8378.04 USD +3.94

9488.13 EUR +77.32

129.09 RUB +2.91

11133.6 GBP +234.69

18:00 / 18.12.2018 8986

Хайрия натижаси: Буйрак етишмовчилигига учраган ўқитувчи шифо топди

Ёдингизда бўлса сайтимизда «Опам менга ўз буйрагини бермоқчи...». Оғир хасталикка чалинган ўқитувчи хайрия кўмагига муҳтож» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди.

Тошкент тўқимачилик енгил саноат институтининг инглиз тили ўқитувчиси Авазбек Авлоқулов оғир хасталикдан шифо топиши учун хайрия ташкил қилинган эди.

Мазкур акциядан сўнг аввало ўзи таълим берган шогирдлари, ҳамкасблари, шунингдек, саховатли халқимиз имкон қадар ёрдам қўлини чўзишди ва муолажалар бошлаб юборилди. 

Ўша пайтда Авазбек мураккаб жарроҳлик амалиёти учун тайёргарлик кўриши, бу маълум бир муддат талаб этиши ҳақида хабарлар келиб турганди. Шундан сўнг у ҳақида бошқа хабар эшитмагандик.

Куни-кеча йўлимиз Тошкент тўқимачилик енгил саноат институтига тушди ва биз у ерда Авазбек Авлоқуловни учратдик. Хушхабар шуки, хайрия акцияси туфайли йиғилган пулларга Авазбек мураккаб жарроҳлик амалиётини ва узоқ муолажаларни бошдан ўтказибди. Айни вақтда у яна ўзи севган ишига қайтиб, фаолиятини давом эттиришга киришибди. 

Бизни учратган устоз дил изҳорларини айтишга изн сўради.

Mover.uz'да кўриш

Youtube'да кўриш

«Хайрия акциясида етарли маблағ йиғилгач, операция столига ётдим. Даво топишим учун опам менга ўз буйрагини берди. Жарроҳлик амалиёти ҳам муваффақиятли ўтди. Шукр, ҳозирда опамнинг ҳам, ўзимнинг ҳам аҳволим яхши. Худди янги туғилгандек бўлдик.

Шу ўринда оғир кунимда менга ёрдам қўлини чўзган институтимиз раҳбариятига, хайрияга бош қўшган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Жарроҳлик амалиёти мобайнида деярли оғриқ билмадим. Шу амалиёт сабаб сездимки, ўзимизда ҳам тиббиёт анча ривожланибди. Шифокорлар тавсияси билан уч ойлик карантиндан кейин яна ишга қайтдим. Ҳозир аввалгидан камроқ бўлса-да, яна дарсларимни бошлаб олдим.

Бошимга тушган бу мушкулотларнинг ҳам ўз ҳикмати бор, деб ўйлайман. Аллоҳ ҳаётни менга қайта бергандай бўлди. Эндиги мақсадим фарзандларимни яхши инсон қилиб тарбиялаш, имкон даражасида шогирдларимга яхши илм бериб, янгиликлар яратишдан иборат. Ҳозирда бемор инсонларга эса Аллоҳдан шифо сўрайман», – дейди Авазбек Авлоқулов.

Ҳа, биргина амал бизни яхшилар қаторига қўшади. Арзимаган ёрдам бир инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади. Жамиятни соғлом қилади. Ҳаётдан умидини узган инсон бугун ҳаётга қайтди. Бу сизу бизнинг яхшилигимиз туфайлидир. Хайрия қилган юртдошларимизга яна бир бор раҳмат!

Top