8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

17:53 / 04.11.2018 10033

Яхшилар ёрдамида Маҳзунанинг қулоқлари эшитмоқда, яна оз муддатлардан сўнг у гапира бошлайди

KUN.UZ сайтида Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида яшовчи қизалоқнинг даволаниши учун пул тўплаш мақсадида хайрия акцияси ташкил этилган эди. 3 ёшли Маҳзуна гўдаклигида қаттиқ хасталикка дучор бўлгани боис, кучли антибиотик билан даволанган ва оқибатда қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолган. Маҳзунага «икки томонлама сурункали сенсоневрал эшитиш заифлиги 4-даражаси» ташхиси қўйилган эди. 30 октябрь куни унга кохлеар имплант қўйдирилди, эндиликда Маҳзуна дунёнинг ёрқин товушларини эшитиши, ота-онасига бемалол мурожаат қила олиш имконияти бўлади. Операциядан кейин қизалоқнинг ҳолидан хабар олиш илинжида унинг ёнига шошилдик.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Шифокорнинг гапларига кўра, операция яхши ўтган. Ҳозирда уларнинг назоратида. Яқин кунларда Маҳзунанинг қулоғи эшитишни бошлайди. Шундан сўнг гапиришни ўрганади. “Барча саховатли юртдошларимизга биз ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, - дея таъкидлаб ўтишди шифокорлар.

Шундан сўнг қизалоқнинг онаси Ҳулкар Ишмаматова билан суҳбатлашдик.

- Қувончимиз чексиз. Оғир кунимизда дардимизга шерик бўлган барча юртдошларимизга мингдан-минг раҳмат. Мен ҳам, оиламиз ҳам ҳар доим улар учун дуодамиз. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Яратганга шукр, орамизда саховатпеша юртдошларимиз борлиги туфайли қизалоғимнинг ҳаётида муҳим бўлган жарроҳлик ўтказилди ва ҳозирда унинг аҳволи анча яхши. Яна бир бор чуқур миннатдорчилигимни билдираман, - деб ўз хурсандчилигини изҳор этди она.

Шу ўринда KUN.UZ таҳририяти ҳам бу хайрли ишга “лаббай” деб жавоб берган барча инсонларга ташаккур билдиради. Аллоҳ барчамизнинг қилаётган хайрли ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин ва давомли қилсин, савобларини кўпайтириб берсин!

Top