8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

16:07 / 29.10.2018 10430

Хайрия: Икки марта инфарктни бошдан кечирган Комилжон акага ёрдам қўлини чўзайлик!

“Яхшилик қилишга сабабчи бўлган кишига ҳам яхшиликка бериладиган савоб мислича хайр ёзилади”, - деган ҳадисдан кўпчилигимизнинг хабаримиз бор. Kun.Uz таҳририяти айни шу башоратга инонган ҳолда инсонларни яхшиликка, ўзаро меҳр-мурувват кўрсатишга йўллаш мақсадида хайрия акциялари ўтказиб келади. 

Бу сафарги хайрия акциясини Тошкент вилояти, Паркент тумани, Қорақалпоқ қишлоғи, Ёшлик маҳалласида истиқомат қилувчи Комилжон Солиев хонадонидан ўтказишни ният қилдик. 

1976 йилда дунёга келган Комилжон ака эндигина қирққа кирган қирчиллама вақтида, 2015 йил мартида илк инфарктни бошдан кечирди. Аллоҳнинг синови экан, 2018 йил июлда иккинчи маротаба инфаркт бўлиб қолди. Шифокорлар Комилжон аканинг юрак-қон томир тизимида тромб борлигини айтишган. 

Facebook'да кўриш

Таъкидлаш ўринлики, тиббиёт технологияси ривожланган бугунги кунда бу каби касалликларни даволаш имконияти мавжуд бўлиб, қон томири торайган ва тромб пайдо бўлган жойларига “стенд” қўйиб, кенгайтириш керак бўлади. 

Шифокорлар тахминан 3-4та стенд қўйиш кераклигини, шу билан бирга, унинг сони чуқур текширувдан кейин маълум бўлишини, бироқ 3тадан кам бўлмаслигини айтишган. Стенднинг бир донаси эса, 8 млн сўмдан 23 млн сўмгача эканини ҳисобга олганда, 4 та стенд қўйилганида энг арзони 32 млн сўм бўлади. Жарроҳлик амалиёти учун 4 млн сўм, махсус тиббий ускунада текшириш нархи 3,5 млн сўмни ташкил этади. Бир кунлик койка нархи ва дори-дармонларни тахминий қўшганда ҳам 50 млн сўм атрофидаги маблағни ташкил этади. 

Рафиқаси билан 2 фарзандни вояга етказаётган Комилжон ака Паркент туманидаги маҳаллий бозорда темир-терсак олиб-сотиш билан шуғулланиб келади. Бироқ мана 3 ойдан ошдики, тўшакда ётибди. Биринчи марта инфаркт бўлганида ҳовлисининг ярмини 12 млн сўмга сотиб, даволанишга тўғри келган. Комилжон ака фарзандлари ёш бўлгани сабабли даволаниши зарурлигини, ҳовлини сотса, бошпанасиз қолиши мумкинлигидан хайрия акцияси ўтказиб, юртдошларидан ёрдам сўрашга қарор қилганини айтди.

Саховатпеша юртдошлар, бугун ушбу хайрия акцияси воситасида яна сизга юзланиб, ёрдамга ва даволанишга муҳтож Комилжон акага ҳам эҳсон қўлларингизни чўзишни сўраймиз. Сиз бирни берсангиз, Аллоҳ камида ўнни беради, насиб бўлса! Шундай экан, дунёмиз ва охиратимиз учун қулай фурсатдан фойдаланиб қолайлик, азизлар! Хайр-эҳсоннинг катта кичиги бўлмайди, имконимиз даражасида ёрдам берайлик, дуоларда эслайлик!

Мазкур хайрия акцияси якунига етди. Комилжон ака муваффақиятли жарроҳлик амалиётини ўтказди. Акцияда моддий ва дуолари билан иштирок этганларга Аллоҳ савобларини кўпайтириб берсин!

Толиб Раҳматов тайёрлади

Теглар

Top