8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

13:30 / 01.12.2018 24596

Шоира қизнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин: У навбатдаги операция арафасида

Kun.uz сайтида қашқадарёлик шоира қиз, ўсимта туфайли фалажланиб қолган, моддий томондан қийинчиликка учраган Бахтинисо Маҳмудова ҳақида хайрия мақолалари эълон қилинган эди. Ушбу хайрия акцияларида пул йиғилиб, жорий йилнинг 22 сентябридан 8 октябрга қадар Туркияда бўлган қиз, шифокорлар кўригидан ўтиб қайтди.

Маълум бўлишича, Анқара шаҳридаги “Мемориал” ва “Неорама”  клиникаларининг ҳар иккиси ҳам умидли хабар беришган. Профессорлар орқа миядаги ўсимтани ўрганишиб, бу хавфсиз тури эканини, олиб ташланганидан кейин ортиқ безовта қилмаслигини, ўсмаслигини айтишган. Аммо олиб ташланмаса, қўллар ҳаракатини тўхтатиш билан бирга, юрак қисилиши, кўзларнинг кўрмай қолиши каби хавфли асоратлар юз бераркан.

“Ҳозирда қўлларига беряпти, фалажлик юқорига қараб кетяпти, зудлик билан фалажликни тўхтатишимиз керак”, — дейди профессор Алп Аслан.

Декабрь ойида 3 босқичли (биринчисида бўйиннинг орқа томонидаги ўсимта, бу энг хавфли бўлиб тургани, иккинчиси умуртқадаги ўсимта олиб ташланади ва учинчиси қийшайган умуртқа тўғриланиб, бел қисмидаги қисилган нервлар очиб юборилади) жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим.

“Бу операциялар ҳаётий зарурат, тирик қолишимга, умрим узайишига кафолат бор, юриб кетишимга умид қиляпмиз. Профессорларга оилавий аҳволим ҳақида айтдик, улар ҳаммасини ҳисобга олиб уч босқичли операцияга 30 000 АҚШ доллари кетишини айтишди. Ҳозирда 1200 доллар “виза” картамда, 2800 доллар нақд, 12 млн сўм пластик картамда, 11 млн сўм нақд йиғилган. Шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар қўлларидан келганича менга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатишди. Қолганлардан ҳам мингдан минг розиман, улар ҳақига доимий дуодаман”, — дейди у.

Ушбу маблағлар Бахтинисонинг даволаниши учун телевидениеда узатилган хайрия кўрсатувлари, интернет сайтлардаги мақолалар, хайрия концертларидан йиғилган. Шуни таъкидлаш керакки, шоира қизнинг соғайиб кетиши учун вилоятларда хайрия дастурлари давом эттирилмоқда.

Бахтинисо 15-16 ёшларида оёқ-қўлларидаги кучсизланишни сезди, кейинчалик касаллик ривожланиб бориб, орқа умуртқада қийшайиш пайдо бўлди. Самарқанд вилояти Травматология марказида тўрт марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. 2010 йилдан у юра олмай қолди. Кейинчалик, Республика Неврохирургия марказида орқа миясида ўсимта борлиги аниқланди. Ўсимта миянинг анча ички қисмида жойлашгани сабаб, уни Ўзбекистонда олишнинг ҳозирча иложи йўқ.

“Кўп сув ичаман ҳозир, кунига 4-5 литр, лекин чанқоғим ҳеч босилмайди. Туркияда миячамдаги сув камайиб кетаётганини айтишди. Сув қуриб қолмасидан ўсимтани олиб ташлаш керак. Декабрь ойини охирги муддат, деб айтишди. Кейин эффекти камайиб кетаверар экан, операция ўз вақтида қилинмаса қўлим ишламаса ҳам кўзимнинг кўриш фаолияти сақланиб қолинаркан. Декабрда ўтса, қўлимнинг ҳозирги ҳаракати, ҳамма-ҳаммаси сақланиб, соғлом ҳаётга қайтиш имконим бўлар экан”, — дейди қиз.

Бахтинисо Маҳмудова айни кунларда Қаршидаги шифохоналардан бирида даволанмоқда. Ёшлигида ота-онаси ажрашиб кетган қиз, тоғасининг уйида, момосининг парваришида катта бўлди. Айни кунда қизнинг момоси 70 га, бобоси эса 74 га киради. Унинг бир шеърида шундай сўзлар битилган:

“Кўзларимни юмиб олдим.

бу дунёнинг

ҳасрат тўла кўзларига қарамайман,

ҳайрат тўла кўзларига қарамайман,

ҳайбат тўла кўзларига қарамайман.

Жим кетаман.

жимлик тўлган томчи бўлиб,

жондан қочиб, ўз жонига соқчи бўлиб,

бу дунёга... дилга келган совчи бўлиб

жим кетаман.

О, азизим!

сенга яна хатларим бор,

аҳдларим бор,

дардларим бор,

бахтларим бор.

ҳисобимда...

   сенга етмас вақтларим бор,

О, азизим!

Бу гул умрим, гул ҳаётим, гул юрагим

не-не гулгун шеърларимни хазон этмиш.

яна Ўзи қаддимни бир осмон этмиш.

яна Ўзи... мушкулларни осон этмиш.

Мен не дейин?”.

Қизнинг соғлом ҳаётга қайтишига озгина қолди. Унинг ўзи бундан жуда катта умидвор. Биз саховатпеша инсонлардан қизга ёрдам беришларини, уни қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз.

Бахтинисога ёрдам қилиш истагида бўлганлар қизнинг номига очилган қуйидаги пластик картага пул ўтказиб беришлари мумкин:

Click/Payme: 8600 1404 6526 8465

“Ипак Йўли” АТБ

2312 0000 3000 0111 9119

MFO: 01119

“Сбербанк”: 4276 3801 5639 0945 (Тоғаси Ўктам Баратов номида)

Телефон:   +998 91 9452793 (Бахтинисо Маҳмудова)

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

 

Теглар

Top