8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

12:00 / 12.03.2019 8561

Қизимга кўмак берганлар икки дунё саодатини топишсин

Ёдингизда бўлса сайтимизда 32 ёшли Лобар Алимованинг онаси Динора Мирзаева мурожаат этгани, қизининг оғир касалликдан азоб чекаётгани учун бор-будини сотиб сарфлагани, энди иложсизликдан саховатли инсонларга мурожаат қилаётгани ҳақида мақола ёритгандик.

Шундан сўнг хайрия натижасини билиш мақсадида Динора Мирзаева билан боғландик. Опа тўлқинланиб гапирди:

– Мақола чиққанидан кейин жуда кўпчилик қўнғироқ қилди, кўнглимни кўтаришди. Саховатли бир ҳамюртимиз яшаб турган уйимиздаги телевизорни ҳам сотиб дори-дармон харид қилганимизни эшитиб, телевизор кўтариб келганида кўзёшларимни тийиб тура олмадим.

– Етарли миқдорда маблағ йиғилдими?

– 20 млн сўмдан ортиқроқ маблағ йиғилди ва бу энг зарур муолажаларни ўтказиш, дори-дармонлар олиш ҳамда сўраб турилган қарзларимиздан қутулиш учун етарли бўлди. Шунча ёрдам берган юртдошларимизга каттакон раҳмат. Қизимга кўмак берганлар икки дунё саодатини топишсин! Ўзи ҳам туну-кун уларни дуо қилаяпти ва яшаш учун курашда давом этмоқда. Аммо қизимнинг хорижда ўтказиладиган таҳлиллари ва муолажалари учун маблағимиз етмайди... Яна қайта ёрдам сўрашга хижолатман.

Азиз саховатпеша юртдошлар! Кўпнинг кўмаги кўл бўлиши аллақачон ўз исботини топган. Лобарга ва онасига яна бир бор ёрдамимизни аямайлик. Умид қиламизки, бу хайриянинг дастлабки босқичида қатнаша олмаган юртдошларимиз ҳам талайгина. Уларга дарҳол ёрдамга шошилган саховатли дўстларимиз яхши ўрнак бўладилар.

Эътиборингизга дастлаб эълон қилинган мақоланинг тўлиқ шакли ва видеолавҳани тақдим қиламиз. Унда Лобарга оид барча маълумотлар бор.  

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

“Фарзандим соғайса бас!” – бир инсон яхшилар кўмагига муҳтож

Ҳеч бир сахий инсон ҳақиқий муҳтожларга қилган эҳсони туфайли камбағаллашиб кетмайди, ҳеч кимнинг яхшилиги жавобсиз қолмайди. Бу нафақат муқаддас Ислом динимизда, балки барча аҳли китоблар эътиқодида тасдиғини топган ҳақиқат. Kun.uz сайтининг муҳтарам ўқувчилари хайрия ишларида ҳамиша илғор бўлишган. Ўзгалар кўмагига зарурат сезган кўплаб юртдошларимиз умид билан ташриф буюришлари бежизга эмас.

Ижодий жамоамизга мурожаат қилган навбатдаги юртдошимизнинг мураккаб ҳолатини бевосита кузатган ҳар бир инсоннинг кўзига ёш қалқиши, қалби тўлқинланиши табиий. Динора Мирзаева аввалига босиқлик билан ҳаммасини тушунтирди, аммо суҳбатимиз жараёнида барибир кўзёшлар дарё бўлди:

– Қизим Алимова Лобар 32 ёшда. 2018 йилга қадар соғлигидан ҳеч шикоят қилган эмасди. Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларидан аҳволи бирдан ва кескин оғирлашди. Бўйнида пайдо бўлган шиш қўлтиқларига тарқалди ва кучли оғриқ бера бошлади. Аниқ диагноз аниқлангунга қадар бир ойча муддат турли текширувлардан ўтдик, даволандик. Аммо аҳвол оғирлашаверди, оғриқлар кучаяверди. Ниҳоят онкология марказида хавфли ўсма эканлиги маълум бўлди...

Ўша пайтдаги ҳолатимни Аллоҳ билади. Бу гапни эшитиб, ҳушимдан кетиб қолгандим.

Аммо шифокорлар тушкунликка тушмаслигим, фарзандим ҳаёти учун биргаликда курашиш кераклигини айтишди. Улар қизимга “Диффуз йирик В ҳужайрали лимфома” ташхиси қўйдилар ва зудлик билан даволашга киришдилар. Лобар операция қилинди, қатор химиятерапия курсларини олди. Худога минг қатла шукр, оғриқлар камайди. Ишонсангиз операциядан олдин укаси кўтариб борган қизим, операция ва қатор муолажалардан кейин бешинчи қаватдаги яшаб турган уйимизга ўзи кўтарилиб чиқди. Ҳозир ҳам анча-мунча ўрнидан туради, намозларини мустақил ўқий олади.

Албатта, кўпчилик рак деганда буткул тушкунликка тушиб, ҳаётдан умидини узиб қўяди. Аммо ўзимнинг ҳам фикрим шу, шифокорлар ҳам қизимнинг даволаниб кетиши учун имконият борлигини айтишяпти.

Ҳар бир она сингари мен ҳам фарзандимнинг бир кунлик умри учун боримни беришга тайёрман. Қизимнинг бир ўғли бор. Набирам онасига термулиб турганида юракларим пора-пора бўлади. Ўғлим опасини даволатиш учун миниб юрган машинасини сотди. Уйимиз бўлганда уйимизни сотиб, дори-дармонларга ишлатишга тайёр эдим. Аммо ўзимиз ижарада турамиз, уй жойимиз йўқ.

Сайтингизга мурожаат қилишдан олдин кўп ўйландим, ўзимнинг барча имкониятларимдан фойдаланиб бўлганимдан кейин иложим йўқлигидан мурожаат қиляпман. Азиз юртдошлар, саховатпеша инсонлар – имконингиз бўлса бизга ёрдам беринг! Саховат йўлида қилган ҳар бир сўмингиз савобини Аллоҳ кўпайтириб берсин...

Эртасига беморнинг аҳволидан хабар олиш мақсадида Лобар яшаб турган хонадонга бордик ва суҳбатида бўлдик. Бизни кутиб олган Динора опа қизининг олдида иложи борича мураккаб ҳолат бўйича камроқ гаплашишимизни, чарчатмаслигимизни илтимос қилди.

Ўринда дард билан курашиб ётган Лобарнинг сўзлари янада таъсирли бўлди:

– Кучли оғриқлар бўлди, операцияни ҳам бошдан кечирдим. Оиламдагиларни ҳам қийнаб қўйдим. Ўғлим Мустафо ҳозир бешинчи синфда ўқияпти, кўчадан келибоқ олдимга югуради. Фарзандимга қарасам, унинг умидли нигоҳларига боқсам, дардни енгишга интиламан... Аммо онамнинг, укамнинг қўли қисқалик қилиб қолди. Оқибатли инсонлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлаяпмиз.

Суҳбатимизга қўшилган Динора опа темир қурилмали деворни кўрсатди:

– Бугун дориларига пул топа олмаганимдан мана шу деворга осилиб турган, қизим зерикмаслиги учун қўйилган телевизорни ҳам сотишга мажбур бўлдим. Яна айнан қизимнинг кўз ўнгидан олиб кетишга тўғри келди. Уйдаги сотишга арзийдиган ҳамма нарсани аста-секин сотяпмиз...

Лобарга соғлик, Динора опага ва Мустафога сабр тилаб, хонадондан чиқдик ҳамда Сиз азизларга юзландик: Kun.uz сайти бундай акцияларда бир сабабчи, воситачи холос. Барча хайрияларни, ҳамма саховатни юртдошларимиз, савоб умидидаги инсонлар қиладилар. Умидимиз борки, Лобар сизларнинг атаган маблағингиз ортидан шифо топиб, ёлғиз фарзандини вояга етказади. Қизининг оғриқларидан қалби минг карра кучлироқ азоб тортаётган Динара опанинг мушкули сон бўлади.

Бунда Сиздай сахий инсонларнинг ҳам беқиёс ҳиссангиз қўшилади албатта!

Зарур маълумотлар:

Динора Мирзаева номига очилган пластик карточка:

Click/PayMe: 8600 0417 1051 9704 (Агробанк)

МФО: 00454

ИНН: 201055083

Нақд пул топширганда: 23116000800000454001

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда:

23118000600000454001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити:

23120000200000454001

Динора Мирзаеванинг телефон рақами: +99894 690-88-06

Суҳбатдош Аброр Зоҳидов,
тавсирчи Фазлиддин Абдуқодиров.

Теглар

Top