16:36 / 15.04.2020
17254
“Оққонга чалинган болам билан шундай кунларда ёлғиз қолдим” – она ноласи

Kun.uz сайтида хайрия уюштиришни сўраганлар орасида оққонга чалинган беморлар салмоқли ўринни эгаллайди. Бу мураккаб касаллик узоқ давом этиши, даволаниш харажатларининг қимматлиги, махсус шифохоналарда бўлиш зарурати туфайли ҳар қандай оилани ҳам эсанкиратиб қўйиши табиий. Бугунги қаҳрамонимиз Азиза Норованинг фарзанди оққонга чалиниши билан бирга ўзининг ёлғизлиги, карантин кунларида пойтахтда кўмаксиз қолгани билан икки карра эътиборга лойиқ.

– Мен Aзиза Норова Сурхондарё вилояти Сариосиё туманиданман. Ўғлим Зубайдулло Камолиддинов 3 ёшда. 2019 йил сентябрь ойида оққон касаллигига чалиниб қолди. Узоқ текширишлардан сўнг Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига даволанишга ётдик.

Айни пайтда шифокорлар даволанишнинг 3-курсини бошлашди ва ўғлим кимё терапияларини оляпти. Дорилари қимматлиги камлик қилгандай шу кунларда айримлари топилмай ҳам қолди. Дори воситасини ўзгартиришга ҳам мажбур бўлдик, шу боис ҳар ҳафта 2 миллион сўм атрофида пул керак бўлаяпди. Бундан ташқари яна 9та даволаш босқичларини ўташимиз кераклигини ўйласам қўрқиб кетаман.

Ўзим ёлғиз аёлман, битта-ю битта фарзандим, кўзимнинг оқ-у қораси шу ўғлим. 9 май – туғилган кунини катта шаҳарда, ижара уй ёки шифохона палатасида бир оғиз ширин сўз ёки кичик совға кутиб ўтказамиз шекилли.

Оилавий шароитимиз анча оғир, шу кунда оиламизда менга ёрдам бериши мумкин бўлганлардан ҳеч ким ишламайди. Акам Россиядан ёрдам бериб турарди, лекин ҳозир уларнинг ҳам иши тўхтаб қолган. Моддий томондан ниҳоятда қийналяпман ва яхши инсонлар кўмагига жуда муҳтожман. Илтимос, ёрдам беринглар – дейди Азиза биз билан суҳбатда.

Азизлар, бугунги кунда кўпчиликнинг хайрия имкониятлари ҳам чекланиб қолгани яхши маълум. Лекин халқимиз ҳар қанча оғир вазиятда ҳам муҳтожларни ёлғиз қолдирмаган. Умид қиламизки, Азиза ва Зубайдулло ҳам Сизнинг кўмагингиз билан бу синовларни эсон-омон ортда қолдиришади.

Aзиза Норовага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0610 7748 2908 (Uzcard, Халқ банки, Азизахон Норова номида);

Сбербанк: 5336 6903 4600 7661 (акаси Санжар Кўчаров номида)

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

 

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top