16:55 / 11.10.2019
1
11528
«Ноёб хасталик». Ўт пуфагисиз туғилган Фирдавса шошилинч операция қилиниши лозим

Хасталик. Бу оғриқли ҳолатга кўпчилик ёшини яшаб, кексайиб қолган вақтида дуч келади. Бироқ орамизда дунё юзини кўрганига кўп бўлмаган, мурғак гўдакларимиз ҳам бор. Ҳали 3 ойлик гўдак Фирдавса кам учрайдиган касаллик билан оғримоқда. У ўт пуфагисиз туғилган.

Биз ушбу қизалоқ ҳақида эшитиб у яшаётган хонадон томон йўлга чиқдик. Жажжи бемор пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшар экан. Унинг онаси Гулчеҳра Вахабова бизга ташвишларни айтиб берди.

«Фирдавса менинг биринчи фарзандим. У туғилганида ҳеч нарса билинмаганди. 24 кунлигида лабларининг атрофи кўкаришни бошлади. Биз уни неврологик касаллик деб ўйладик. Невропотологга кўрсатгани олиб борсак, тез шифохонага ётишимизни, сариғини кетмаганлигини айтди. Дори-дармонлар олдик. Ичи оқ рангда келишни бошлади. Кейин шундан билиб қолдик. 5-шифохона бизни республика педиатрия шифохонасига жўнатди. У ердаги текширувлардан сўнг "Ўт пуфаги атрезияси" ташхисини қўйиб беришди. Бу касалликни бартараф этувчи операция бизнинг мамлакатда қилинмас экан. Ҳиндистонга боришимиз керак. Унга эса бизнинг маблағимиз йўқ», – дея суҳбатдошимиз кўз ёшларини тия олмай йиғлаб юборди. Ахир, инсон ўз фарзанди касалланиб турса ва уни йўқотиш хавфи мавжуд бўлса, қандай йиғламаслик мумкин?!

«Турмуш ўртоғим билан бирга яшамай қўйганмиз. Ҳозир ҳам хабар олгани келмаяпти. Бу ишлардан аввал олдидан ўтай, деб боргандим. Эътибор бермади ҳам. Ҳозир ота-онам билан яшаяпман. Оилада ҳаммамиз ойликларга қараган ҳолатдамиз. Отамнинг "Жигули" машиналари бор. Топганлари дори-дармонга кетяпти. Махсус кашалар ичади. Туғилган вақтда роса хурсанд бўлиб, қўлимга олганимдан жуда бахтиёр эдим. Кейин шифокорлар айтганида жуда қўрқиб кетдим. Лекин ҳозир умидим йўқ эмас. Қўли очиқ инсонлардан ёрдам сўраб қоламан», – дейди Гулчеҳрахон Вахабова.

Биз бу аёл билан суҳбатлашиб даволаш қандай бўлиши билан қизиқдик. Ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик шифокорлар берган маълумотларни кўриб чиқдик. Унга кўра, Фирдавсанинг тузалиши, яъни операцияси учун 15 минг АҚШ доллари керак экан. Ҳинд мутахассисларининг айтишича, қизалоқ 3 ойлик бўлгунча, яъни шу қисқа вақт ичида керакли ишлар қилиниши лозим экан. Аммо бундай катта маблағ бу аёлда нима қилсин?!

Биз ҳолатни аниқлаштириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази Бош шифокори Абдуманноп Абдуқаюмов билан суҳбатлашдик.

“Бемор бизда ҳамма текширувлардан ўтказилган. Унга "Ўт йўллари атрезияси ва биллиар фиброз" ташхиси қўйилган. Агар бу касаллик бўйича керакли ишлар қилинмаса жигар циррозига олиб келиши мумкин. Унда ҳам даволанмаса бу бемор ўлимига олиб келади”, – дейди бош шифокор.

Ўзбек аёли. Бошига қанча қийинчилик, мушкулотлар тушмасин, аввал фарзанди учун сўрайди. Ўзи учун сўрашга келганида ийманади, хижолат бўлади. Азиз дўстлар, фарзанди учун ўзини ўтга-чўғга ураётган бу аёлга кўмак беришдан қочмайлик. Туғилибоқ дард билан юзлашган Фирдавса ҳам соғайиб кетсин!

МУХТАБАР АБИДОВА (бувиси) номига очилган пластик карточка:

Click/PayMe: 8600 3329 5859 8298 (Ипотекабанк)

Телефон рақами: +998935176454

Баҳодир Аҳмедов

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top