8460.92 USD +2.76

9439 EUR -62.05

131.06 RUB +1.32

10760.6 GBP -234.16

17:16 / 17.08.2018 13697

Хайрия акцияси: Дунёда икки хил қўл бор...

Бир муддат аввал устозимдан бир доно фикр эшитгандим. «Азиз ўқувчим! Тингла. Дунёда икки хил қўл мавжуд. Булар олувчи ва берувчи. Бири тинмай тўплайди. Бахил. Ҳеч кимга ёрдам бермайди. Иккинчиси сахий. Яхши инсон. Инсонларга ёрдам бериб роҳатланади. Олувчи қўл яхши еб, яхши яшаши мумкин. Лекин берувчи қўл яхши ухлайди», - деган эди устозим. Жумла олам-олам маънога эга. Бу жумла асл инсон қандай бўлишига урғу беради. Инсонларни меҳр-мурувватли, очиқ қўл ва самимий бўлишга ундайди. Айни вақтда, ҳаёт ҳақиқатини ўқувчига кўрсатиб беради.

«KUN.UZ» жамоаси Тошкент шаҳрида жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олди. Лейкоз - оқ қон билан оғриган беморларнинг шифокори ва яқин қариндошлари билан боғландик.

Аввалига бемор Ҳосилбек Қурбоналиевни бориб кўрдик. Бемор Тошкент вилоятидан келган. 1 йилдан бери шу касалликка қарши курашиб келмоқда. Ота-она ишсиз. Онаси Наргиза опанинг айтишича, оила шу вақтгача йиғиб қўйганлари, қариндош-дўстлари берган маблағларни сарфлаб келган. Энди эса маблағдан қийналиб қолишган. Бунинг устига опа гепатит «С» касаллигидан мунтазам даволаниб туради. Янги даволатиш босқичига кетадиган дори-дармонларга анчагина маблағ кетади.

«Болам машина устаси бўлмоқчи. Тузалишига ёрдам қилинглар. Илтимос орзулари ушалишига кўмаклашинг», - дейди беморнинг онаси. 

Иккинчи беморимиз Дилноза Расулова. У оғир хасталик билан 2018 йилнинг март ойидан бери даволанмоқда ва ҳозирда даволатишнинг муҳим босқичида. Онаси Шоҳида холанинг сўзларига кўра, дорилар қимматлиги сабаб оила анча қийналиб қолган. Эр-хотин ишсиз. Оиланинг икки фарзанди бор. Ўшаларнинг бахтига қизи тузалишини истайди.

«Тузалсам ўзимга ўхшаган инсонларга ёрдам бераман. Фарзандларим учун яшашим керак. Касалликдан сабр қилишни ўргандим. Куч ва сабр бўлмаса бу касаллик сизни енгар экан. Ҳеч кимга раво кўрмайман. Орзуларим бор. Фарзандларимни элига хизмат қиладиган инсон қилиб тарбиялаш», - дейди бемор Дилноза Расулова.

Беморлардан яна бири Сирдарё вилоятидан келган Эркинов Акбаржон. Акбар шу йилнинг 6 апрелидан бери даволанмоқда. Даволашнинг 4-босқичига етиб келган. Шифокорлар бемор тузалиб кетишига умид борлигини айтишган. Онаси Шаҳноза опанинг айтишича, ота оддий ишларда ишлайди. Фарзандининг орзуси ҳарбий бўлиш, ватанига хизмат қилиш. 

«Аллоҳнинг синови экан. Душманга ҳам раво кўрмайман. Болам тузалса бас. Ишонаман, яхши инсонлар бор. Улар ёрдамга келади албатта», - дейди онаси Шаҳноза Байназарова.

Тўртинчи бемор Фарғона вилоятидан келган. Фарзанди Абдуллоҳ ўткир лейкоз билан касалланган. 10 кундан бери даволанмоқда. Бола касаллангани туфайли бу йил мактабдан ҳам қолди. Отаси оламдан ўтган. Боқувчисини йўқотган оила яхшилар кўмагига муҳтож. Онаси Гулмера опанинг сўзлашича, фарзанди Абдуллоҳ катта бўлса, онаси учун чиройли уй қурмоқчи. Бирга яшашни орзу қилади. Ички ишлар ходими бўлишни ўз олдига мақсад қилган Абдуллоҳ. Орзулари ушалсин. 

Сўнгги беморимиз Наманган вилоятидан келган Абубакр Ҳайдаров. У жорий йилнинг 2 апрелидан бери даволанмоқда. Оила боқувчиси кунлик ишларда ишлайди. Топгани оиладан ортмаяпти. Даволанишнинг 2-босқичига етган келган оила яхшилар кўмагига муҳтож.

«Тушкунликка тушиб қолдик. Шу вақтгача қариндошлар, танишлар ёрдам беришди. Лекин ҳозир жуда қийналмоқдамиз. Болам ички ишлар ходими бўлишни орзу қилади. Ватанига хизмат қилишни истайди. Ёрдам беринглар бизга. Ҳеч бўлмаса дуода бўлинглар», - дейди беморнинг онаси Нафиса Тожибоева.

Азиз ва саховатпеша, хайр-эҳсонни хуш кўриб, ихлос билан қилувчи ватандошлар, «KUN.UZ» сайти сизларга яна бир бор мурожаат қилади, ушбу беморлар даволанишлари учун саховат қўлларини чўзайлик. Зотан, уларнинг оналари учун фарзандини соғ-саломат юриб, камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ дунёда! Зора қодир Аллоҳ бизнинг моддий ёрдамимиз сабаб бўлиб ватандошларимизга шифои-комил ато этса, уларнинг кўзлари қувончдан порласа!

Теглар

Top