18:53 / 22.02.2020
0
3065
«Етарлича маблағ ажратилмаётгани учун ордер беришда навбатлар юзага келмоқда» – ССВ вакили  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Мўминовнинг айтишича, ордер беришдаги муаммоларнинг энг асосийси 16 та марказга Вазирлар Маҳкамасининг 826-сонли қарорида белгиланган квота миқдорида етарли маблағ ажратилмаётганидир. Шу боис марказларга бюджет ҳисобидан даволанадиган имтиёзли тоифага кирувчи беморларни йўллашда чекловлар кузатиляпти, навбатлар ҳам ҳосил бўлмоқда. У бу ҳақда 21 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилди.

Баҳром Мўминов / Фото : Олий Мажлис Қонунчиоик Палатаси

“2019 йилда хирургия марказига тиббий хизматлар учун 30 фоиз, шошилинч хизмат учун эса 5 фоиз миқдорда маблағ ажратиш белгиланган эди. Аммо йил мобайнида 18 фоизга молиялаштирилди. Бу маблағ 1 минг 400 та ордерга етган. Фуқароларда эса 2 минг 880 та стационар ордерга эҳтиёж туғилган. Шунингдек, кардиология марказига ўтган йили тиббий хизматларга 30 фоиз, шошилинч хизмат учун 5 фоиз миқдорда давлат бюджетидан пул ажратилиши режалаштирилган. Бироқ амалда 15 фоиз молиялаштирилган. Ушбу маблағ 1 минг 439 та ордерга ишлатилган. Аҳолининг талаби эса 2 минг 448 та бўлган.

Фото : Олий Мажлис Қонунчиоик Палатаси

Қисқаси, 2019 йилда марказларнинг бирортасига ҳукумат қароридаги квоталар миқдорида давлат бюджетидан тўлиқ маблағ ажратилмаган. Ўртача молиялаштириш 8-18 фоизни ташкил қилган. Республика бўйлаб уюштирилган сайёр қабуллар ва марказларнинг вилоятларга ёрдам сифатида ўтказилган тиббий текширувларида имтиёз гуруҳига кирувчи касалликларнинг аниқланиши натижасида ордерга бўлган эҳтиёж ҳам бир неча баробарга ошган”, — дея Баҳром Мўминовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда таъкидланишича, Ўзбекистондаги 16 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилаётган имтиёзли тоифадаги беморларга бериладиган ордерларни олишга навбатлар 2019 йилга нисбатан бироз камайган. Бунинг сабаби сифатида ушбу марказлар мутахассислари йил давомида ҳудудларда қатъий график асосида юқори технологиялар ёрдамида тиббий текширув ва операциялар ўтказгани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларнинг айтишича, вилоятларга ҳам зарур замонавий технологиялар олиб кирилмоқда.

Фото : Олий Мажлис Қонунчиоик Палатаси

“2019 йил бошида 16 минг 381 нафар киши навбатда турган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил бошида 12 минг 323 тани ташкил этди. Бунинг сабаби - марказлар йил давомида ҳудудларда қатъий график асосида юқори технологиялар асосида 2 минг 569 та операция ўтказди. Маҳаллий мутахассисларга услубий амалий маслаҳатлар кўрсатиляпти. Шунингдек, вилоятларга ҳам зарур замонавий технологиялар олиб кирилмоқда.

Жорий йил якунига қадар вилоятларда марказларнинг 15 та филиалини очиш режалаштирилган. 2021-2022 йилларда эса 14 та филиал фаолияти йўлга қўйилади. Шу тариқа навбатга эҳтиёж яна камаяди”, дейди Баҳром Мўминов.

Маълум қилинишича, даволаш-профилактика муассасаларида имтиёз гуруҳларига кирувчи аҳолига даволаниш учун ордер бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2004 ва 2017 йилларда имзоланган қарорлари билан тартибга солинади.

Аввалроқ тиббиёт соҳасида имтиёзли ордерлар тарқатиш тизими тартибга солиниши хабар қилинганди.

Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига ва “ҳар бир даволанган ҳолат учун” молиялаштириш механизми тажриба-синов тарзида жорий этиладиган Сирдарё вилояти тиббиёт ташкилотларининг рўйхати тасдиқланганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йилнинг июль ойида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 17 мингга яқин бемор ордер олишни кутаётганини очиқлаганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top