг Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдамида оддий ҳамшира бўлиб ишлайман. Қўлимдан келганини қилиб шу жойгача келдим. Вилоят кесимидаги марказларга, Тошкент тиббиёт академияси Гепатология бўлимига келиб даволандик. Вирусологиядагилар ҳам текширишиб, қонда вирус йўқлигини, ҳали умид борлигини айтишди. Кейин Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказига бориб текширишни тавсия қилишди. Тумандан ордерларни тайёрлатдим, чунки моддий жиҳатдан қийналиб қолдим. Шу йили апрель ойида Воҳидовда қизилўнгачида томир боғлаш операциясини ўтказдик. 3 ойдан сўнг, яна ички қон кетиш давом этмоқда. Воҳидов номидаги марказ ҳозирда ишламаётганлиги сабабли бу ерга, Тошкент тиббиёт академиясига келдик”, - дейди аёл.

Воҳидовдаги  мутахассислар зудлик билан жигарни даволаш керак, деб айтишган. Улар кейин кеч бўлишини, муолажа ва операция қилиниши лозим дейишмоқда. Воҳидов номидаги марказда шу турдаги операциялар қилинган экан. Фақат навбат кўп, деб айтишибди.

“Шу сабабли Ҳиндистондаги шифохоналар билан алоқага чиқдик. Учтаси ўз таклифини жўнатди (ушбу таклифлар жўнатилган хужжатлар нусхалари таҳририятимизда мавжуд). Уларга кўра, биринчи босқичда тўлиқ текширувдан ўтказилади ва агар операция шарт бўлмаса муолажа йўли билан даволанади, бунинг учун тахминан 3-4 минг АҚШ доллари харажат кетади. Агар операция шарт бўлса, иккинчи босқич ўтказилади. Бунинг учун, аввало, донор топиш керак ва 37500 АҚШ доллари миқдорида маблағ кетади, деб жўнатишган ҳиндистонлик шифокорлар.

Қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, донор ҳам бор. Энди маблағ масаласига бориб тақалмоқда. Танишларимдан шундай хайрли ишлар қилинаётганлигини эшитиб қолдим. Балки бу ҳам Худойимдан бир имкониятдир. Нега мен бунга ҳам уриниб кўрмаслигим керак, бор ҳаракатим оиламни, турмуш ўртоғимни сақлаб қолиш-ку. Ўзим ҳам онасиз, етим ўсганман. Иккинчи марта турмуш қуришдан эса Худо сақласин, буни тасаввур ҳам этолмайман. Қанча ҳаракат қилиш керак бўлса ҳаракат қилай, аммо хўжайиним тузалиб кетса бўлгани. Хайрли ишларни ният қилган инсонлардан умидим катта”, дея Нодирахон кўзларида ёш билан сўзини якунлади.

Оиласига ва умр йўлдошига садоқат билан хизмат қилаётган ва унинг даво топиши учун бетиним ҳаракат қилаётган Нодирахонга ёрдам қўлини чўзайлик. Турмуш ўртоғи Нуриддиннинг соғайиб, яна оиласига бош бўлишига мадад берайлик.

Тожиқулов Нуриддин номига очилган пластик карточка:

Click/PayMe: 8600 0417 9521 5798 (Агробанк)

Телефон: +998 99 479-04-43

Теглар

Top