Таҳририятимизга ёрдам сўраб, кўплаб инсонлар мурожаат қилишади. Уларни эшитишга, муаммоларини ҳал қилинишига имкон қадар ҳаракат қиламиз. Чунки барчамиз шу жамият аъзосимиз. Уларнинг дард-у ташвишлари бизнинг ҳам дардимиз. Биз яшаётган шу жамиятдаги инсонлар тақдири, уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзи, қийнаб келаётган ва муаммосига ечим сўраб умид билан мурожаат қилаётган инсонлар ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Kun.uz «Орамиздаги одамлар» янги лойиҳасини бошлайди.
Орамиздаги одамлар…
Зулфия Боймуҳаммедова Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Гулобод маҳалласи 73/17 да истиқомат қилади. Бизга телефон орқали мурожаат қилган Зулфия опа зўрға ўзини таништирди. Гапиришга жуда қийналди. Зулфия опанинг таъкидлашича, ўзи инсульт, 77 ёшли онаси касал бўлиб ётиб қолган, дори-дармонга ва даволанишга эса моддий маблағи йўқ. Ҳолатни ўрганиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан Шайхонтоҳур туманига отландик. Манзилга етиб бориб, улар билан суҳбатлашдик. Вазият биз ўйлагандан аянчлироқ бўлиб кўринди. Зулфия опанинг дардига қулоқ тутдик.
Қайсидур гуноҳим учун менга берилган синов. Лекин шунисига ҳам шукур, нолимайман…
«Турмуш ўртоғим қамалган. Ўзим инсульт бўлиб қолдим. Ҳозир бир томоним ишламайди. 77 ёшли онам йиқилиб, ётоққа михланиб қолган. Дори-дармонга жуда қийналяпмиз. Баъзида рўзғорга ҳам имкон қила олмай қоламиз. Иссиқ сувимизни қарздорлик сабабли яқинда келиб узиб кетишган. 8 ёшли ўғлим мактабга бормай бизга қараяпти. Лекин шунга ҳам шукр, нолимайман. Аллоҳим суйган бандасини синов бериб синайди. Ҳар доим суйган бандаларидан бўлайлик. Ёрдам сўраш жуда оғир. Лекин шунга мажбурман. Аёл бошим билан коммунал тўловлар, рўзғор, дори-дармонларга маблағ топа олмаяпман. Яхши инсонлардан имкони етгунча ёрдам сўраб қоламан. Улар учун доим дуодаман», дейди Зулфия опа.
Тақдир синови. 77 ёшли она чорасизликдан зор-зор йиғлайди…
Зулфия опанинг 77 ёшли онаси ҳам кўз ёшларини тия олмади. Ҳаёт ташвишлари онанинг юзида ажин, сочларидаги оқликда акс этиб турибди. Аҳволи оғир бемор қизининг ҳолатини кўриб янада изтиробга тушган. Лекин кўрсатган кунига шукроналикни канда қилмайди. Қизига билдирмасликка ҳаракат қилиб ич-ичидан йиғлаяпти. Қариган чоғида бундай синовлар берганига шукр қилиб, доим қўлини дуога очади. Тинмай фарзандлари ва набиралари учун дуо қилади. Зумрад онанинг таъкидлашича, икки ўғли ҳам ўз рўзғори билан овора бўлиб, ҳозир касал қизининг қаровида.
8 ёшли Иззатилло мактабдан қолиб, онаси ва бувисига қарайди…
Мактабга бора олмай, онаси ва бувисига қараётган Иззатилло билан суҳбатлашганимизда кўз ёшларини яшира олмади. Бизнинг келганимиздан, онасининг ва бувисининг аҳволи оғирлигидан хижолат тортарди. Иззатилло ҳам мактабга боргиси, дўстлари билан ўйнагиси келишини айтиб ўтди. Онасининг айтишича, бу йил Иззатиллога мактаб учун янги кийимлар олиб беролмаган.
Беэътибор бўлмайлик!
Инсонларнинг оғирини енгил қилиш, кўнглини кўтариш одамийликнинг энг олий намуналаридандир. Инсонга бахт улашиш учун, аслида, дунёлар керак эмас. Орамиздаги одамлар тақдирига бефарқ бўлмайлик. Қўлимиздан келгунча, имкониятимиз етгунча ўз ёрдамимизни аямайлик. Уларни ёлғизлатиб қўймайлик. Қийин аҳволга тушиб қолган бу тақдирларни қўллаб-қувватлайлик. Қилган хайр-саховатингиз Ўз даргоҳида қабул бўлишини биз ҳам сўраб қоламиз. Яхшилик албатта яхшилик бўлиб қайтади. Яхшилик қилишга шошилиб яшанг, яхшилар!
Ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар учун Зулфия Боймуҳаммедованинг зарурий маълумотлари:
IPOTEKA BANK Click/PayMe: 8600 3329 7872 3074
ИНН: 2010227734
МФО: 00425
Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!
Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.
- Теглар:
- #Хайрия



