8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

11:00 / 06.11.2018 8294

Хайрия натижаси: энди Бекзоднинг соғлом буйраги бор!

Инсон бир ишга қўл урар, шу иш устида тер тўкар экан, унинг асосий мақсади қилган мехнатининг натижасини кўриш бўлади. Жорий йилнинг 8 апрель куни KUN.UZ сайтида “30 мартадан ортиқ жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Бекзодга кўмаклашайлик!” сарлавҳаси остида мақола берилган эди. Унда Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, 26-мавзе, 5-уй, 87-хонадонда истиқомат қилувчи 27 ёшли Бекзод 8 ёшидан бошлаб буйрак етишмовчилигидан азият чекаётгани ҳақида ҳикоя қилинган.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Бекзод 16 йилда 33 маротаба жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, унинг аҳволи ижобий томонга ўзгармагач, энди беморни қиммат нархдаги жарроҳлик амалиёти – орган кўчириб ўтказиш операцияси қутқариши мумкин эди. Мақолада унинг отаси битта буйрагини фарзанди учун донор сифатида бераётганлиги баён қилинган эди.

Тақдир синовига дуч келган оила кўмакка муҳтожлиги ҳақидаги ушбу мақола KUN.UZ ўқувчиларини бефарқ қолдирмади ва орган кўчириб ўтказиш операцияси учун зарур бўлган 12 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ бир ҳафта мобайнида бағрикенг, саховатпеша кишилар томонидан йиғиб берилди.

Ташвишли кунларни бошидан кечирган ушбу оила аъзолари июль ойида Ҳиндистонда орган кўчириб ўтказиш амалиётини муваффақиятли ўтказиб, Тошкентга қайтиб келишган.

- Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, чунки энди мени соғлом буйрагим бор. Бизни ҳам молиявий томондан, ҳам маънан қўллаб турган эзгу ниятли кишиларга оиламиз номидан чуқур миннатдорчилигимизни билдираман. Дунёда яхши инсонларнинг кўплигини бошимизга ташвиш тушганида билдик. Барчангиздан Аллоҳ рози бўлсин! – дейди Бекзод Латипов.

Хайрия акцияси хулосаси сифатида икки оғиз тилак билан кифояланишни лозим топдик, зеро энг муҳими амалга ошди, қийини ортда қолди - бемор соғаймоқда. Тилагимиз - энди Бекзод соғ-саломат умр кечирсин, юртимизда ўрнак олишга арзигулик саховатпеша инсонлар кўпаяверсин.

Top