10:00 / 09.02.2020
7
49051
22 йиллик мантиқсиз уруш. АҚШнинг Вьетнамда йўқотганлари ҳақида

Вьетнамдаги урушда 2,6 миллион америкалик ҳарбий қатнашади, бу уруш учун АҚШ 352 миллиард доллар сарфлайди.

© Fotobank.ru/Getty Images

Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР ва АҚШ дунёнинг иккита энг қудратли давлати бўлиб қолади. Уруш тугагач ғолиб сифатида СССРнинг обрўси ниҳоятда ошиб кетади ва бу иттифоққа дунёда социализм ғоясини кенгроқ ёйишга ёрдам беради. Ўз ўрнида АҚШ ҳам қараб турмайди ва беғараз ёрдам, имтиёзли қарз бериш эвазига дўст орттиради.

Икки бир-бирига тескари ғоядан бирини қабул қилиш қийин бўлган мамлакатларда АҚШ ва СССР пачакилашиб ўтирмай бутун бошли давлатни иккига бўлиб бўлиб олишарди. Масалан, Корея яримороли ва Германияда шундай бўлганди.

Германияда ГФР АҚШ ва Ғарб дунёсининг, ГДР эса СССР таъсир доирасига тушган бўлса, Корея яриморолида Жанубий Корея Ғарб билан, Корея Халқ Демократик Республикаси (Шимолий Корея) эса социализм йўлидан кетади. Кунларнинг бирида навбат Вьетнамга келади...

Бугунги Вьетнам дунё харитасида

Вьетнамни Иккинчи жаҳон уруши вақтида Япония босиб олган, унгача эса Жанубий-шарқий Осиёдаги ушбу мамлакат Франция мустамлакаси эди. Япония Вьетнамни босиб олгач, нгуенлар сулоласининг сўнгги императори Бао Дай-де мамлакатнинг «қўғирчоқ раҳбари» этиб тайинланади.

Шаҳзода Нгуен Винь Туи, кейинчалик император Бао Дай
У 1997 йил Париждаги шифохонада ўз ажали билан ўлган

1945 йил 13 августида японлар Вьетнамдан қувилади. Коммунистик партия раҳнамоси Хо Ши Мин вақтинчалик давлат раҳбари этиб сайланади.

Коммунистлар етакчиси Хо Ши Мин, 1946 йил.
У Вьетнам уруши давом этаётган вақтда, 1969 йил сентябрида 80 ёшида ўз ажали билан вафот этган

Мамлакатда бошланган инқилоб натижасида босқинчилар қувилади, Бао Дай-денинг ҳукмронлиги тугатилади. 1945 йил 2 сентябрида Хо Ши Мин 500 минг намойишчи олдида мустақиллик декларацияси ва Вьетнам Демократик Республикаси тузилганини эълон қилади. 1946 йилда ВДР Миллий йиғини томонидан мамлакат конституцияси қабул қилинади.

1946 йил Вьетнам шимолини АҚШ кўмагига таянадиган хитойлик саркарда Чан Кайши, жанубини эса ВДРни тан олмаган Британия қўшинлари эгаллаб олади. Бу томонда Франция ҳам ўзининг собиқ мустамлакаси Вьетнамдан умидини узмаганди. Ана шундай ҳолатда чорасиз қолган Хо Ши Мин Франция билан келишувга эришади. Ушбу келишувга кўра, Вьетнам мустақилликдан воз кечади ва унга Франция таркибида кенгайтирилган мухторият берилади.

Ўша пайтда бу келишув амалга ошмайди ва урушдан қочишнинг иложи бўлмай қолади. Хо Ши Мин французлар билан келишувга эришган бўлса-да, Вьетнамда Францияга қарши кўплаб гуруҳларни бирлаштирган «Вьетнам миллий иттифоқи» ҳам тузилган эди.

Саккиз йиллик уруш

1946 йил ноябрида бутун Ҳиндихитойда французларга қарши саккиз йиллик уруш бошланади. АҚШ бу урушда Францияга ёрдам беради. 1951 йилда ВДП «Вьетнам меҳнаткашлар партияси» деб қайта номланади.

1946-54 йиллардаги Хиндихитой уруши вақтида Вьетнам

Урушни тўхтата олмаган сулҳ

1954 йил Ҳиндихитойда тинчлик ўрнатиш учун Женева келишуви имзоланади. Келишувга кўра, Франция Вьетнам, Камбожа ва Лаосни мустақил давлатлар сифатида тан олиши ва бу давлатларда демократик сайловлар ўтказилиши белгиланиши керак эди. Франция Женева шартларини бажаради, аммо бу ҳам Ҳиндихитойга тинчлик олиб келмайди. Сайловгача Вьетнам Бенхай дарёсидан иккига бўлинади.

Вьетнамнинг иккига бўлинган ҳолатдаги харитаси

Мамлакат шимолида сайловлар ўтказилади ва у ерда коммунистлар ғалаба қозонишади. Кейинроқ Шимолий Вьетнам социализм йўлидан кетишини эълон қилади ва СССР билан яқин муносабатлар ўрната бошлайди. Жанубий Вьетнамда эса сайлов ўтказилишига халақит беришади, АҚШ ёрдамида бу ерда Вьетнам Республикаси тузилади. Унинг раҳбари Нго Динь Зьем бўлади.

1955 йил 16 июлида Зьем Жанубий Вьетнамда сайлов ўтказилмаслигини ва антикоммунистик тузум ўрнатилишини маьлум қилади.

АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр Нго Динь Зьемни Вашингтон аэропортида кутиб оляпти

Хитой ва СССР ёрдами билан мамлакат шимолида коммунистлар томонидан Вьетнам Демократик Республикаси тузилгани қайта эълон қилинади. Хо Ши Мин унга раҳбар бўлади.

1959 йилда ВДР мамлакат жанубини куч билан босиб олиш учун ҳаракат бошлайди. 1960 йилда Зьем бошқарувига қарши ва коммунистларга хайрихоҳ гуруҳлар жанубда «Жанубий Вьетнамни озод қилиш миллий фронти»ни тузишади.

АҚШ Жанубий Вьетнам томонда

1961 йил Жанубий Вьетнамга АҚШ қуролли кучларига тегишли иккита вертолёт ротаси киритилади. Шундан сўнг Жанубий Вьетнам армиясига ҳарбий таълим бериш учун АҚШдан кўплаб ҳарбий мутахассислар юборилади.

Ўша пайтда Кеннеди администрацияси Жанубий Вьетнамдаги иттифоқчиларни «коммунистлар агрессиясидан сақлаб қолиш учун» АҚШ барча чораларни кўриши ҳақида баёнот беради. Шу тариқа,бутун дунё АҚШнинг Вьетнамдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганидан хабар топади.

1963 йилда АҚШ ҳукумати Жанубий Вьетнамда Зьемга қарши давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида хабар топади ва тўнтариш ташкилотчилари билан алоқа боғлайди.

Орадан бироз вақт ўтиб, тўнтариш содир этилади ва Нго Динь Зьем қўлга олиниб, эртаси куни акаси билан бирга қатл этилади. Зьемнинг ўрнига келган ҳарбий хунта сиёсий тарафдан жуда кучсиз экани ва мамлакатни бошқара олмаслиги маълум бўлади. Бунинг натижасида партизанлар янада кўпроқ ҳудудларни ўз назоратига олишади. АҚШ Жанубий Вьетнам армиясига ёрдам тариқасида тобора кўпроқ ҳарбийларини кирита бошлайди.

АҚШ денгиз-пиёда қўшинлари Вьетнам ҳудудига тушириляпти © Фото : Public domain

Жанубий Вьетнамни қўлга киритиб, мамлакатни яхлит коммунистик давлатга айлантиришни режа қилган шимолликлар ҳам қараб туришмайди ва 1964 йил жанубга 24 минглик қўшин киритилади. Ўша йили Тонкин кўрфазида АҚШ эсминеци билан Шимолий Вьетнамга тегишли катерлар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтади. Қирувчи самолётлар ёрдамга келгач, эсминец катерларни чекинишга мажбур қилади.

Бу орада 1964 йил ноябрда Линдон Жонсон АҚШнинг 36-президенти этиб сайланади (1963 йил Жон Кеннеди ўлдирилганди). АҚШ Конгресси янги сайланадиган президентга лозим бўлганда Жанубий-шарқий Осиёда ҳарбий куч ишлатиш ҳуқуқини беради.

АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон Фото: Википедия

Бу пайтга келиб, Жанубий Вьетнамда ҳолат АҚШ учун тобора ёмонлашаётганди. Маҳаллий ҳарбийлар партизанлар билан жангларда енгилаётган ва у ердаги америкалик ҳарбийлар оғир вазиятда қолаётганди. 1965 йил 7 февралда партизанлар АҚШнинг Жанубий Вьетнамдаги ҳарбий базасига ҳужум қилади. Бу воқеа АҚШ Вьетнамга катта қўшин олиб киритиши жараёнини тезлаштириб юборади. 1965 йил 2 мартдан АҚШ ҳарбий самолётлари Шимолий Вьетнамни бомбардимон қила бошлайди.

1965 йил 8 март куни АҚШ учун муҳим бўлган Дананг аэродромини ҳимоя қилиш учун иккита денгиз пиёда қўшинлари батальони Жанубий Вьетнамга жўнатилади. Шу билан АҚШ расман Вьетнам уруши иштирокчисига айланади. 1965 йил охирига келиб Жанубий Вьетнамда АҚШнинг 185 000 нафар ҳарбийси бор эди. 1968 йилда эса уларнинг сони 540 000 нафарга етади.

Вьетнам уруши АҚШ тарихидаги барча урушлар орасида энг узоқ вақт давом этганидир.
Америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлиши бўйича Фуқаролар уруши,
Иккинчи жаҳон уруши ва Биринчи жаҳон урушидан кейинги тўртинчи ўринда туради.

1965 йилдан 1969 йилгача АҚШ ҳарбийлари Жанубий Вьетнамдаги партизан гуруҳлари ва Шимолий Вьетнам қўшинларига қарши кўплаб ҳарбий амалиётларда қатнашади. Уларнинг аксарияти муаваффақиятсиз тугайди.

1967-68 йилларга келиб АҚШда бу урушга қарши бўлганлар сони сезиларли даражада ошади.

Урушга қарши намойишларда Жон Ленноннинг Give Peace a Chance қўшиғи мадҳияга айланади.

Қолаверса, урушга сарфланаётган ҳисобсиз маблағлар АҚШ иқтисодиёти учун катта зарар келтира бошлайди. 1968 йил 31 март куни президент Жонсон АҚШ аҳолисига Вьетнамда тинчлик сулҳига эришиш учун музокаралар ўтказилишини маълум қилади. Бу баёнот Жонсонга халқнинг ишончини қайтара олмайди ва 1968 йил ноябрь ойида ўтказилган президент сайловида у ютқазади. «Урушни сулҳ билан тезроқ тугатиш» режасини илгари сурган Ричард Никсон АҚШнинг 37-президенти этиб сайланади.

Ричард Никсон Фото: Википедия

1969 йил июль ойида АҚШ ҳарбийларини Вьетнамдан босқичма-босқич чиқариш ишлари бошланади. Вьетнамда қолаётган АҚШ ҳарбийлари эса жанговар ҳаракатларни давом эттираверади. 1971-72 йилларда АҚШ ҳарбийлари томонидан бир нечта йирик ҳарбий амалиёт ўтказилади, аммо уларнинг аксарияти муваффақиятсизлик билан тугайди.

1972 йил 30 март куни Шимолий Вьетнам жанубда 125 минглик армия билан кенг қамровли ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Жанубий Вьетнам армияси АҚШ ҳарбий авиацияси ёрдамида бу ҳужумни бартараф этади. Айнан ана шу йирик ҳарбий амалиётдаги муваффақиятсизлик Шимолий Вьетнам раҳбариятига АҚШ таклиф этган тинчлик сулҳи учун музокаралар бошлашга туртки бўлади.

«Париж сулҳи»

1972 йил охиригача Шимолий Вьетнам бир неча бор сулҳ музокараларини тўхтатиб қўяди. Ниҳоят 1973 йил 27 январь куни томонлар «Париж тинчлик келишуви»ни имзолашади. Аслида, бу битим имзолангунича АҚШ Жанубий Вьетнамдан қўшинларининг асосий қисмини олиб чиқиб кетиб бўлган, «атиги» 24 минг ҳарбий қолганди. «Париж сулҳи»га кўра, ўша йил 29 мартгача АҚШ Жанубий Вьетнамдан барча ҳарбийларини олиб чиқиб кетади, аммо ундан кейин яна икки йил Жанубий Вьетнамда ҳарбий ҳаракатлар давом этади.

1974-75 йилларда Шимолий Вьетнам армияси ночор аҳволда қолган Жанубий Вьетнам армисини енгиб, жанубни тўлалигича эгаллайди. 1975 йил март ойида шимолликлар Жанубий Вьетнам пойтахти Сайгон шаҳрини қўлга киритади. Пойтахт қўлдан кетгач, жанубликлар армиясининг беш нафар генерали ўз жонига қасд қилади.

Коммунистлар Сайгондаги мустақиллик саройига ўз байроғини илишади. Шу тариқа уруш Шимолий Вьетнам ғалабаси билан тугайди. Шундан сўнг шимоллик коммунистлар Жанубий Вьетнамда «катта тозалаш» ишларини ўтказишади.

АҚШ ва Жанубий Вьетнам ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилганларнинг аксарияти «қайта тарбиялаш лагерлари»га жўнатилади. Мамлакатда тинчлик ўрнатилгач кўплаб қочоқлар ўз уйларига қайтиб кела бошлайди.

Вьетнамлик қочоқлар © Fotobank.ru/Getty Images

Вьетнам урушида қатнашган давлатлар

Вьетнам урушида АҚШ ҳарбийларидан ташқари яна кўплаб давлат ҳарбийлари қатнашади. Жумладан, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия, Таиланд, Филиппин, Тайвань, Япония, Бельгия ҳарбийлари Жанубий Вьетнамга ёрдам берган. СССР, Хитой, Шимолий Корея, Мўғулистон ҳарбийлари эса Шимолий Вьетнамни қўллаган.

Лондонда Вьетнам урушига қарши намойиш. 1966 йил 29 июнь

Вьетнам урушида СССР иштироки

1965 йилда СССР ҳукумати Вьетнам Демократик Республикасига ҳарбий-техникавий ёрдам бериш ҳақида қарор қабул қилади. Вазирлар Кенгаши раиси Косигиннинг баҳо беришича, ўша пайтда Вьетнамга берилган ёрдам миқдори кунига 1,5 миллион рублни ташкил этган. АҚШ авиацияси ва СССР зенитчилари ўртасидаги илк тўқнашув 1965 йил 24 июлида содир бўлади.

Уруш тугагунча СССР Вьетнамга 95та зенит-ракеталар мажмуаси, 7,5 минг дона бошқа турдаги ракеталар, 687та танк, 316та ҳарбий самолёт етказиб беради.

Совет ҳарбий инженерлари Вьетнамда

СССРнинг Вьетнамга қилган ёрдами расмий манбаларда кўрсатилгандан кўпроқ бўлганини айтилади. Жумладан, собиқ совет офицери, Туркистон ҳарбий округида хизмат қилган ва совет армияси сафида Вьетнам урушида қатнашган америкалик журналист Марк Штернберг Вьетнам урушида СССРнинг тўртта авиадивизияси қатнашгани ҳақида ёзганди.

Вьетнам урушидаги ҳарбий жиноятлар

Вьетнам урушида барча томонлар ҳарбий жиноятларга қўл урган. Ҳар икки томон, Шимолий ва Жанубий Вьетнам ҳарбийлари ўзларини қўлламаган тинч аҳоли вакилларини, эркакларни отиб ташлаган, аёлларни зўрлаган, ҳатто болаларни ҳам аямаган. Ҳарбий жиноятларни хорижлик ҳарбийлар, шу жумладан, СССР ва АҚШ ҳарбийлари, уларнинг иттифоқчилари ҳам содир этади.

АҚШ аскари коммунистларга ёрдам берган жанублик қарияни олиб кетмоқда

Вьетнам урушидаги йўқотишлар

Жанубий Вьетнам томони бу урушда 250 минг нафар ҳарбий  йўқотади. 1 миллион нафар ҳарбий ярадор бўлади. Шимолий Вьетнам ва уни қўллаган жанублик партизан гуруҳлардан бу урушда 1 миллион нафардан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлади, тинч аҳоли вакилларидан эса жами 2 миллион нафар одам қурбон бўлган.

Вьетнам урушида АҚШнинг 2,6 миллион нафар ҳарбийcи иштирок этиб, улардан 60 минг нафари ҳалок бўлади. Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг 64 фоизи 21 ёшгача бўлган йигитлар эди. Шунингдек, мазкур урушда 303 минг нафар ҳарбий ярадор бўлган.

1953 йилдан 1975 йилгача АҚШ Вьетнамдаги ҳарбий ҳаракатларда умумий ҳисобда 168 миллиард доллар маблағ сарфлаган. Яна бир манбага кўра, АҚШ бу урушда 352 миллиард доллар пул сарфлаган, 9 минг самолёт ва вертолётларидан айрилган.

Бугунги АҚШ-Вьетнам муносабатлари

АҚШ Вьетнамдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг, 1975 йилда Вьетнамдан АҚШ элчисини қувиб юборишади. АҚШ бу ердаги элчихонасини ёпади ва ҳар икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар узилади. 1990-йилларда дунё саҳнида рўй берган ўзгаришлар ортидан ҳар икки давлат ўзаро ҳамкорликни тўхтатиб қўйиш икки тараф учун ҳам манфатли эмаслигини тушуниб етади ва ўзаро ҳамкорликни бошлаш ҳақида музокаралар ўтказа бошлайди.

1995 йилдан бошлаб икки давлат яна қайтадан дипломатик алоқалар ўрнатади, ўзаро ҳамкорлик қайта тикланади. Ўшандан бери икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб келмоқда. 2015 йил томонлар дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллигини тантанали нишонлашади. Бугунги кунда Вьетнам АҚШнинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

1995 йил, дипломатик алоқалар ўрнатилган илк йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 451 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 35 миллиард долларга етди. Бугун америкалик инвесторлар Вьетнам бозорига жадаллик билан инвестиция олиб киришда давом этмоқда. Вьетнам эса АҚШга кўплаб истеъмол товарларини етказиб бермоқда.

Бугун, ҳар икки давлат ҳам бир пайтлар бўлиб ўтган уруш ҳақида эсламайди. Аксинча, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш пайида бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top