8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

15:04 / 14.11.2018 31105

Уларнинг ҳаётдан умиди катта... Дард билан олишаётган ҳамюртларимиз ҳаётидан ҳикоя

«Дунё – театр. Унда барчамиз актёрлармиз». Инглиз шоири ва драматурги У.Шекспир олам ва ундаги инсонларга жуда чиройли таъриф бериб кетган. Ҳақиқатан ҳам шундай. Фақат ҳар биримизга ўзимиз ўйнай оладиган даражада образ берилади.

Орамизда шундай инсонлар борки, Яратган томонидан уларга сабрларига яраша дард берилган. Улар кўмакка муҳтож. Қийинчиликда қолаётган инсонларга ёрдам бериш эса инсонийлик бурчидир. Бунга яраша У, албатта, сийлайди. Сийлаганда ҳам жаннатлар билан сийлайди.

KUN.UZ жамоаси Тошкент шаҳрида жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олди. Оқ қон билан оғриган беморларнинг шифокори ва яқин қариндошлари билан боғландик.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидан келган бемор – Мансурбек Садибековнинг ота-онаси билан суҳбатлашдик. Онаизори Эътибор опа бошларидан ўтган воқеаларни айтиб берди. 2018 йилнинг бошида Мансурбекда қаттиқ оёқ оғриши бошланган. Бундан ташвишга тушган она фарзандини тумандаги шифохонага олиб борган. Бу вақт ичида боланинг аҳволи янада оғирлашган. Ички тана аъзоларидан жигар ва ўт пуфаги шишиб кетган. Бемор вилоят шифохонасига олиб бориб текширилган. Улар Мансурбек оқ қон касалига чалинганини, уни Самарқанд вилояти ёки Тошкент шаҳрида малакали шифокорлар қўлида даволатиш зарурлигини айтишган. Шундан сўнг Тошкент шаҳрига йўлланма олган муштипар она пойтахтга шошган.

Мана, бир неча ойдан бери оила ўғлини даволатиб келмоқда. Дорилар жуда қиммат. Тўплаб қўйганларини сарф қилиб бўлишган. Ҳозирги кунга келиб оила маблағга зор бўлиб қолган.

Кейинги бемор Самарқанд вилояти, Иштихон туманидан келган Жонибек Ўктамов. Шу вақтгача оила катта мусибатни бошидан ўтказган. Бу ҳақда беморнинг онаси Лутфия Раббимова дардга тўлиб айтиб берди:

«Турмуш ўртоғим билан оиламизни боқиш ва яшаш учун уй-жой қуриш мақсадида Россияга ишлагани кетгандик. «Қора иш» бўлса ҳам яхшигина маош тўлайдиган ишга жойлашдик. Ҳаммаси яхши кетаётган эди. Бироқ шу йилнинг 27 январь куни Аллоҳ Таоло бизнинг оиламизга синов берди. Фарзандим Жонибек оғир касалликка дучор бўлди. Бу кун менинг хотирамда энг оғир кун сифатида қолди. Душманимга ҳам раво кўрмайман.

Жонибекка оқ қон касаллиги ташхиси қўйилгач бор маблағимизни тикиб даволатишни бошладик. Дорилари жуда қиммат, даволатмасак боламиздан ажрашимиз мумкин эди. Маблағимиз тугагач, қурилиши тугалланмаган уйимизни ҳам сотишга мажбур бўлдик. Муҳими боламиз тузалса бўлди. Бир неча оғир даволаш курсларидан кейин бор пулимиз ҳам тугаб битди. Энди умидимиз Аллоҳдан.

Азиз юртдошлар! Бизга ёрдам беринг. Аллоҳ мушкулингизни осон қилсин. Қўлларингизни дуога очиб фарзандимга шифо тиланг. Мен боламни жуда ҳам яхши кўраман. Унинг яшаб кетишини истайман. Илтимос, биздан кўмагингизни дариғ тутманг». - деб бўлиб ўтган воқеаларни тушунтирди Лутфия опа.

Навбатдаги бемор Тошкент вилояти, Янгийўл туманидан келган Фарҳод Комилжоновдир. Онаси Ҳамрохон Ғофурова вазиятни батафсил тушунтиришга ҳаракат қилди. Бемор Фарҳоджон бундан бир неча йил аввал мазкур касаллик билан оғриган. Касаллиги туфайли мактабдан ҳам қолиб кетган. Оила иложини қилиб бир неча босқичда боласини даволатган. Фарҳоджон тузалиб кетган. Бироқ суйганига синовлар бергувчи Аллоҳ орадан беш йил ўтиб яна шу касалликни берган. Ҳозирда оила жуда қийин аҳволда.

Фарҳоджон спорт билан шуғулланмоқчи. Вақт ўтгач эса ҳарбий касбни танламоқчи. Муштипар она боласини барча соғлом болалардек ўйнаб-кулиб юришини истайди. Уйда таълим олаётган фарзандини тенгқурлари қатори мактабларда таҳсил олишини хоҳлайди.

Яхши инсонлар, беморларга қўлимиздан келган ёрдамимизни аямайлик. Уларнинг юраклари орзуларга тўла, ҳаётдан умидлари катта. Қалблари яхшиликка лиммо-лим. Айни вақтда, улар сахий инсонлар ёрдамига муштоқ. Уларга моддий ёрдам кўрсатайлик. Қўлдан келганча эҳсон қилайлик, дуо қилиб уларнинг умри узоқ бўлишини сўрайлик. Бир-биримизга қилган яхшиликларимиз охиратда соябон бўлади. Зеро, Аллоҳ қилинган яхши амалларнинг ажрини берувчи меҳрибон ва раҳмдил зотдир.

1) Мансурбек Садиков (бемор)

Эътибор Рустамова (онаси)

Тел: +99890 7212407

8600 0417 0676 1161 (Агробанк)

МФО: 00394

ИНН: 201200124

Нақд пул топширганда: 23116000600000394001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 23118000400000394001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000900000394001

 

2) Жонибек Ўктамов (бемор)

Лутфия Раббимова (онаси)

Тел: +99890 9734981

8600 0417 8195 1943 (Агробанк)

МФО: 00394

ИНН: 201200124

Нақд пул топширганда: 23116000600000394001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 23118000400000394001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000900000394001

 

3) Фарходжон Комилжонов (бемор)

Хамрохон Ғофурова (онаси)

Тел: +99897 4476450

8600 0417 7624 8552 (Агробанк)

МФО: 00394

ИНН: 201200124

Нақд пул топширганда: 23116000600000394001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 23118000400000394001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000900000394001

 

Зафарбек Солижонов махсус мухбир,
Шерзод Эгамбердиев оператор

Теглар

Top