8458.16 USD +9.27

9501.05 EUR +38.29

129.74 RUB -0.07

10994.8 GBP -133.27

16:23 / 20.08.2018 53121

Тўрт эгизак фарзанд кўрган муштипар аёлнинг қисмати

Бу фоний дунё сир-синоат, мўъжизаларга бой. Йўқликдан борлиққа айланишимиз, бир парча этдан улғайишимиз, танадаги тукнинг ҳам ўз вазифаси борлиги мўъжизадан бўлак нарса эмас.

Гулшод Ҳайдарова - ота-онадан эрта етим қолиб, холасининг қўлида улғайган, моддий қийинчиликлар сабаб мактабда ўқимай, бозорда тирикчилик қилган ва кутилмаганда Яратганнинг мўъжизаси туфайли тўрт эгизак ўғилларни дунёга келтирган аёл... Ўшанда 2014 йилнинг январ ойлари эди. Пойтахтнинг чеккароғида жойлашган “Чашма” маҳалласи. Бетартиб уйлар, лойга булғанган кўча...Хуллас атроф ҳавас қилгудек эмасди. Гулшод Ҳайдарова яшайдиган хонадон ҳам ҳаминқадар, тўғрироғи анчагина ғарибона эди. Аёл кичик уйда онаси, укаси ва олти фарзанди билан яшарди.

- Ҳокимият вакиллари уйимизга келиб, шарт-шароитлари билан танишишди. Олти бола билан бу уйда анча қийналиб қолганимни кўриб, бизга уй беришга қарор қилишди. Аммо ҳали унинг ижроси таъминланмади, деганди. Агар уйлик бўлсам албатта, сизни таклиф этаман, дея ҳужрахонасидан ўтиришимга аранг жой топиб берганди. Орадан йиллар ўтди...

- Синглим, мен Гулшод опангиз бўламан, тўрт эгизакнинг онаси. Суюнчи беринг, ҳокимиятдагилар бизга уй беришди. Энди уйимизга келмасангиз бўлмайди, -  деди аёл қувониб.

Рости, бу хабардан жуда қувондим. Гўдакларнинг раҳмини еган Аллоҳ ва Президентимизни дуо қилиб, Бектемир туманига йўл олдим. Айтилган манзил бўйича бешинчи қаватга кўтарилдим, эшик очиқ экан овозимни эшитиб бирин-кетин болалар мўралай бошлашди. Ё қудратингдан, вақт шунчалик тез ўтдими-я деб юборганимни билмай қолдим. Мен кўрган гўдакларнинг бўйлари чўзилиб, тиллари чиқибди. Менга пешвоз чиқиб, хонадонларига таклиф этишди. Салом-аликдан сўнг диктофон тугмачасини босдим-у, савол-жавобларни бошладим.

- Гулшод опа, инсон учун бошпанали бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ. Балки бу кўрган қийинчиликларингиз, чеккан азобларингизнинг мукофотидир.

- Мен ҳам бу ҳақида кўп ўйлайман. Ҳаётда жуда қийналдим, ота-онамдан эрта етим қолиб, холамнинг қўлида улғайдим. Холам шўрлик етим қолган мен ва укамни ўйлаб турмушга ҳам чиқмади. Шароитимиз жуда оғир эди, овқат есак, кийишга кийимимиз бўлмасди. Шу боис учинчи синфгача мактабда ўқиб, сўнг онамга қарашиш учун елкамга хуржун илишга мажбур бўлганман. Уйма-уй юриб, одамлардан эски-туски буюмларни олиб, сўнг Янгиобод бозорида сотардик. Камбағал бўлсак ҳам бировнинг ҳаққига хиёнат қилмай, эгри йўлдан юрмай ризқимизни топганмиз.

- Асли миллатингиз нима? Беш йил аввал маҳаллангиз фаоллари билан учрашганимда, миллатингиз лўли эканлиги ва Ўзбекистон фуқароси бўлмаганингиз учун ҳам ҳокимият томонидан уй берилиши ортга сурилаётганини айтишганди?

- Отамнинг миллати қозоқ бўлган, онам эса ўзбек аёли бўлган. Аммо уй-жойимизнинг йўқлиги ва ўта камбағаллигимиз боис, холам ва бизнинг ҳаётимиз лўлилар билан боғланиб кетди. Холамнинг айтишича, отам жуда яхши, илмли инсон бўлган экан. Аммо ака-укалари ўзбекка уйлангани учун у билан қариндошлик алоқалари узишган экан. Фуқаролигимнинг йўқлиги эса туҳматдан бўлак нарса эмас.

- Фан фикрича, эгизакларнинг туғилиши асосан аёлнинг насл хусусиятига ва ёшига (37-38) боғлиқ экан. Аждодларингиз орасида ҳам эгизаклар туғилганми?

- Йўқ, турмуш ўртоғим томонидан ҳам мен томондан ҳам эгизаклар туғилмаган. Турмушга чиққач, қайнонам билан бирга яшардим. Қайнонам отам томонидан қариндош бўлса-да, жуда қаттиққўл эди. Катта фарзандларим Бекзод ва Дилнозани дунёга келгач ҳам оиламиз тинчимади. Охири жанжаллардан безор бўлиб ота уйимга қайтиб келдим. Орадан 5-6 ой вақт ўтиб, айни Янги йил байрами арафасида остонадан турмуш ўртоғим кириб келди. Нима бўлган тақдирда ҳам у фарзандларимнинг отаси деб дастурхон ёзиб, уни кутиб олдик. Турмуш ўртоғим ҳам биз билан яшай бошлади. Орадан бир неча ой ўтиб, ўзимни беҳузур сеза бошладим. Ҳомиладор бўлган эканман. Уялдим, укам ва онамдан ҳаё қилиб, ҳомилани олдириб ташламоқчи бўлдим. Онам буни пайқаб, ҳомилангдан воз кечсанг, мен ҳам сендан юз ўгираман, деди. Бир-икки ҳафта ўтиб, оилавий поликлиникага чиқиб, УТТдан ўтсам, шифокор: “Учта бош кўриняпти, ҳомила эгизак”, деди. Доплер ва скрининг марказлари ҳам бу ташхисни маъқуллашди.

- Демак, улар бироз янглишишган шундайми?

- Бу не синоат эканки, Яратган мени уч фарзанд билан сийлаяпти, деб суюндим. Ҳомиладорликнинг 7 ойидан бошлаб ўрнимдан ҳам туролмадим. Оёқларим шишиб, озгина юрсам ҳам ҳансираб қолардим. 23 август куни укам Руслан билан пойтахтимиздаги туғруқхонага бордик. Шифокорлар кўрикдан ўтказиб, сизни зудлик билан жарроҳлик йўли билан туғдириш керак. Йўқса, соғлиғингизга зиён етади, дейишди. Оғриқнинг зўридан беҳуш ётганимда бир шифокор: “Қойил, эгизаклар 4 та экан, кенжатойинг акаларининг ортида кўринмаган экан”, деди. Эгизакларимнинг тўнғичи 1900 г, кенжатойим Исломбек эса 1500 г оғирлик билан дунёга келди. Бу хабар тезда овоза бўлиб кетиб, газета ва телевидениедан ҳам келиб интервью олишди. Аммо туғруқдан кейин ҳам анча вақтгача аҳволим ўнгланмади. Анча вақт жонлантириш бўлимида ҳушсиз ётдим, ундан кейин оддий палатада даволандим. Ўзи бир фарзанд кўришнинг азоби оғир, тўрттаси эса...

- Фарзандларни парваришлаш ҳам осон бўлмагани аниқ. Саховатпеша инсонлар ёрдам қўлини чўзишдими?

- Халқимиздан ҳар қанча фахрлансак оз. Туғруқдан сўнг ўзимга келганимда шифокорлар мени кўргани амалдорлар келишганини айтишди! Барваста, чиройли кийинган йигитлар Президент аппаратидан келишганини айтишди. Мени табриклаб, мен ва фарзандларим учун зарур бўлган совғаларни беришди. Улардан бири: “Паҳлавонларга қандай исм қўйдингиз?”, деб сўради. Ҳасан, Ҳусан, Карим ва Ислом исмлари қўйганимни айтганимда бир-бирларига қараб: “Ўзингиз танладингизми?”, дейишди. “Ҳа, эгизакларга Ҳасан Ҳусан исми қўйилади, ундан кейингиларига эса Ислом бобосидек халқпарвар инсон бўлсин деб Карим ва Ислом исмларини танладим”, дедим. Касалхонадан чиққан кунимиз эса маҳалламизга Ислом бобонинг туҳфалари етиб келди. Болаларим учун қўл бешик, қўш арава ва кийим бошлар совға қилиб жўнатибдилар.

Яширмайман, эгизакларимнинг бирортаси кўкрак сутига тўймади. Таглик ва кийим бошлардан ҳам кам-кўстимиз кўп бўлди. Ноиложликдан аввал тилла буюмларни, сўнг уйда қўлга илинар нарсаларни сотишга мажбур бўлдик. Бир ёқда турмуш ўртоғим ҳам “Олти болани қандай боқаман”, деб уйдан чиқиб кетганича икки йил қорасини кўрсатмади. Сўнг чақалоқларни онамга ташлаб, бозорда ишлашга мажбур бўлдик. Топган пулим икки буханка нон, таглик ва чақалоқларнинг сунъий сутидан ортмасди. Бир қути сунъий сут икки кунга аранг етарди. Шундай кунларда қийинчиликлар жон-жонимдан ўтиб кетди. Хуржунимни елкамга илиб, “Отчопар” бозорида тиланчилик ҳам қилдим (йиғлайди).

- Наҳотки, маҳалла-кўй оилангиздаги аҳволдан хабар топмади?

- Бир ёрдам беради, икки ёрдам беради, кейин қўлини силтайди. Аммо шундай қийин вазиятимда Мардон ака деган одам остонамиздан кириб келди. Камгап, вазмин инсон эди. “Фарзандларингизга холис Аллоҳ йўлида ёрдам бераман, нима кам-кўстингиз бор”, деди. Болаларга овқат ва тагликларни етказолмаётганимни айтгандим эртаси куни бир ойга етадиган қилиб ташлаб кетди. Бу ҳол эгизакларим икки ёшга тўлгунича давом этди. Ой бошида бозор-ўчар қилиб, эшигим остонасига ташлаб кетарди. Яратганнинг иноятини қарангки, болаларим икки ёшга тўлиб сунъий сутдан чиқишди ҳамки, уйимиздан Мардон аканинг қадами узилди. Миннатдорчилик билдирай десам у инсоннинг уйини ҳам, рақамини ҳам билмайман. Аммо кўпдан-кўп дуо қиламан!

- Беш йил аввалги ташрифим чоғида “Мен ўқимаганим учун фарзандларим илмли бўлишларини истайман”, дегандингиз...

- Насиб қилса, бу ниятимга етаман. Ҳозир эгизакларим боғча, катта фарзандларим эса мактабга боришяпти. Туманимиздаги мактабгача таълим бошқармаси томонидан эгизак фарзандларим имтиёзли равишда, боғчада бепул таълим олишмоқда. Тўнғич ўғлим Бекзод тил ўрганишга қизиқади, ҳозирча тўртта тилни билади (кулиб). Ўзбек, қозоқ, тожик ва лўли тилларида мендан яхши гаплашади! Қизим Дилноза эса чевар бўлишини хоҳлайман. Эгизакларимнинг бари ҳуқуқ тарғибот соҳаларида ишлашни орзу қилишади.

- Эгизакларнинг соғлиги қандай?

- Уларнинг бари чақалоқлик пайтида қаттиқ шамоллаб, кўкйўтал бўлиб қолишган. Касалхонада анча вақт даволанишимизга тўғри келди. Текширув натижасида уларнинг иммунитети пастлиги аниқланди. Шу боис ҳам кейинги пайтларда уларнинг кўриш қобилияти пасаймоқда. Кўз қорачиғида ҳам жиддий ўзгариш бор. Аммо шифокорлар даволанса, хасталик ўтиб кетишига ишонишмоқда.

Шукрки, давлатимиз уй-жой берди, қатор имтиёзлар билан сийлади. Ҳозирда ўзим туман ободонлаштириш бўлимида фаррош сифатида ишлайман, турмуш ўртоғим эса аҳолидан пластмас идишларни йиғиб, қайта ишлаб чиқаришга сотиш билан шуғулланади. Топганимиз рўзғордан ортмайди. Аммо ниятим жиддий, эгизакларимни даволатиб, уларни ҳам ўқитишни, бирор касб-корни эгаллашига кўмаклашиш ниятидаман.

- Ниятингизга етинг! Қийинчиликлар билан улғайтираётган ўғил-қизларингизнинг роҳатини кўринг!

Ушбу оилага холис моддий ёрдам беришни истовчи саховатпеша инсонлар учун:

8600 0609 0982 7884
«Халқ банки»
МФО 00830
«Монейграм», «Золотая корона» - Хайдарова Гулшат Истамовна

Наргиза Муродова тайёрлади

Top