8378.18 USD +22.00

9518.45 EUR -63.58

126.33 RUB +1.36

10785.2 GBP +55.06

19:20 / 07.12.2018 3607

Кўнгли ярим инсонларнинг қалбига йўл — ногиронлар жамиятидагиларнинг ҳолидан хабар олинди

Жорий йилнинг ноябрь ойида Kun.uz сайти орқали «Бизнинг ваколатга кирмайди». Ногиронлар жамияти биноси хароба ҳолатида қолаверадими? сарлавҳаси остида таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги ногиронлар жамияти биноси хароба ҳолатга келиб қолгани ҳақида сўз юритилган. Мақола эълон қилингач, ўтган давр мобайнида бу ерда таъмирлаш ишлари бораётгани, ҳомийлар топилганини эшитиб, очиғи, хурсанд бўлдик.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Бутун дунё бўйлаб 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланди. Шу муносабат билан ҳомийлар томонидан берилган совғаларни имконияти чекланган инсонларга топшириш кўзланган экан. Бу жараённи кўриш баҳонасида таъмирлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишишни режа қилдик.

Жамиятнинг раҳбари Гюлтакин Мамедова билан учрашиб, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойга кириб бордик. Олиб борилаётган ишлар тафсилоти юзасидан суҳбатлашдик.

Гюлтакин Мамедова

“Сергели туман ҳокимиятидан одамлар келишди. Ёрдам берамиз, рўйхат тузиб берсангиз, шунга қараб зарур нарсаларни олиб келамиз, дейишди. Artel фирмаси томонидан газ плиталар тақдим этилди. Одамлар келиб, моддий томондан ёрдам беришди. “Ипак йўли” (собиқ “Абу Сахий”) бозоридан бир гуруҳ тадбиркорлар ёрдамларини жўнатишди. Берилган совғаларни, ёрдамларни оз дейишга мени ҳақим йўқ. Таъмирлаш ишларига икки нафар тадбиркор молиявий ёрдамлари билан бош-қош бўлмоқда. Уларни исмини ошкор қилмаслигимизни сўрашди”, —  дейди Гюлтакин Мамедова.

Жамиятдагилар билан суҳбатлашганимизда тўлақонли фаолиятини бошлаши учун бир неча масалалар ҳал этилиши лозим эканлигини айтишди. Бу масалалар газ ва электр энергияси ҳамда мебель билан боғлиқ экан. Сергели туманининг ижтимоий масалалар бўйича туман ҳоким ўринбосари бу муаммолар ҳам тез орада ҳал этилишига ваъда берди.

Мирзоҳид Хидиров

Совғаларни тарқатилиш жараёнида ижодий гуруҳимиз билан иштирок этдик. Лекин кўпчилик жамият аъзоларини бу ерда учрата оламадик. Совғалар уларнинг уйларига олиб бориб берилар экан. Ушбу ўзига хос маросимда шуни гувоҳи бўлдикки, кўнгли ярим инсонларни кўнглини кўтариш биз ўйлаганчалик мушкул иш эмас экан. Уларнинг кайфияти чоғ бўлиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва озгина эътибор кифоя қилди. Шундан сўнг, жамият аъзолари билан хайрлашдик ва келгуси ишларида зафарлар тиладик.

Баҳодир Аҳмедов

Top