8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

12:12 / 24.11.2018 17734

У, болам деб, мусофирчиликда азоб чекмоқда...

Айтишларига қараганда Аллоҳ онанинг болага меҳрини шу қадар кучли этиб яратганки, ҳатто югураётган кийик ҳам ёнида чопиб кетаётган боласини авайлаб югураркан. Она бургутлар полапонлари учун ҳар қандай ўлжани қўлга киритиш пайида бўлишаркан. Инсоният эса жигарбанди учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлади.

Ёдингизда бўлса KUN.UZ сайтида “Бир она ноумид бўлмасин, бир бола ҳаётдан баҳра олсин. Мусофирчиликда юрган она-болага ёрдам берайлик” сарлавҳаси остида хайрия мақоласи эълон қилинган эди. Унда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида истиқомат қилувчи Саитова Зулайҳо Равшановнанинг 2008 йил 15 июль куни туғилган ўғли Жўраев Улуғбек жиддий дардга йўлиққани, оқибатда ҳолсизлик бола бечорани ётқизиб қўйгани ҳақида гап кетади. Шифокорлар болага оққон касаллиги ташхисини қўйишади. 

Бугун она-бола тағин Тошкентда. Қиммат дори-дармонлар учун сарфланаётган маблағнинг бир қисми ижара учун квартирага берилади. Муборак туманининг остидан газ оқаётган бўлишига қарамай, уларнинг хонадонида табиий газ йўқ. Муштипар она шу мақсадда Тошкентга келган, қишни шу ерда ўтказмоқчи, боласини-да парвариш этмоқчи. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди.

— Ўғлим 2017 йил 2-синфни аъло баҳолар билан тугатди. Кўзларидаги қувончни кўриб ич-ичимиздан севиниб, укаларингга ўрнак бўлиб юргин дердик. Афсус, қувончимиз узоққа чўзилмади. Улуғбекнинг аҳволи кундан кунга ёмонлаша бошлади. Кўп ётадиган бўлиб, ҳолсизланиб қолди. Кейинчалик оёғи оғриб, иситмаси тушмайдиган бўлиб қолди. Лимфа безлари катталашди. Ўғлим шу даражада ҳолдан тойиб қолдики, ҳатто “аяжон, манга тегманг, бошқа юролмайман”, деб жойидан туролмай қолди.

Тошкентга келдик. Онкологияга олиб бордим. Бу ердаги шифокорлар “бу бизнинг касалимиз эмас”, деб ўғлимни МСКТ қилдиришни маслаҳат беришди. МСКТ қилдиришга олиб бордим. Шифокорлар ўғлим Улуғбекка қимирламай ётишни тушунтиришди ва уни ичкарига олиб кириб кетишди. 45-50 дақиқада чиқади дейишди. Бу вақт мен учун бир асрдек туюлди – “болам аппаратнинг ичида қандай ётибди, шунча вақт қандай нафас олади, бирор жойи оғриб қолмадимикан”, деган хаёллар билан кўз ёшим тўхтамас эди. Натижаси чиққанида ўқиб қўлларим қалтиради, онкологик касал эмаскан, деб хурсанд бўлиб қайтдим.

Гематолог маслаҳатига бориш кераклиги ёзилган эди. Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига бордик. Улуғбекдан анализ олишди. Анализ жавоби чиққунича иситмаси кўтарилиб, аҳволи оғирлашди. Шу тариқа ўғлимга 2017 йилнинг 17 август куни ўткир лимфобластли лейкоз ташхиси қўйилди.

Оққон деган ташхисни эшитганимни биламан, бутун дунё кўзимга тор бўлиб кетди. Палатага олишди. Иситмасини тушириш учун антибиотиклар қилишди. Илигидан анализ олиб Россияга юборишимиз кераклигини айтишди. У ердан ҳам шу ташхис тасдиқланиб келди. Гематология 1-болалар бўлимида 48 кун даволашди. У ерда 6 ҳафта кимётерапия қилишди, яъни орқа миясига умуртқасидан (люмбални) кимё дориларини юборишди. Кучли кимё дориларини томиридан юборишди. Бир неча бор қон тромба плазма олди. Эртаю кеч осма уколлари узилмасди. Иммунитети пастлиги учун қиммат антибиотиклар тўхтаб қолмаслиги керак эди. Аллоҳимга шукр, ўғлимнинг организми кураша бошлади. Оққон хужайралари камайиб, қон ишлаб чиқара бошлади.

Бу касаллик босқичма босқич даволанар экан. Жорий йилнинг 28 сентябрь куни кундузги бўлимга чиқарилдик. Кундузги бўлимда 3 курс муолажа олдик. Ҳар бир курс 8 ҳафталик эди. Ўғлим асосий курсларини тугатгунча анча қийналди. Кимётерапиядан ташқари аҳволини яхшилаш учун қўшимча муолажа қилиб бориларди. Албатта, бу муолажалар жуда катта маблағни талаб қиларди. Аллоҳимга шукрлар бўлсин, яхши инсонлар кўмаги билан даво муолажаларини давом эттирдик. Улардан миннатдорман. Ҳақларига доим дуодаман, — дейди Улуғбекнинг онаси.

Айни кунларда она-бола пойтахтда. Ҳозир қўллаб-қувватловчи курсда. Онанинг айтишича, Қарши шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасидаги гематология бўлимида даволанишмоқда. Уйлари шифохонагача 90 км чикади. Совуқда бориб-келишга жудаям қийналиб қолишган.

— 2 ойлик ўғлимниям бирга олиб, шифохонага бориб келаман. Яна даво муолажаларини Тошкентда давом эттирмоқчиман. Чунки ўғлимга шамоллаш мумкин эмас. Грипп каби юқумли касалликларга чалиниб қолса, кимётерапияси тўхтатилади. Даво муолажасини тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Оққон хужайралари кўпайиб кетади. Ҳозиргача 8 курс кимётерапия курсларини тугатдик. Олдинда яна 5 курс бор, — дейди Улуғбекнинг онаси Зулайҳо Саитова.

Гематология ва қон қуйиш илмий марказида даволанишяпти. Болажоннинг ҳар бир дориси фалон сўм туради. Она моддий томондан қийналиб қолган. Ўтган сафарги муолажалар учун саховатпеша инсонлар онага ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак беришган эди. Бу сафар ҳам она яхшилар кўмагига муҳтож. Келинг, мусофирчиликда юрган она ва улкан дард билан олишаётган Улуғбекка ўз ёрдамимизни берайлик, Зеро, яхшиликнинг эвазига бериладиган савобнинг даражаси жуда улуғдир.

Улуғбекка ёрдам қилиш истагида бўлганлар онаси Зулайҳо Саитова номига очилган қуйидаги пластик картага пул ўтказиб беришлари мумкин:

Click/Payme: 8600 0417 9700 3390 - Зулайҳо Саитова, онаси (Agrobank)

АТБ АГРОБАНК МУБОРАК ФИЛИАЛИ

МФО: 00187

ИНН: 200697916

Нақд пул топширганда: 23116000900000187001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 23118000700000187001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000300000187001

Телефон: +998 97 3140985

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Теглар

Top